Линклар

Шошилинч хабар
30 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:40

"Ўзбекистон учун ишласак бўлмасмиди?"


Ўз юртида оиласини боқишга имкон берадиган даромад топишдан маҳрум ўзбекистонликлар Россия ва бошқа давлатларда фаррошлигу ҳаммоллик қилишга мажбур бўлмоқдалар.
Ўз юртида оиласини боқишга имкон берадиган даромад топишдан маҳрум ўзбекистонликлар Россия ва бошқа давлатларда фаррошлигу ҳаммоллик қилишга мажбур бўлмоқдалар.

"Президент халқ учун президент бўлиши керакми? Халқни ўйлаб президент бўлиши керак. Халқни ўйламасдан кимни ўйлаяпти экан у?" Бу саволларни қўяётган меҳнат муҳожири Абдуғаффор ака хорижда юрган ўзбекистонлик турли таъна-дашномдан тўйганию ватанга бориб ишлаш орзусида эканини айтади.

МХХ ёшлар тўйига тўсиқ бўлди

Тошкентлик 20 ёшли Навбаҳор хорижда юрган ўзбек қочқинларидан бири билан интернет орқали танишиб, турмуш қуришга ният қилишганди. Бунга қизнинг ота-онаси рози бўлиб, тўсқинлик қилишмади. Бироқ қизнинг яқинларига кўра, ўзбек МХХси икки ёш тўйига тўсиқ бўлишди. Айни пайтда Навбаҳор ҳибсга олингани ҳақида Озодликка хабар қилишди.

- 14 ноябр куни Тошкент шаҳрида битта дўстимизнинг оиласида иккита қиз, битта онаси бор эди уйида, Нилуфар деган синглимизнинг дугонаси ҳам бўлган уйида. Уйига кириб олиб чиқиб кетишган. У қиз 15 ноябр куни эрталаб Москвага учадиган эди. Намоз ўқиб, ҳижоб ўраб юрадиган қиз эди.

Озодлик: Нима учун олиб кетишган? Ким олиб кетган?

- Шу миллий хавфсизликдан келиб олиб кетишган. Текширув, тергов қиламиз? дейишган. Шу билан чиқаришмаяпти.

Озодлик: Бир ҳафтадан ўтибди-да.

- Бир ҳафта бўлди.

Озодлик: Ҳалигача ҳеч қанақа гап-сўз йўқми?

- Йўқ. 20 ёшли қизни шу ҳолатга солишди. Иккита дугона бўлишган.

Озодлик: Улар намоз ўқишган-а?

- Ҳа, намоз ўқиб, Оллоҳни таниган қизлар, ибодатда юрган қизлар.

Озодлик: Бир ҳафтадан бери йўқ бўлса, ота-онаси суриштириб кўрмабдими?

- Ҳозир онаси билан ҳам, опаси билан ҳам связга чиқа олмаяпмиз. Уларнинг ҳам телефонларини ўчириб қўйган. Уларни ҳам олиб бориб, ўша куни қўйиб юборган. Синглисини ушлаб қолган.

Озодлик: Ўзларингиз бирор-бир нарсани гумон, тахмин қилаяпсизларми?

- У синглимиз четда қочоқ бўлиб юрган биттаси билан интернетда гаплашиб, танишишган. У қиз у ëққа турмушга чиқмоқчи эди.

Озодлик: Чет элда юрган ўзбек қочқинига, шунақами?

- Ўзбек қочқинига турмушга чиқмоқчи эди. Шу орқали ҳозир буни нима қилишган. Бизга етиб келган маълумотлар шу хабарни бераяпти.
“Ўша бола учун бу қизни олиб кириб қўйди” деган маълумот келаяпти, дейди суҳбатдош.


Ўзбек халқи хўрланмоқда

Россияда меҳнат қилаётган ўзбекистонлик Абдуғаффор ака “президент халқни ўйламасдан кимни ўйлаяпти” деган саволни қўяр экан, кейинги пайтда ўзбек халқи ҳолидан хабар олгувчи йўқ, дея нолийди.

- Ҳақиқатан жуда хўрланиб кетди халқ. Бунга энди Каримов айбдорми, бошқаси айбдорми - биз ҳам билмаймизу, энди аслида шунчалик бўлмаслиги керак-ку, тўғрими? Бизга ҳамма “давлатинг бой”, деб айтади. Ўша бой давлат ташкилотларни қуриб, одамларни иш билан таъминласа бўлмайдими? Мана мисол, Москвада ишлаб юрибмиз. Шу ишни Ўзбекистондаги уйимизда қилсак бўлмайдими? Бизда ҳаммаси уста. Ҳаммасининг қўлидан ҳамма иш келади. Мана бу ерда бировларнинг қўлида хўр бўлиб юрибди. Мана ҳозир “Россияга иммигрантлар керакми ëки йўқми?” деган передачани гапиришди. Бизнинг орқамиздан қанақа гапларни гапираяпти, энди қўяверасиз. Шунга энди иложи бормикан бизнинг ҳам халқни ўйлайдиган. Президент халқ учун президент бўлиши керакми? Халқни ўйлаб президент бўлиши керак. Халқни ўйламасдан кимни ўйлаяпти экан у? Ўйлаб қарасак, президентнинг ўрнига яна биттаси бўлса, мана президентимиз ҳозир тўйиб қолди. Оладиганини олиб, ташийдиганини ташиб олди. Қизлари ҳам, мисол, Фарғонанинг ярмини сотиб олди қизи. Қаëққа олиб кетади уни? Барибир ҳаммамизнинг борадиган жойимиз бир ярим метрлик жой. Қаëққа олиб кетаркан шунча нарсани? - дейди Россияда меҳнат қилаётган ўзбекистонлик Абдуғаффор ака.


Додимизни кимга айтамиз?

Қашқадарёнинг Китоб туманидан қўнғироқ қилган Шаҳриёр китобликлар муаммолар гирдобида қийналиб яшаётганини айтади.

- Бизнинг Қашқадарë вилояти, Китоб районида муаммолар жуда кўпайиб қолди. Президентимиз: “Халқ фаровонлиги учун ҳамма нарса муҳайë”, деб айтадилар. Бизнинг Китоб шаҳри бор, қишлоғи бор. Шаҳар аҳолиси учун ҳамма хонадонлар газлаштирилган, лекин газ йўқ. Ҳафтада тўрт кун ëнади, уч кун ўчади. Бунда райгаз бошлиғининг, туман ҳокимининг айби йўқ. Вилоят ҳокимининг ички топшириғи билан, Шаҳрисабзда асфалт заводи бор, асфалт заводи олдин мазут билан ишлар эди. Ҳозир мазут вилоятга қийинчиликка тушиб, газ Қашқадарëдан чиқади, мазут Қашқадарëдан чиқади, мазутни ишлатмасдан аҳоли учун ажратилган газни вилоят ҳокими Зайниевнинг оғзаки топшириғи билан Шаҳрисабз ва Китоб аҳолисини газдан маҳрум қилиб, асфалт заводга ҳайдайди. Ҳафтада уч кун газ асфалт заводга берилади, аҳоли уч кун овқат пишира олмайди. Айнан шу куни свет ҳам бўлмайди. Свет Шаҳрисабзда, Ғузорда ўчирилади. Аҳоли страдать қилади. На свет бор, на газ бор. Ëқай десак, солярка йўқ. Ëқилғи ҳамма ëқда муаммо. Солярка, керосин мутлоқ йўқ. Бензин энди қаҳат. Умуман топилмайди. Овқатга, нонга ўтин йўқ. Ўтин кесса, экология келиб штраф қилади. Битта дарахт кесса, айби борми-йўқми - материал қилиб судга беради. Суд ижро департаментга беради, ижро департаменти уйидаги мол-мулкини олиб чиқиб сотиб юборади. Жуда ҳам аҳоли қийналиб қолди¸ дейди китоблик шаҳриëр.


Ҳиндистонга келин бўлган ўзбеклар борми?

Россиядан қўнғироқ қилган Элмурод Кореяга келин бўлган ўзбек қизлари ҳақида Озодлик эшиттиришларини тинглаб, бошқа давлатлардаги ўзбеклар ҳаётига ҳам қизиқиш билдиради.

- Кореяга турмушга чиққан қизлар ҳақида эшиттириш қилувдинглар-ку. Яна Афғонистонга, Ҳиндистонга, Хитойга турмушга чиққан қизлар ҳақида ҳам эшиттириш қилишнинг иложи борми? Уларнинг ҳаëти тўғрисида-да. Афғонистонлик ўзбеклар ҳақида бир марта эшиттириш берган эдингизлар. Ҳиндистонда бор ўзбеклар, Хитойда бор. Ўшалар ҳақида маълумот берсангизлар¸ - дейди Элмурод.


Ўшлик ногиронларга ўнта аравача жўнатаяпмиз

Озодлик мухлислари Ўш қирғинидан жабр кўрганларга моддий ёрдам кўрсатишда давом этмоқда. Ўш қирғини кунларида жароҳат олган ва шу кунда тўшакдан туролмай ётган ўнга яқин ногирон аравачага муҳтож эканлигини ҳақида хабар қилинган эди. Бу хабарни эшитган Кореядаги бир гуруҳ саховатпеша инсонлар ўшликларга ўнта ногиронлар аравачаси жўнатишни режалаштиришмоқда.

- Биз Кореянинг Пфан шаҳриданмиз. Илгариги куни Озодликда ногиронлар коляскаси, деб айтувди-ку.

Озодлик: Ўш қирғини пайтида ногирон бўлиб қолганлар учун илтимос қилишаяпти.

- Ҳа. Мана бу ердагиларга куëвим ҳам айтган экан. “Озодликда айтди, 10 та арава керак экан”, деган эди. Бу ердаги болалар у ер-бу ерда кўришган экан. Кореядан юклар жўнатсак, машинанинг ичига солиб кетилади-да у. Бир ойда етиб боради. Ўшани айтиб қўяйлик, деб телефон қилган эдик.

Озодлик: Сизлар ҳозир жўнатмоқчимисизлар?

- Ҳа, ўзимиз жўнатамиз.

Озодлик: Нечта жўнатмоқчисизлар?

- Бу ердаги болалар 10 та жўнатайлик деган экан, ҳозир учта топишибди. Тўплаб, биратўла 10 та қилиб жўнатишади.

Озодлик: Раҳмат сизларга. Жуда ҳам яхши иш қилаяпсизлар экан.

- Иззатулла ака бошчилигида ташаббус гуруҳи бўлиб юришибди экан. Ўша куни Озодликдан эшитиб, Иззатулла акага телефон қилдим мен. “25 ёшли бола Красноярскка кетиши керак, шунга маблағ керак”, деган эди. Биз бу ëқдан ўзимизнинг бир опамизга жўнатган эдик. “Ўшани беринг”, деб айтган эдим. Адресини берган эдим, ўзимнинг опам борибди. Кеча олишди у коляскани.

Озодлик: Битта коляскани аллақачон олишди-а?

- Ҳа, кеча олишди.

Озодлик: Қолганларини энди жўнатасизлар...

- Ҳозир учта аниқ бор. Қолганлари ҳам, Худо хоҳласа, бир-икки куннинг ичида бўлиб қолади¸ - дейди Кореядаги бир гуруҳ саҳоватпеша инсонлар номидан телефон қилган аëл.

************************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 773 267 230 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!
XS
SM
MD
LG