Линклар

Шошилинч хабар
30 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:43

21-аср қуллари: Ëмғирдан қочиб¸ дўлга учраган ўзбеклар


Волгоград далаларида ишлаëтган ҳақсиз муҳожирлар.
Волгоград далаларида ишлаëтган ҳақсиз муҳожирлар.

2 декабр - Қулликка қарши халқаро кураш куни. Ўзбекистондаги “Нажот” ҳуқуқ ташкилотига кўра, шу кунларда Хоразм ва Қорақалпоғистондан иш излаб Россияга борган меҳнат муҳожирларининг 300 дан ошиғи қулликда қолмоқда; улар кўпининг ўлик-тириги ҳам номаълум.

Хоразм вилояти Ҳазорасп тумани Питнак шаҳарчасининф Шарловуқ маҳалласида яшовчи 27 яшар Ражаббой Ражабов 2007 йили Москвага иш излабч бориб қулликка тушиб қолади.

Ражаббойнинг онаси Ўғилжон Маҳмудовага кўра, айни пайтда ўғлининг қаерда, кимнинг қўлида қулликда экани ҳам номаълум.

- 2007 йил кетди Москвага ишлашга. Шу 2007 йилнинг 25 июнида болам йўқолиб қолди. Шундан буён болам йўқ. Дом-дараки йўқ. Боламни кўрган-билган ҳам йўқ. Ундан бирор бир телефон ҳам бўлмади. Россияда мажбуран қулликда ишлатадиган ҳолатлар кўп бўлади экан. Болам шуларга тушиб қолди. Кимнинг қўлида худо билади. Ўрисларнинг милицияси ёмон бўлар эмиш. Болаларни бепулга ишлатаверар экан. Билмадим. Билмадим. Ишқилиб болам йўқ, дейди кўзига ёш олиб Ўғилжон Маҳмудова.

“Нажот” инсон ҳуқуқлари ташкилоти ҳисобича, бугунги кунда Ражаббой Ражабов сингари қулликда қолаётган ўзбекистонликлар сони кўпчиликни ташкил қилади.

Мазкур ташкилот раҳбари Ҳайитбой Ёқубовнинг айтишича, шу кунларда биргина Хоразм ва Қорақалпоғистондан иш излаб борган 300 дан зиёд одам Россияда қулликда қолмоқда.

Ҳайитбой Ёқубовга кўра, яқинда “Нажот” ташкилоти россиялик ҳуқуқ фаоллари билан биргаликда бир қанча ўзбекистонликларни қулликдан озод қилишга муваффақ бўлган.

- Москванинг Новослободская метроси ёнида “Каража” деган турклар ва озарбайжонларнинг битта қурилиш фирмаси бор экан. Ўша фирмада 20 та одам қулликда экан. Улар номидан бир киши бизга илтимос билан чиқди. Уларнинг паспортларини олиб қулликда ишлатиб юрган эканлар. Саккиз ойдан буён. Шуларни қулликдан қутқариш учун Озодлик радиосининг Москвадаги мухбири Умидбекка илтимос қилдим. Кейин ҳуқуқ фаоли Баҳром Ҳамроевдан кўмак сўрадим. Улар билан ҳамкорликда ўша ердан 10 та одамни қулликдан озод қилдик. Лекин бошқа 10 тасининг масаласи билан милиция шуғулланаётган эди.

Кейин Санкт-Петербург шаҳридан тўрт кишини уйига олиб қайтдим. Бу йигитларнинг ҳаммаси хоразмлик бўлиб, бир йигитнинг қўлида қулликда экан. Кейин Нижний Новгород шаҳрида Хоразм вилоятидан 15 га яқин одам қулликдан озод бўлди. Буларни қулликда ушлаб турган одам Нижний Новгород шаҳридаги битта депутат экан. Ростов вилоятида ҳам шунақа ҳодисалар бўлди. Ҳозир ҳам Хоразм ва Қорақалпоғистонда яшовчи кишилар қулликда қолаётгани маълум. Мени ҳисоб-китобимга кўра, булар сони яъни яъни Хоразм ва Қорақолпоғистондан қулликда юрганлар сони 300 дан ошиб кетади. Мен ҳозир фақат Россияга оид рақамларни келтираяпман. Лекин Украина ва Қозоғистонда қулликда бўлган ўзбекистонликлар сони ҳам жуда кўп. Кетганига уч йил, беш йил бўлган, дейди Ҳайитбой Ёқубов.

ЎзА маълумотига кўра, биргина Қашқадарё вилоятида жорий йилнинг ўтган тўққиз ойида одам савдоси билан боғлиқ 67 та жиноий ҳолат аниқланган.

Маълум бўлишича, ўзбек мардикорлари, асосан, алдов, товламачилик ва қўрқитув йўллари орқали одам савдоси қурбонига айланаяптилар.

Ҳуқуқ фаолларига кўра, қулликка тушган ўзбек эркаклари мажбурий меҳнатга жалб қилинса, аёллар жинсий эксптутацияга дучор бўладилар.

2008 йили Ўзбекистон одам савдосига қарши халқаро конвенцияни ратификация қилди.

Ўзбекистон фуқароларини ҳимоялаш учун парламент томонидан “Одам савдосига қарши кураш тўғрисида”ги ва “Аҳоли миграцияси тўғрисида”ги қонунлар қабул қилинди.

Шунингдек, Ўзбекистонда одам савдосига қарши курашга оид 2008-2010 йилларга мўлжалланган миллий дастур ишлаб чиқилиб, Тошкент шаҳрида одам савдосидан жабр кўрганлар учун реабилитация маркази ташкил қилинмоқда.
XS
SM
MD
LG