Линклар

Шошилинч хабар
30 ноябр 2024, Тошкент вақти: 01:54

Ўзбекистон маҳкамаси қамоқхонада қийноқ йўқ дея ҳукм чиқарди


Маҳкумлар яқинлари¸ Ўзбекистон қамоқхоналаридаги қийноқлар ҳақида Озодликка бот-бот ҳикоя қилиб турадилар.
Маҳкумлар яқинлари¸ Ўзбекистон қамоқхоналаридаги қийноқлар ҳақида Озодликка бот-бот ҳикоя қилиб турадилар.

Тошкентлик Ирина Бадриддинова маҳкум ўғли Суҳроб Бадриддиновнинг турмада қийноқларга тутилаётганига норозилик билдириб, қамоқхона назоратчиларини судга берди. Аммо Яккасарой туман суди¸ қамоқхонадаги қийноқлар ҳақидаги шикоятни асоссиз деб топди.

Тошкент шаҳар Яккасарой туман судида 7 феврал куни бўлиб ўтган маҳкама тафсилотлари ҳақида Ирина Бадриддинованинг ўзи Озодликка маълум қилди.

Ирина Бадриддинова.
- Кеча суд бўлди. Судья ҳатто ишни кўриб чиқишни ҳам хоҳламади. Мен уларга қамоқхонадаги қонунбузилишлар ҳақида гапирганимда улар пинагини ҳам бузишмади. Судья менга ўғлим ёзган хатни кўрсатди. Унда ўғлим қамоқхонада ҳаммаси яхши экани, уни ҳеч ким калтакламаётгани, яхши овқат беришлари, шароитлар аъло даражада эканини ёзган. Тўғри, бу ўғлимнинг ҳуснихати, лекин хатни турма ходимлари айтиб туриб ёздиришгани аниқ. Хат жуда расмий ёзилган. Ўғлим бундай тарзда ёзмайди. Судья хатни рўкач қилиб, ишни ГУИН фойдасига ҳал қилди. Мен аминманки, суд қарори олдиндан ёзилган ва суд ҳайъати театр томошаси кўрсатишди холос, дейди Ирина Бадриддинова.

Маълум бўлишича, судда Ўзбекистон Жазони ижро этиш бош бошқармаси вакиллари ҳам иштирок этган, аввал жавобгар томоннинг келмагани боис суд икки марта бекор қилинган экан.

Ирина суд қароридан норози эканлигини, агар қамоқхонада ўғлига нисбатан қийноқлар давом этадиган бўлса, ёлғиз ўғлидан ажралиб қолиш эҳтимоли кучлигини айтади.

- Қамоқхонада ўғлимни устидан кулиб, мазах қилишган. Боламга уч размер кичик оёқ кийим беришган. Мен кўрганимда оёқлари қавариб, гўшти чиқиб кетганди. Боламнинг вазни 72 кило. Унга 50 килолик икки қоп унни кўтаришга мажбур қилишар экан. Болам мен бундай юкни кўтара олмайман деса, уни мазах қилишган, калтаклаб, қийнашган, дейди Ирина.

Oнанинг айтишича, Ўзбекистон Жазони ижро этиш бош бошқармасига Қашқадарёдаги 49 –сонли қамоқхонадаги вазият борасида жами 21 марта шикоят аризаси ёзган.

Ирина айбдорларни жазолаш ўрнига, ўғлини 5 кунга карцерга ташлашганини айтади.

- Ўтган йилнинг 20 августида боламдан аҳволи яхши экани ҳақида хат олдим. 21 август куни боламни ўлар аҳволда Қаршидан Тошкентга олиб келишди. Уни бориб кўрганимда боламни танимадим. У тирик мурда эди. У юра олмасди, ҳатто ўтиришга қийналганидан ёнбошлаб зўрға ўтирган. Жуда абгор аҳволда эди. Уни жуда қаттиқ калтаклашган, қовурғаларини синдиришган. У Сангородда тўрт ой ётди. Ўғлимни ҳалигача калтаклашмоқда. Азоблардан болам ўлиб қолади. Судланувчилар ҳам инсонку, дейди Бадриддинова.

Ирина Бадриддинова Қашқадарёдаги 49-сонли колонияга махсус комиссия жўнатиб, текшириш ўтказишни ва жиноий иш очишни, Ўзбекистон Жазони ижро этиш бош бошқармаси амалдорларини жазолашни талаб қилмоқда.

Иринанинг адвокати суд мутлақо адолатсиз ўтди¸деган фикрда.

- Суд ҳукми адолатсиз равишда чиқарилди. Иш кўрилмади ҳисоб. Судья қонунларга зид ҳаракат қилди, мутлақо объектив бўлмади. Биз суд қарорини қўлга олишимиз билан аппеляция тартибида шикоят аризаси ёзамиз. Барча суд инстанциялари, Олий судгача борамиз. Охиригача курашамиз, дейди Иринанинг адвокати.

Ирина Бадриддинова бир пайтлари Тошкент вилояти Оҳангарон туман ҳокимияти ва солиқ инспекциясида иқтисодчи бўлиб ишлаган. Ўн йил аввал Тошкентга кўчиб келиб, айни пайтда автобусда кондуктор бўлиб ишлаш орқали рўзғор тебратмоқда.

19 ёшли Суҳроб Иринанинг ёлғиз ўғли бўлиб, у 2009 йилнинг апрелида Жиноят кодексининг 164- моддаси бўйича, гуруҳ бўлиб босқинчилик қилишда айбланиб, 8 йилга озодликдан маҳрум қилинган.

Ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячилари иддаолари бўйича, мамлакат қамоқхоналарида қийноқлар мунтазам кўриниш касб этган.

Бироқ шу пайтгача турма назоратчилари устидан судга шикоят қилиш ҳолати кузатилмаган эди.
XS
SM
MD
LG