Линклар

Шошилинч хабар
29 ноябр 2024, Тошкент вақти: 23:42

Ўқишга бормаслик учун директорга 300 минг бердик


Таълим ўрнига ҳаёт сабоқларини мардикорликнинг оғир юки остида чиқараётган Ниёзбеклар мингларни ташкил қилади.
Таълим ўрнига ҳаёт сабоқларини мардикорликнинг оғир юки остида чиқараётган Ниёзбеклар мингларни ташкил қилади.

"Эркин микрофон"га қўнғироқ қилган Озодлик мухлислари жамиятнинг турли қатламлари вакилларидир. Ўзбекистон паспортини олиш ёшига етган Ниёзбек умрининг кейинги беш йилини мактабда таълим олиш ўрнига Қозоғистонда чўпонлик қилиш билан ўтказганидан ҳикоя қилади.


“Чўпонлик жонга тегди”

16 ёшли Ниёзбек болалигидан мардикорлик юкини елкасига ортган минглаб ўзбек болаларидан бири. Оиладаги иқтисодий етишмовчиликлар боис мактабни ташлаб, ота-онасига қўшилиб, мардикорликка кетганида Ниёзбек бор-йўғи 11 яшар болакай эди.

- Ўзбекистонда жиндай ишлар қийин бўлиб қолди. Ëмонлашмас энди Ўзбекистоннию, ишлар қийин бўлиб қолди, қийналадиган вақтлар бўлиб қолди. Кейин Қозоғистонга ишлагани кевордик. 4-5 йилдан бери ишлаймиз.

Озодлик: Ҳозир 16 ëшдамисиз?

- Ҳа.

Озодлик: 11 ëшингиздан мардикорликка чиқдингизми?

- Ҳа. Оилавий бўлиб, дадам, онам ишлагани чиққанмизда. Асли биз Қўқонданмиз. Бешариқ туманидан. Қозоғистонга келдикда ишлагани. Жуда қийинчилик бўлиб кетди.

Озодлик: Мактабда ўқимабсиз. Ўқишни давом эттириш ният борми?

- Худо хоҳласа автодорожний борку, ўшанда ўқимоқчиман. Ўқиб, машина минайликми деган ният бор эди.

Озодлик: Ниëзбек, ўқишга киришга билимингиз етишига ишонасизми?

- Етар энди. Билим бор Худога шукур. Гапнинг очиғини айтаверсам, мактабни битирганманку. Директор борку директор, ҳаммаси пул бўлиб кетди. Пул берганмиз.

Озодлик: Мактаб директорига нима учун пул бердингиз?

- Мана ишлагани кевордик. Директорга айтганмиз, айтмагансан деб уруш-жанжал қилиб юборди. Кейин иложи йўқ аям пул берганлар 300 минг. Шу билан менга мактабдан рухсат бериб юборди.

Озодлик: Тушунишимча, сиз мактабда ўқимаган бўлсангиз ҳам ўқиди деган ҳужжат олдингиз.

- Ҳа.

Озодлик: Лекин аслида 7-синфдан кейин ўқимадингиз.

- Шундай. Худо хоҳласа омад келиб қолар. Ишлаб юрибмизку бегона давлатда.

Озодлик: Ҳозир Қозоғистоннинг қаеридасизлар?

- Туркистон шаҳридамиз.

Озодлик: 11 ëшдан чиққан бўлсангиз, мардикорликда нима иш қилгансиз?

- Ҳозир эшитиб турган бўлсангиз, қўйларнинг овози чиқаяптими? Қўй боқаяпман.

Озодлик: Чўпонмисиз?

- Ҳа. Далада, зерикарли.

Озодлик: Нечта қўй бор энди?

- 150та бор.

Озодлик: Қийинмасми чўпонлик?

- Энди қўлдан келганча. Қишда қийин бўлмайди. Ëзса жуда ит азоби бўлиб кетади. У ëқда пахта, бу ëқда буғдой. Одам қийналадида.

Озодлик: Қўқонни соғинасизми ҳеч?

- Ҳа, соғинаман. Бир йилда бир марта бориб келиб турамиз.

Озодлик: Қачонгача чўпонликда юрмоқчисиз?

- Уйдагилар “2-3 йил ишлаб олсак” деяпти. Одам ҳам чарчади чўпонлик қилавериб. Ўзингизнинг юртингиздан қўймасин. Дала жойда дарахтдан бошқа ҳеч нарса йўқда, дейди 16 яшар Ниëзбек.

Чироқ йўқлиги болалар билимига таъсир қилаяпти

Бухоро вилояти Ғиждувон тумани Абдулҳолиқ Ғиждувоний ширкат хўжалигидан қўнғироқ қилган бир тингловчи, электр энергиясидаги узилишлардан шикоят қилади. Унга кўра, чироқ муаммоси мактаб ўқувчиларининг билим савиясига салбий таъсир кўрсатаяпти.

- Свет ўчадида кечаю кундуз. Кечқурун саккизда ëқса, тўққизда ўчиради, ўнда ëқса, ўн иккида ўчириб шу билан эрталаб соат 7да ëқади. Телевизор кўра олмайсиз, бир нарса қила олмайсиз. Ўқувчилар дарс қила олмайди. Уйингизда телевизордан бошқа электрли нарсалар керак бўлиб қоладию. Ўша вақт свет ўчади. Эрталаб мактабга бориш учун чой ичиш керак, свет йўқ. Хоҳлаган вақтида ўчириб, хоҳлаган вақтида ëқади. Пули ойма ой айтган вақтида тўлаб борилади. Телефон қилсангиз светчиларга, “Бизмас, вилоятдан қилинган” дейди. “Вилоятнинг номерини бер” десангиз, ўчириб қўяверади. Нима учун ўчирганига ҳеч қайсиниси жавоб бера олмайди. Пулини вақтида олади, дейди ғиждувонлик суҳбатдошимиз.

Озодликнинг Хитойдаги 30 йиллик мухлиси

Хитойнинг Шинжон-Уйғур мухтор вилояти Қашқар шаҳрида яшовчи 50 ёшли Маматэмин ака Озодлик радиосининг доимий мухлисларидан. Маматэмин ака миллати уйғур бўлса-да, 30 йилдан буён Озодликни тинглаб келаётганини айтиб, радио эшиттиришларимиз ҳақида ўз фикрларини билдириб, халқаро янгиликларга кўпроқ эътибор қаратишимизни сўради.

- Мен сизларнинг радиони тинглаб келаëтганимга 30 йил бўлади. Мен уйғур бўлсам ҳам, сизларнинг радиони англайман.

Озодлик: Эфиримизни тушунасиз.

- Тушунаман, тўлиқ тушунаман.

Озодлик: Шинжонда ўзбеклар кўпми?

- Ўзбеклар унча кўп эмас, лекин сизларнинг радиони тушунади.

Озодлик: Улар ҳам бизни эшитишадими?

- Эшитишади, тушунишади. Дунë хабарларини кўпроқ берсангизлар. Ҳозир ўзбек хабарини кўп берасизлар, дунë хабарини кам берасизлар.

Озодлик: Шинжондаги ўзбеклар ҳақида гапириб беринг. Қанақа яшаяпти улар?

- Ëмон эмас. Ҳар ҳолда яхши яшашаяпти. Яхши бўлмаса, бу ерда турмасдида. Ўртаҳол деса бўлади. Ëлғон гапни қилсак бўлмайди сизга энди, дейди қашқарлик суҳбатдошимиз Маматэмин ака.

***********************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз, бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 773 267 230 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!
XS
SM
MD
LG