Линклар

Шошилинч хабар
29 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:42

Ўзбекистон режимига қарши янги ташкилот тузилди


“СМС инқилоб ва Бирлашган ўзбеклар” ҳаракатининг Facebook тармоғидаги саҳифаси.
“СМС инқилоб ва Бирлашган ўзбеклар” ҳаракатининг Facebook тармоғидаги саҳифаси.

Яширин фаолият олиб боришини айтаётган ҳаракат Ўзбекистондаги режимни СМС ёрдамида ўзгартирмоқчи.


“СМС инқилоб ва Бирлашган ўзбеклар” номли янги ҳаракат facebook ижтимоий тармоғида ўз саҳифасини очиб, Ўзбекистондаги сиёсий режимни ўзгартириш ва ўзбек миллати мавқеини кўтариш учун ўзбекистонликларнинг мобил телефонларига турли даъватлар билан СМС юборишни мақсад қилгани ҳақида ёзди.

Ушбу ҳаракат Ўзбекистон режимига қарши курашда бирлашишга чақириб, Қирғизистондаги ўзбеклар тақдиридан ҳам хавотир билдиради.

“СМС инқилоб ва Бирлашган ўзбеклар” ҳаракати яқин орада 500 мингта СМС жўнатиш имкониятига эга бўлишини иддао қилмоқда.

Янги ташкилот Ўзбекистон ичкарисида ҳукумат оммавий тарзда СМСларни тўсишга ҳаракат қилаётгани ва “Бирлашган ўзбеклар” ўз СМСларини Туркиядан сунъий йўлдош орқали жўнатишни режалаштираётганликлари ҳақида ҳам ёзади.

“СМС инқилоб ва Бирлашган ўзбеклар” ўз фаолиятларида Ғарбнинг ва АҚШнинг ҳеч қандай қўли йўқлигини таъкидлайди.

Айни пайтда ўзларини оммага очиқлашни истамаётган ушбу ҳаракат раҳбарлари Португалияда яшаётгани ва Ўзбекистон ичкарисида ўзининг 24 фаоли борлигини маълум қилди.

Биз ушбу ҳаракат аъзоларининг яширин фаолият кўрсатаётгани учун улар билан боғланиш имконига эга бўлмадик.

Янги ҳаракат фаолиятидан хабардор Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Абдужалил Бойматов Озодликка “СМС инқилоб ва Бирлашган ўзбеклар” ҳақида қуйидагиларни маълум қилди.

- Булар билан мен кеча боғландим. Чат орқали гаплашдим. Улар 24 киши.

Озодлик: Нима учун улар яширин фаолият кўрсатишмоқчи?

- Тўғриси улар қўрқишаяпти. Чунки ўша намойишлар бошланмасидан олдин, бошқа нарсалар бўлмасидан олдин уларнинг қариндошларига тазйиқ бўлиши мумкин.

Озодлик: Мен буларнинг мурожаатини ўқиб чиқдим. Булар мурожаатида қўрқоқликдан қочишга даъват қилишади. Нега энди бу ëқда ўзларини ошкор қилишмаяпти?

- Энди бу қўрқув ҳақиқатан жуда сингиб кетган. Одатий ҳолга айланиб қолган. Лекин бунақа бўлиши мумкинмас.

Озодлик: Ташкилотнинг мақсади нима?

- Булар ўз номидан кўриниб турибди ўзбек мухолифатини бирлаштирмоқчи. Ҳақиқатан ўзбек мухолифати 20 йил давомида ўзаро ҳамкорлик қилиб, ҳаракатларни мувофиқлаштириб ҳаракат қилиши керак эди. Шу нарса чиқмади. Лекин шу нарсага ëшлар ташаббус кўрсатаяпти. Булар ҳамма мухолифат ҳаракатларини бирлаштирмоқчи.

Озодлик: Демак, сўзингиздан билишимча, булар ëшлар.

- Ҳа. Лекин бу табиий. Чунки Каримовнинг тизимидан энг кўп жабр тортган ëшлар.

Озодлик: Булар мухолифатни бирлаштирди дейлик. Кейинги ҳаракати нима?

- Ҳозир Ўзбекистонда Ислом Каримовга нисбатан фуқаровий бўйсунмаслик компанияси бошлаш ташаббуси илгари суриляпти. Бу компанияга масалан, бизнинг ташкилотимиз ҳам қўшилган. Ўзбекистон халқ ҳаракати бошлаб берди. Бошқа кўп ташкилотлар қўшилди. Шу қатори "СМС инқилоб ва бирлашган ўзбеклар" ҳам қўшилди. Унақа ташкилотлар жуда кўпайиб кетди.

Озодлик: Шунақа ташкилотларнинг қўзиқориндай кўпаяëтгани мақсадга мувофиқми?

- Бу ташкилотларнинг қўзиқориндай кўпайишига сабаб Ўзбекистонда мазлумлар кўп. Тазйиқлар кўп бўлганлиги учун қанча кўп одам тазйиққа учраган бўлса, шунчалик қаршилар кўпаяди. Шунинг учун ташкилотлар кўпайиб кетаяпти. Бу табиий нарса.

Озодлик: "СМС инқилоб ва бирлашган ўзбеклар" сиëсий ҳаракати Ўзбекистон ичкарисидаги фуқароларнинг мобил телефонларига СМС жўнатамиз дейишаяпти. Демак, бу маълум миқдорда маблағ дегани. Уларнинг орқасида бирор-бир ҳомий турибдими?

- Европада ҳомий бўлиши шарт эмас. Масалан, мен ҳам ишламайман. Лекин бемалол ҳаëт кечириш учун бу ерда таъминланган бўласиз.

Озодлик: Лекин СМСни Ўзбекистонга жўнатиш текин эмаску. Маълум миқдорда пул керак бунга.

- Маълум бир пулларни ҳамма ҳам иқтисод қилса, яхшилаб сарф-харажат қилса, пул орттириш мумкин.

Озодлик: Сиз айтмоқчисизки, уларнинг ҳеч қандай ҳомийси йўқ, ўзлари ҳаракат қилаяпти.

- Албатта. Масалан, биз ҳам ўзимиз ҳаракат қиламиз. Ўйлаб кўрингда, Ўзбекистонни ташлаб чиқишга мажбур бўлганмиз. Бизлар Ўзбекистонга бориб яшашни хоҳлаймиз. Биз Ўзбекистоннинг келажаги, равнақи учун курашаяпмиз. У ëшлар ҳам худди шундай. Қайтиб боролмаса. Бошқа иложи йўқ. Каримовни ағдариб кейин боришимиз мумкин.

Озодлик: Ўзларини Ўзбекистон режимига қарши, деб атаëтган ташкилотлар амалда бирор-бир иш қилишдими?

- Мана шу ташкилотлар тузилганининг ўзи, мурожаатлар қилаëтганининг ўзи қилинган ишларда. Ҳозир бутун дунë билди ўзбек мухолифати Каримовга қарши фуқаровий бўйсунмаслик эълон қилганини. Компания бошланди. Бир ойга яқин бўлиб бораяпти. Борган сари бу ҳаракатлар кучаяпти.

Озодлик: Сиз айтаëтган ташкилотлар фаолияти Ўзбекистон қонунларига тўғри келадими?

- Албатта. Биз фақат нозўравон йўл билан Каримовнинг режимига қарши курашамиз. Лекин Каримов бизга, мухолифатга нисбатан Ўзбекистон конституция ва қонунларига, халқаро конвенцияларга зид равишда бизга қарши курашаяпти. Биз фақат нозўравон йўл билан курашамиз.

Озодлик: Нозўравон, йўл деганда нима қиласизлар?

- Фақат намойишлар, тинч намойишлар. Ўзбекистон конституцияси бўйича намойишлар ҳаммаси гарантияланган. Ҳамма Ўзбекистон фуқароларининг эркинликлари кафолатланган.

Озодлик: Бу Ўзбекистонда яна бир қон тўкилишига ëки қама-қамаларнинг кўпайишига олиб келмайдими?

- Бизнинг курашимиз нозўравон кураш. Агар қон тўкиш бўлса ҳам, Каримов режими томонидан амалга оширилади.

Озодлик: Лекин барибир қон тўкиладию.

- Энди бунинг учун Каримов режими айбдор бўлади. Биз Ўзбекистонда тинч йўл билан эркин, демократик жамият тузилишини хоҳлаймиз. Эркин, демократик жамиятда коррупция жуда кам бўлади, порахўрлик кам бўлади, қашшоқликка курашиш имконияти кучаяди. Қанчалик жамият эркин бўлса, ўша жамиятга инвестиция кўпроқ келади. Инвестиция келгани бу Ўзбекистонда янги иш жойлари яратилади деганидир. Ўзбеклар иш билан таъминланади. Ўзбеклар Қозоғистон, Россияларга мардикор бўлиб бориб юрмайди,- деди Абдужалил Бойматов.
XS
SM
MD
LG