Линклар

Шошилинч хабар
29 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:29

Мулоқотнинг йўқлиги ҳам тотувлик аломати эмас


Глобал тинчлик индексида Ўзбекистон 153 давлат орасида 109 ўринга қўйилди.
Глобал тинчлик индексида Ўзбекистон 153 давлат орасида 109 ўринга қўйилди.

Глобал тинчлик индекси идораси эълон қилган маълумотга кўра, Ўзбекистонда сиëсий беқарорлик эҳтимоли катта. 25 май куни эълон қилинган ҳисоботга кўра, Ўзбекистондаги осуда ҳаëт алғов-далғовлар билан алмашиши мумкин. Ўзбекистондаги “тинчлик”ка раҳна соладиган омиллар ҳақида ўзбекистонликларнинг “Эркин микрофон” дастурига айтганлари мана булар.


Ваҳобийлар тинчлик душмани, Каримов эса тинчлик гаровидир

дейди Жиззахдан қўнғироқ қилган 18 яшар Жасурбек.

- Ваҳҳобийларку, уларга ишониб бўлмайди. Террористлар. Ҳаммаси чеккада юрган қочқинлар. Мана сизларга Юсуф Жума эслатдию улар қанақалигини. Шундан кейин ҳам ишонсизми сиз? Ўзларингга ўхшаган энг катта ҳуқуқ фаоли. Шу айтди. Чеккада юрган қочқинлар айтаяпти 8-март мумкинмас, Наврўз мумкинмас, янги йил мумкинмас, бу кофирларнинг байрами деб. Эртага вообше дабдала бўлиб кетадику бунақада. Ҳамма чеккада юрган қочқинлар террористлар. Тинчлигимизни кўра олмаяпти улар.

Озодлик: Нима учун ўшаларни тинчлигимиз душманлари деяпсиз?

- Уларга тушуниб бўлмайди. Мана кеча интервью олдиларинг. Бирор марта қонун дедими шулар? Қонун, конституция деб гапирдими? Қуръондан оятлар гапирди, Қуръонда у ëзилган, бу ëзилган. Тўғри биз мусулмонмиз, лекин биз учун Қуръон эмас қонун биринчи ўринда.

Озодлик: Қонунда икки мартадан кўп президент бўлиш мумкин эмас деб ëзилган.

- Бошқа президентлар 35-40 йиллаб ўтирибдию.

Озодлик: Қонун қаерда? Боя қонун деяëтган эдингизку.

- Қайси қонун?

Озодлик: Ўзбекистон конституцияси ва қонунлари бир кишининг икки мартадан кўп президент бўлишини тақиқлайди.

- Энди бу тинчликни ушлаб турибдику. Бошқа ҳеч қайси ушлаб тура олмайди.

Озодлик: Қонунни бузса ҳам ўша киши бўлса майли-а?

- Гап бу ерда қонун бузишда эмас. Халқ ўзи сайлаб қўйганда. Халқнинг ўзи сайлади қонун бузилишини, дейди жиззахлик суҳбатдош Жасурбек.


Ўзбекистон куч ишлатар тизимлари тинчликка раҳна солмоқда

Бу фикр соҳиби ўз исмини айтмасликни маъқул кўрди.

- Йўқ, ҳозир ҳеч қанақа тинчлик йўқ. Тинч қўймаяпти. Ҳар ойда бизларни келиб қаерда, нима контрол қилиб кетаяпти. Ота-оналаримизни анча йилдан бери тинч қўймайди булар ака.

Озодлик: Тинчликка раҳна соладиган омиллар нима деб ўйлайсиз Ўзбекистонда? Ишсизлик, қашшоқлик, порахўрлик, СНБ, прокурор.

- Бизларни асосан СНБ тинч қўймадида. Бизларни СНБ ходимлари қўймагандан кейин охири мажбур бўлдик тарк этишга Ўзбекистонни.

Озодлик: Сизнинг фикрингизча, Ўзбекистонда тинчликка нима хавф солаяпти? Кимлар хавф солаяпти?

- Энди Ўзбекистонда ҳеч қанақа терроризм нима йўқку. Ҳамма демократияни хоҳлайдику. Ҳамма ëқ порахўрлик бўлгандан кейин конечно, давлатнинг тепадагилар ҳаммаси ўзининг чўнтагини ўйлаб инсонларни ўйламасдан юришибди. Бизларга ўхшаганлар ҳаммаси четга чиқиб кетиб ташқари давлатларда яшаб юрибди. Демократия бўлгандан кейин ҳамма инсон ҳуқуқи бир хил бўлиши керак. Инсон ҳуқуқи йўқку бизларнинг Ўзбекистонда, дейди ўз исмини айтмасликни маъқул кўрган суҳбатдош.


Ишсизлик муаммоси одамларни оëққа турғизади

дейди Фарғонада иқтисод соҳасида ўқиëтган талаба.

- Ойликлар вақтида берилса, ойликларни вақтида олсак, кўпроқ бўлса, тинчлик бўлаверади. Ҳозир ҳеч қанақа нима йўқда. Тинчлик шу ишчи кучи, бекорчилик кўп. Айниқса Фарғонада бекорчи нима кўп. Завод, комбинатлар йўқ. Хоҳлаган нарсага нима бўлиб кетаяптида одамлар. Ўзимнинг фикрим. Институтда ўқийман мен. Ўзимнинг фикрим ишсизликдан бўлади ҳамма нарса. Ҳозир ишсизликдан ҳамма ўзини ҳар ëққа ураяпти. Ишсизлик, асосан ишсизлик ака, дейди фарғоналик талаба.


Сўз эркинлиги бўғилгани боис бугунги “қабристон” жимлиги узоққа чўзилмайди

дейди самарқандлик талаба Холисбек.

- Менимча, тинчликка энг хавф солаëтган нарса Ўзбекистонда демократия, сўз ва матбуот эркинлигининг йўқлигидир. Мамлакат хавфсизлигига энг жиддий хавф соладиган нарса шу деб ўйлайман ўзимча. Камбағаллик ҳам, ишсизлик ҳам албатта муҳим омиллардир. Мен демократия йўқлигини энг катта хавф деб биламан. Тўғри тинчликни ҳамма истайди. Халқ истайди. Лекин тинчликка, менимча, эркин овозларни ўчириш билан, мустақил матбуотни ўчириш билан, ҳақиқатни айтган кишиларни қамаш билан, зўрлик билан тинчликка эришиб бўлмаса керак. Норозилик ортиб бораверади бунда, дейди Холисбек.



Адолат тарозусининг бузуқлиги урушнинг хамиртурушидир

Адолатсизлик бор жамиятда тинчлик бўлмайди, дейди тошкентлик адвокат.

- Етишмовчилик ҳам бўлиши мумкин. Ноқонуний ишлар ҳам бир нима чиқариши мумкин. Мисол учун адолат тарозиси бузилса, у ҳам халққа таъсир қиладиган нарса. Амир Темур бобомизнинг гап турибди. Куч адолатдадур, дейди. Адолат бузилса, демак куч ҳам йўқоладида. Адолат тарозиси бузилиши яхши эмас. Барибир адолат тарозиси бўлиши керак. Инсонлар орасида мулоқот бўлиши керак. Лекин шу революция эмас эволюция бизга керак, дейди тошкентлик адвокат.


Мулоқотнинг йўқлиги ҳам тотувлик аломати эмас

деб гапини тугатди тошкентлик адвокат.

- Ассосан мулоқот бўлиши керакда. Ҳамманинг фикрини эшитишимиз керак. Энди келишиш керакда. Энди адвокатларнинг вазифаси, мана бизларнинг Ўзбекистонда ярашув институти бор, қандайдир келишиб, ҳамжиҳатликда, тинчлик йўли билан ҳамма нарсани ҳал қилса бўлади. Думалоқ столга ўтирилиши керак, бир-бирини эшитиш керак. Менинг фикрим шу как адвокат, как инсон сифатида. Келишув билан ҳал бўлиши керакда ҳамма нарса, дейди тошкентлик адвокат.

****************************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз, бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 773 267 230 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!
XS
SM
MD
LG