Линклар

Шошилинч хабар
29 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:32

ЖССТ уяли телефонлар хавфидан огоҳлантиради


Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти илк бор уяли телевон зарари эҳтимолларидан огоҳлантирмоқда.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти илк бор уяли телевон зарари эҳтимолларидан огоҳлантирмоқда.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти уяли телефонлар мия саратонини келтириб чиқариши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.

24 майдан 31 майгача Франциянинг Лион шаҳрида Саратон касалликларини тадқиқ қилиш халқаро агентлигининг 31 олимидан иборат ишчи гуруҳи йиғини бўлиб ўтди.

Йиғилишда радиочастоталар электромагнит тўлқинининг инсон саломатлигига зарари эҳтимоллари масаласида ўтказилган тадқиқот натижалари эълон қилинди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига кўра, тадқиқот натижаларида уяли телефонлар мия саратони касаллигини келтириб чиқариши мумкинлиги аниқланган.

"Мия саратони, мияга қон қуйилиши каби хасталиклар манбаи уяли телефонлар бўлиши эҳтимолини назардан қочирмаслик керак", дейилади ташкилот олиб борган тадқиқот ҳулосасида.

Мутахассислар хулосасига кўра, уяли телефонлардан ҳаддан ташқари кўп фойдаланиш мияда ўсманинг икки тури - глиома ва менингиомаларнинг ривожланиш хавфини ошириши мумкин.

Тадқиқот ўтказган олимларнинг аниқлашича, 10 йил давомида ҳар куни ўртача 30 дақиқадан ошиқ мобил телефон орқали суҳбатлашиш глиома ривожланиши хавфини 40 фоизга оширади.

Лекин, олимларга кўра, чўнтак телефонларининг таъсири борасида ҳали кўп нарсалар номаълум ва телефонларнинг инсон саломатлигига зарари ҳақида тўлиқ ишонч ҳосил қилиш учун қўшима тадқиқотлар олиб бориш керак бўлади.

БМТ қошидаги Халқаро телекоммуникация уюшмаси маълумотига кўра, бугунги кунда дунёда 5 миллиард уяли телефон фойдаланувчиси бор. Ўзбекистонда эса уяли телефон алоқасидан фойдаланувчилар сони 19 миллиондан ошиқ.

Ўзбекистонда кейинги пайтларда бот-бот уяли телефонлар зарари ҳақидаги фикрлар матбуот саҳифаларида учраб қолмоқда. Айниқса, болаларни уяли телефонлар зараридан сақлаш борасидаги муҳокамалар тиббиёт мутассаддилари эътиборини тортмоқда.

Ўзбекистон бош онкологи Мирзаулуғбек Охуновга кўра, мобил телефонларнинг зарари, айниқса, ёш болаларда кучли бўлиб, болаларнинг кўп вақт давомида доимий равишда фойдаланишлари оқибатида орадан йиллар ўтиб уларда мия саратони касаллигига чалиниш эҳтимоли кучли бўлиши мумкин.

- Бу борада халқаро ташкилотлар томонидан кўплаб тадқиқотлар ўтказилди. Электромагнит тўлқинларининг таъсири натижасида кейинчалик ким ёшлик пайтида кўп қўллаган бўлса уяли телефонларни кейинчалик бош мияда ўсма ҳужайралари ривожланиши мумкин деган хулоса берилган. Чарчашга олиб келади мия ҳужайраларини. Рак касали бир кунда ривожланмайдику. Рак касали ривожланиши учун, бир сантиметрга етиши учун организмда минимум 10 йил бўлиши керак. Бу қўлланилган нарсанинг интенсивностига боғлиқ. Телефон ишлаганда электромагнит тўлқинлари таъсир қилади. Телефон ишламаганда таъсир қилмайдику. Интенсивность дегани бир кунда 6 соат мобайнида телефонда гаплашган одамлар мия фаолиятида бузилишидан ташқари мия ҳужайраларида ўзгаришлар келиб чиқиши мумкин. Мисол учун интенсивность 10 соатгача борса, рак келиб чиқиш хавфи кўпроқ бўладида,- деди Мирзаулуғбек Охунов.

Кузатувларга кўра, кейинги пайтларда ўзбек ёшлари орасида мобил телефонлардан фойланиш кенг урфга айланаяпти.

Тошкентлик собиқ ўқитувчи Шавкат Бадаловга кўра, бугунги кунда шаҳар мактабларида ҳатто биринчи синф ўқувчилари ҳам мобил телефонларидан фойдаланишади.

- Оилаларнинг қатламига қараб. Бойвуччалар ҳатто биринчи синфда ўқийдиган болаларига ҳам сотка олиб берган. Ота-онасининг важи бор “болам қаердалигини мен билишим керак” деган. Шу кунларда Тошкентдаги мактабларнинг юқори синфларида камида 75 фоиз ўқувчида сотка бор. Пастки синфларда камида учдан бирида телефон бор,- деди собиқ ўқитувчи.

Шавкат Бадалов мобил телефонлари болаларнинг билим савиясига салбий таъсир қилаётганини айтиб, мактабларда ўқувчиларга уяли телефондан фойдаланишни тақиқлаш таклифини илгари суради.

Ўзбекистон бош онкологи Мирзаулуғбек Охунов ҳам бу таклифни қувватлайди. Унга кўра, болаларнинг асаб тизими, иммунитети ҳали яхши ривожланмагани боис уларга мобил телефонларнинг таъсир хавфи кучли бўлиб, Ўзбекистон мактабларида ўқувчиларнинг мобил телефонидан фойдаланишини тақиқлаш ҳақидаги қонунни қабул қилиш зарурати бор.

- Умумдавлат дастури бўйича мактаб болаларига ўзи мумкин эмас уяли телефонларни ишлатиш деган нарсани дастурга киритиш керак. Умуман мумкин эмас. Балоғат ëшига етмаганларга умуман мумкин эмас деган давлат дастури бўлса, унда бошқа гап. Мисол учун болаларнинг икки соат интернет олдида ўтириши ҳам уже нагрузкада. Икки соат интернетда ўтирса, икки соат телефонда гаплашса, уже электромагнит тўлқинлари билан обшение бўлади. Шунинг учун телефонни умуман тақиқлаш керак болаларга, мактаб ўқувчиларига айниқса. Вояга етмаган болаларга ҳам даже мумкин эмас. Простата безига ҳам таъсир қилиши мумкин. Уларда нагрузка кўпроқ бўлади. Уларда иммун статуси ўзгарадиган давр, гармонал ўзгариш кечадиган давр. Тем более ҳозир интенсивность кўпроқ бўлиб кетса, бу нагрузка. Ҳужайранинг ракка айланишининг асосий сабабларидан бири унинг доимо зарар олиши. Узоқ вақт мобайнида бир хил маромда зарар кўриш хавфли,- деди Мирзаулуғбек Охунов.

Маълум бўлишича, мамлакатдаги халқ таълими тизими мутасаддилари мобил телефонларнинг билим олиш жараёнига салбий таъсири важидан уни тақиқлаш таклифини бир неча бора ҳукумат доирасида кўтаришга ҳаракат қилишган. Бироқ айни пайтда бу ҳаркат самара берганича йўқ.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти мутахасислари мобил телефонларни тақиқлаш имконсиз эканлигини, бироқ ундан фойдаланиш маданиятини шакллантириш самара бериши мумкинлигини айтадилар.
XS
SM
MD
LG