Линклар

Шошилинч хабар
29 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:47

25 ёшли судья пора билан ушланди


Кейинги пайтларда амалдорларнинг пора билан ушланиш ҳолатлари кўпаймоқда.
Кейинги пайтларда амалдорларнинг пора билан ушланиш ҳолатлари кўпаймоқда.

Яккасарой туман фуқаровий ишлар бўйича суди судьяси Дониёр Пўлатов порахўрликда айбланиб, ҳибсга олинди.


Тошкент шаҳар Яккасарой туман фуқаровий ишлар бўйича суди судьяси 25 ёшли Дониёр Пўлатов 200 АҚШ доллари миқдорида пора олаётган пайтда Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ушланди.

Бу ҳақда ўз манбаларига таянган ҳолда хабар қилган Uzmetronom.com сайтига кўра, суд Дониёр Пўлатовни ҳибсга олиш учун санкция берган.

Тошкент шаҳар Яккасарой туман прокуратурасининг навбатчи ходими судья Дониёр Пўлатовнинг пора билан ушлангани ҳақидаги маълумотни тасдиқлади.

- Дониёр Пўлатов иши бўйича очилган жиноий иш билан Тошкент шаҳар прокуратураси шуғулланаяпти. Улардан оласиз маълумотларни,- деди Яккасарой туман прокуратурасининг навбатчи ходими.

Тошкент шаҳар прокуратурасидан бу борада бирорта маълумот олиш имкони бўлмади. У ердан “ёзма равишда мурожаат қилинг” қабилидаги одатий жавобни олдик.

Яккасарой туман фуқаровий ишлар бўйича суди ҳам Дониёр Пўлатов билан боғлиқ вазиятни изоҳлашни истамади.

Маълум бўлишича, шу кунларда Миллий хавфсизлик хизмати томонидан махсус тадбирларга тайёргарлик кўрилаётгани ҳақида судялар огоҳлантирилган. Айни огоҳлантирув айтилган куннинг ўзидаёқ Дониёр 200 долларни пора сифатида олишга жазм қилган.

Uzmetronom.com маълумотига кўра, Дониёрнинг журъатига унинг ишонган “тоғлари” сабаб бўлган, яъни унинг отаси Ўзбекистон Бош прокуратурасида нуфузли лавозимлардан бирида ишлаши айтилмоқда. Шунингдек, унинг тоғаси Баҳодир Пўлатов Тошкент шаҳридаги Шайхонтаҳур туман прокурори лавозимида ишлайди.

25 ёшли Дониёр Пўлатовнинг судья лавозимга тайинланганига эса атиги бир йил бўлган.

Кейинги ойларда мансабдор шахсларнинг пора билан ушланиш ҳолатлари кўпаётгани кузатилмоқда.

Яқинда Қўқон шаҳар ҳокимининг собиқ ўринбосари Рашид Нурматов пора олганликда айбдор деб топилиб, 10 йилга озодликдан маҳрум қилинди.

Май ойининг бошида Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматининг Самарқанд вилоят бошқармаси ходимлари Оқдарё туман прокурори Талъат Абдуҳолиқзодани 12 минг АҚШ доллари миқдорида пора олаётган пайтда ҳибсга олган эди. Ҳозирда ушбу ҳолат бўйича тергов-суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Жорий йилнинг апрел ойида Жиззах вилоят Солиқ бошқармасининг транспорт бўлими бошлиғи Ширин Абдураҳмонов ва солиқ инспектори Дилшод Маҳкамовлар ҳам пора олганликда айбдор деб топилиб, 12 ва 10 йилга озодликдан маҳрум қилинган эди.

Ўтган йил декабрида Ўзбекистон президенти Ислом Каримов 2011 йилда коррупцияга қарши кураш кучайтирилишидан огоҳлантирган эди.
XS
SM
MD
LG