Линклар

Шошилинч хабар
29 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:35

Мустақиллик менинг байрамим бўла олгани йўқ


"Байрамни ўзининг шаҳрида Тошкентда кутиб ололмаса, қанақа байрам у?" дейди Акмалжон.
"Байрамни ўзининг шаҳрида Тошкентда кутиб ололмаса, қанақа байрам у?" дейди Акмалжон.

"Эркин микрофон"га қўнғироқ қилган мустақиллик тенгдоши Акмалжон "мустақил бўлиб нима кўрдик", дея ёзғирди. Акмалжон 20 йиллик умрининг катта қисмини мардикорликда ўтказаётганини айтади.


Мустақиллик тенгдоши Акмал: Ўзбекистонда мустақиллик йўқ!

Сурхондарёнинг Қумқўрғон туманидан бўлган 20 ёшли Акмал “Ўзбекистонни ёмонламанглар” дея Кореядан “Эркин микрофон”га қўнғироқ қилган хоразмлик Рўзимбой ака фикрларига ўз муносабатини билдиради.

- Ўша хоразмлик йигит, Рўзимбой ака, Ўзбекистон яхши бўлса, ўзга мамлакатда Кореяда нима қилиб юрибди? Кимларгадир пора бериб у Кореяга кетган. Бола-чақасидан узоқда. Неча йил бўлди у бола-чақаси билан кўришмаганига? Мен ҳам Қозоғистонда юрибман. Бир йилдан бери ота-онам билан учрашганим йўқда. Рўзимбой ака “Ўзбекистондан нолиманглар. Ўзбекистонда нон кўп” деди. Агар нон кўп бўлса, яшаш яхши бўлса, ўзи Кореяда нима қилиб юрибди? Мен мустақиллик тенгдошиман. Мустақил бўлиб биз ҳеч нарса кўрмадикда. Бунақа мустақилликнинг бизга кераги йўқ эди. Мустақиллик ўзбекларнинг байрами эмас. Ўзбекларга ҳали мустақиллик бўлмаган. Байрамни ўзининг шаҳрида Тошкентда кутиб ололмаса, қанақа байрам у? Тошкентга борган одамларни дайди ит деб, дайдилар, қулваччалар деб ҳайдаб юборса, қандай байрам у,- дейди мустақиллик тенгдоши Акмал.


Болаларга хориж тилларини ўргатайлик!

Асли Қашқадарёнинг Ғузор туманидан бўлган, ҳозирда Москвада меҳнат қилаётган Анвар ака Ўзбекистондаги таълим тизимига тўхталиб, ёшларга хориж тилларини ўргатишга катта эътибор қаратиш зарур деган фикрни билдиради.

- Фақат рус тилини эмас, инглиз тилини ҳам ўргатиш керак ëшларга. Мактабларда ҳозир бепул таълим, мактаб ëшидан бошлаб таълим беришлар сал сустлашиб кетганку. Мактаб ëшларидан бошлаб ўргатилса демоқчиман.

Озодлик: Анвар ака, сиз нимага хориж тилларига эътиборни кучайтириш керак, деб ҳисоблаяпсиз?

- Бунинг айтишимнинг сабаби фикрни, дунëқарашни, тафаккурни кенгайтиради.

Озодлик: Анар ака, болаларингиз бор-а?

- Ҳа, бор. Улар ëш ҳали. Энди мактаб ëшига етган.

Озодлик: Демак, ҳали уларга тил ўргатиш бошланмаган.

- Уйда ўзимиз бошлаганмиз. Энди бизлар мана тирикчилик билан банд бўлиб юрганимиз сабабли қаердадир имконият берганига яраша ҳаракат қилиб турамиз ўргатишга. Алифболар ўргатиб, мана бу ердан Азбукалар сотиб олиб бориб берганман. Энди менинг олиб борганим кирилица, Ўзбекистонда лотинча бўлиб кетдию. Ëшларда ўшанда жуда қийналиш бўлади. Икки ëқлама кетади таълим. Жуда саëз бўлиб қолишига шу нарслар ҳам сабаб бўлдику. Давлат тилида иш юритиш йўлга қўйилгани билан кўп жойларда русча келади юқори ташкилотлардан қўлланмалар, инструкциялар. Юқори вазирликларда ҳам ҳаммаси русча инструкция бўйича. Норматив актлар ҳам, қонунчилик ҳам ҳаммаси русча юритилади. Лекин ëшларни тайëрлаш фақат лотин тилида бўлиб кетаяпти. Икки хиллик бўлиб қолаяптида. Стандарт йўқ юртимизда таълим соҳасида,- дейди ғузорлик Анвар ака.


“Бу йил олти миллион сўмдан кўпроқ ҳосил оламан”

Андижоннинг Шаҳрихон туманидан бўлган Малоҳат опа оиласи билан биргаликда 11 йилдан буён Жанубий Қозоғистоннинг Туркистон туманида деҳқончилик билан шуғулланиб келади. Малоҳат опа бу йил деҳқончиликдан мўл ҳосил олаётганидан хурсандлигини айтади.

- Бизнинг келганимизга мана 11 йил бўлдида. Қовун-тарвуз экамиз оиламиз билан.

Озодлик: Демак, сизлар деҳқончилик мавсумида келасизларда кейин кетасизлар.

- Ҳа. Март ойида келамиз, августда кетамиз уйга.

Озодлик: Келганда оила аъзоларидан неча киши келасизлар?

- Хўжайиним, икки ўғлим келади. Икки яшар қизим бор. Шу ерда ўзимиз экамизда, кейин Ўзбекистонга қайтамиз. Ўзбекистонда ер йўқ экиб бир нарса қилайлик десак. Савдо-сотиқ қилайлик десак, шароит йўқ бизда.

Озодлик: Қозоғистонда ерни сотиб оласизларми ë кимнингдир қўлида ишлайсизларми?

- Бировнинг ерига экадиган бўлсак, шерикликка экамиз. Шароитни зўр қилиб беради.

Озодлик: Яшашларингиз қаерда бўлади?

- Полянинг бошига катта қилиб жой қилиб берган. Шароит яхши. Ҳамма ëғини етарли қилиб беради.

Озодлик: Сир бўлмаса, ҳар мавсумда оилавий қанча топасизлар?

- Худонинг беришига қараб топамизда. Бу йил яхши бўлди лекин даромадларимиз. Ҳозир мана 250 тоннага яқин тарвуз сотдик. 23 тангадан сотдик.

Озодлик: Бу қанча бўлади?

- 20-30 миллионга бориб қолади. Худойим бу йил бериб турибди. Ўтган йил яхши бўлмаган. Ўтган йил ўзимизнинг пулимизга 2-3 миллион пул олиб кетганмиз.

Озодлик: 11 йил давомида энг кўп олиб кетганингиз қанча бўлган?

- 6 миллионга яқин олиб борганман.

Озодлик: Демак, бу йил ундан кўпроқ блади.

- Худойим агар нима қилиб қолса, ҳозир мана 3-4 гектар еримиз турибди. Беш гектар еримизни сотдик. Худо хоҳласа бу ëқдан яна бўлиб қолса, насибамизни оламизда, дейди Андижоннинг Шаҳрихон туманидан бўлган Малоҳат опа.

************************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз, бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 773 267 230 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!
XS
SM
MD
LG