Линклар

Шошилинч хабар
29 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:35

Зилзиладан зарар кўрганларга ëрдам йўқ


Фарғонада зилзила оқибатида камида 13 одам нобуд бўлди.
Фарғонада зилзила оқибатида камида 13 одам нобуд бўлди.

Риштон қишлоқларида зилзиладан бузилган уйларга ваъда қилинган ëрдамдан дарак йўқ¸ дейди риштонлик Қаюмжон ака.

“Ўзбек нега хор”

Россиядан қўнғироқ қилган икки ўзбек йигити - қирғизистонлик Афзалиддин ва тожикистонлик Рустам хориждаги ўзбеклар тақдирига расмий Тошкентнинг бефарқлигидан шикоят қилдилар.

“Ўзбек нега хор?”, дея савол қўяди Рустам.

- Масалан, мен Тожикистонда юрганда, мени ишга олишмайди. Чунки ўзбек эканмиз. Униси ҳам майлига. Туғилганмиз, айбдормиз. Лекин асли биз ҳам Ўзбекистоннинг тупроғидан тарқаган. Ота-бобомиз қайси йўллар билан ўтиб кетган уни билмаймиз. Тақдир, пешона у. Ўзбекистонга ўтсак, ўтдим ҳам, барибир ушлаб икки кун қамаб қўйди. Қолган нарсаларни айтиб ўтиришнинг ҳожати йўқ. Жонимдан ўтганини ўзим биламан. Биз ўзбекмиз. Нима учун ўзимизнинг юртимизга кириб, ўзимизнинг юртимиз деб биламиз, шахсан мен ўзимнинг юртим деб биламан Ўзбекистонни. Туғилмаган бўлсам ҳам ўша ерда ўқидим, катта бўлдим. Ўзбекмизу, лекин қўшиш кўпайтиришдаги ëддаги сон бўлиб қолаяпмиз. Ўшаниси алам қиларкан. Тожикистонда эмин-эркин юра олмасак, Ўзбекистонда умуман нафас ололмасак, иложсизликдан пулимиз йўқ бўлса ҳам Россияга келиб юрибмиз. Раҳмат мана шу Россия халқига. Умуман милиционерларига ҳам, халқига ҳам. Нимага? Балки сўкар, урар, лекин ҳали шу вақтгача бирорта ўрис сўккан бўлса ҳам ўзимиздаги ўзбеклар қилаëтган муомалани қилгани йўқ. Шуниси алам қилади-да. Ўзбекмизу, лекин ўз ватанимизда, ўз тупроғимизда юра олмасак. Айбимиз нима экан? Мусофир юртларда юриб одамнинг алами келиб кетаркан-да. Айниқсаб рўза ойлари аламим келиб кетаяпти. Менинг ҳам опа-сингилларим ўша ëққа тушган. Ўзбекистондан уйланганман. Чегара орқали документ билан борсам ҳам ушлаб олиб икки кун қамаб қўйишди. Ҳеч нарсадан ҳеч нарса йўқ 200 минг ўзбек пули тўлаб чиққанман. Нима учун? Сабабини билолмасдан хўрлигинг келиб йиғлагингиз келади. Ўзбекмизу, нега бунчалик оëқости бўламиз, дейди тожикистонлик Рустам.

Афзалиддин эса президент Ислом Каримовдан хориждаги ўзбеклар учун ҳеч бўлмаса Ўзбекистон чегараларини очиб қўйишини сўрайди.

- Ўзбекмиз, паспортимиз Қирғизистонда. Ўзимиз ўзбеклигимиз учун сарт деб нима қилишади. Фарғонага чиқсак, Қирғизистон фуқароси бўлганлигимиз учун бизни қандайдир менсишмайди-да. Менинг сингилларим, опаларим ҳаммаси Ўзбекистонга тушган. У ëғимиз ҳам, бу ëғимиз ҳам пост. Чегара тортиб ташлаган. Ўраб ташлашган сув қуйиб. Қирғизистонга чиқсак, “ўзбексан, сартсан” деб издеватся қилишади. Каримовда ҳам айб катта. Ўзбекистон чегарасини нима қилиб “Тўс. Ўтказма Қирғизистон фуқаросини” деяпти. Каримовнинг ўзи ўзбек, биз ҳам ўзбекмиз йўлни очиб берса бўларди. Ҳеч бўлмаса ўша ердаги чегара, ораси 5 километр ҳаммаси ўзбек ўша ерда, дейди Афзалиддин.


“Мол бозоридаги шароитни яхшилайлик”

Бухоро вилоятининг Қоракўл туманидан қўнғироқ қилган Илҳом Жўраев “Қоракўл мол бозори”даги шароитни яхшилаш таклифини илгари суради.

- Кеча мол бозорга бордик. Икки-уч соат ўша ерда бўлдим. Пачоғим чиқиб кетди. Ҳамма ëғим шалтоқ бўлди. Мол¸ одам¸ умуман фарқи йўқ-да бир-бири билан. Тиқилинч. Икки-уч соатда латта бўлиб чиқдим мен. Чангини кўрсангиз, умуман чидаб бўлмайди.

Озодлик: Мол бозорга нима учун борган эдингиз?

- Савдо қилмоқчи эдик. Қилдик ҳам савдони. Ноиложликдан икки соат бўлиб чиқдик. Куни билан юрган бечора одамлар бор.

Озодлик: Нима олдингиз сир бўлмаса?

- Бир-иккита қўй сотдим, эчки олдим битта.

Озодлик: Қанчага тушди эчки?

- 100 минглар атрофида. Айтмоқчиманки, энг расво бозор бизда экан.

Озодлик: Бизда деганингиз бу Қоракўлнинг қаеридаги бозор?

- Қоракўл марказидаги мол бозори.

Озодлик: Катта бозорми бу?

- Ҳа. Бу ëғи Олотдан келади, бу ëғи Бухородан, ҳамма жойдан келиб мана шу ерда катта бозор бўлади. Бизда энг расво, энг қолоқ бозор экан-да. Умуман одам зотининг келиб туриш иложи йўқ, лекин савдо қилиш учун шу ерга келиши керак.

Озодлик: Демак, сиз бозордаги шароитдан қониқмагансиз.

- Йўқ, умуман қониқмайман. Олдин ҳам кўп жойларга борганман.

Озодлик: Нима қилса ўша мол бозорда шароит яхши бўлади? Харидор ва сотувчилар учун нима қилиш керак?

- Харидорлар шу санитария- гигена қоидаларга риоя қилган ҳолда махсус кийимлар билан кирса, килоси, баҳоси, гўшт учунми, сут учунми қанақалиги ëзиб қўйилган бўлса. Нархи мана бундай деб ëзиб қўйса, тортишиш бўлмаса у ерда. Одамлар келсада, хоҳлага нарсасини олиб кетса, дейди қоракўллик суҳбатдош.


“Зилзиладан шикастланган уйлар учун ҳеч қандай ёрдам йўқ”

Фарғона вилоятининг Риштон туманидан Қаюмжон ака билан суҳбатимиз “20 июл кунги зилзиладан шикастланган уй эгаларига маҳаллий хокимликлар томонидан кўмак берилаяптими ёки йўқ” деган мавзуда бўлди.

- Бизнинг ўзимизнинг кўчада юрганимизда тўрттасини кўрдик. Биттасининг айвони, биттасининг ошхонаси, шунақа бўлиб уйлар шикастланган анча. Давлат томонидан ҳеч қанақа ëрдам йўқ. Ҳозиргача бирорта одамга ëрдам тўғрисида гап-сўз эшитганимиз йўқ.

Озодлик: Ўзбекистон матбуоти “Камолот ëшлар ташкилотининг “Бунëдкор” отряди Фарғонада қулаган уйлардан 150тасини тиклаб берди” деб ëзаяпти. Риштонга ҳам келишдими “Бунëдкор” отрядининг аъзолари?

- Тиклаб бермагандир, тиклаб бермоқчидир хаëлларида ҳозирча. Уни билмадим. Риштонга келганини биров кўрдим ҳам демади, мен ўзим ҳам кўрганим йўқ, эшитганим йўқ.

Озодлик: Ўзингизнинг уйингиз шикастланмадими?

- Бизнинг уй шикастлангани йўғу¸ ҳар ҳолда деворлар ëрилган.

Озодлик: Лекин жиддий зарар йўқ.

- Қаттиқ, жиддий зарар йўқ.

Озодлик: Зилзила натижасида 13 одам ҳалок бўлган. Сизнинг ҳамқишлоқлар орасида ҳам бўлдими шунақа ҳолат?

- Бизнинг ҳамқишлоқлар ичида йўқ. Қўшни қишлоқларда бўлибди.

Озодлик: Ўша оилаларга ҳукумат тарафидан ëрдам берилганми?

- Ҳукумат томонидан нима ëрдам берилганини мен эшитганим йўқ. Уйи йиқилганларни рўйхатга олиб, ëзиб-ëзиб чиқиб кетишибди. Лекин ҳеч қанақа ëрдам тўғрисида гап йўқ дейишди, дейди риштонлик Қаюмжон ака.

***************************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз, бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 773 267 230 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!
XS
SM
MD
LG