Линклар

Шошилинч хабар
29 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:34

Олмалиқ собиқ ҳокими қотиллик қурбони бўлди


1 август куни Олмалиқ шаҳар собиқ хокими Абдурашид Зокиров мурдаси Бўстонлиқдаги кўприк тагидан топилди.

Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги дам олиш масканларидан бири ҳудудидан Олмалиқ шаҳрининг собиқ хокими, 42 ёшли Абдурашид Зокировнинг ёқиб юборилган жасади сувдан топилди.

Бу маълумотни Тошкент вилоят Ички ишлар бошқармаси ходимлари ҳам тасдиқлади.

Тошкент вилояти ҳуқуқ-тартибот идораларидаги ишончли манбанинг исми-шарифи ошкор бўлмаслик шарти билан Озодликка айтишича, қотиллик жорий йилнинг 1 август куни Бўстонлиқ тумани Қушқўрғон қишлоғи ҳудудида содир этилган.

- 1 август куни бўлган бу қотиллик. Абдурашид Абдусатторович Зокировнинг жасади 1 август куни тахминан соат 12.40ларда Бўстонлиқ тумани Қушқўрғон қишлоғи ҳудудидан ўтган Чорвоқ-Тошкент йўлининг 15-16-чақиримида жойлашган катта ариқ кўприги тагидан топилган. Унинг жасадида жуда кўплаб қотиллик аломатлари топилган. Тергов жараёнида аниқланишича, у аввал бўғиб ўлдирилган. Кейин оёқ-қўлини арқон билан боғлаб, устига бензин қуйиб ёқиб юборишган. Ёқилган мурдани эса сувга ташлашган, деди Тошкент вилояти ҳуқуқ-тартибот идораларидаги ишончли манба.

Абдурашид Зокировнинг ўлими юзасидан очилган жиноий ишни Тошкент вилоят прокуратураси ходимлари ўрганаяпти. Ушбу идорадан қотиллик мотивлари борасида бирор бир маълумот олишнинг имкони бўлмади.

Uzmetronom.com сайти маълумотига кўра, собиқ ҳокимнинг ўлимига унинг қиморга ишқибозлиги сабаб бўлган бўлиши мумкин.

“Айрим маълумотларга кўра, марҳум шаҳар ҳокими лавозимида ишлаган пайтларидаёқ қимор ўйинларига ишқибозлиги билан танилган. У Россиянинг Москва ва бошқа шаҳарларидаги қиморхоналарга тез-тез бориб турган" деб ёзади Uzmetronom.com сайт.

Сайтнинг ўз манбаларига таяниб хабар қилишича, Абдурашид Зокировнинг қиморга бой берган пулни вақтида қайтармагани қотилликка сабаб бўлган бўлиши мумкин.

Айни пайтда Абдурашид Зокиров ҳайдовчисининг қотилликда гумонланиб ҳибсга олингани айтилмоқда.

Олмалиқ шахар ҳокимлигидан олинган маълумотга кўра, Абдурашид Зокиров икки йил аввал шаҳар ҳокими лавозимида ишлаган.

Асли Бўстонлиқ туманидан бўлган Абдурашид Зокировнинг кейинги пайтда қаерда ишлагани ҳақида ҳозирча аниқ маълумот йўқ.
XS
SM
MD
LG