Линклар

Шошилинч хабар
29 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:34

Қозоқ ҳибсхонасидаги ўзбек қочқини очлик эълон қилди


Ғарбий Қозоғистонда ҳибсда ушлаб турилган Собиржон Носиров.
Ғарбий Қозоғистонда ҳибсда ушлаб турилган Собиржон Носиров.

Ўзбекистон сўрови билан Қозоғистонда ҳибсга олинган ўзбек қочқини Собиржон Носиров тўрт кундирки очлик акциясини давом эттираяпти.


Ғарбий Қозоғистоннинг Уралск шаҳрида бир ойдан буён ҳибсда ушлаб турилган қўқонлик 39 ёшли Собиржон Носиров 20 август куни очлик эълон қилди.

Бу ҳақда Носиров яқинларига таяниб хабар қилган “Андижон - Адолат ва Тикланиш” ташкилоти матбуот котиби Омонулло Мақсудовга кўра, Собиржон Носиров ўз айбсизлигини исботлаш учун очлик акциясини давом эттираяпти.

- Биздаги хабарга кўра, Носиров Собиржон 20 августдан бери очлик эълон қилган. Тўрт кун бўлаяпти. Яқинларига кўра, у кишининг аҳволи анча қийинлашган. У ўзига қўйилган айбларни умуман тан олмаяпти. “Қўйилган айблар туҳмат” деб билаяпти. Бу нарсани тасдиқловчи ҳужжатлар ҳам у кишида бор экан. Бизнинг қўлимизда Ўзбекистондан олинган справка ҳам бор, у кишининг қидирувда бўлмаганлиги ҳақида. Шундан келиб чиқиб ҳибсга олингани асоссизлигини тасдиқлаш мақсадида очлик эълон қилган, дейди Омонулло Мақсудов.

2007 йили Қўқон ИИБ томонидан Собиржон Носировнинг қидирувда эмаслиги ҳақида берилган маълумотнома
Носиров ҳимояси билан шуғулланаётган уралсклик Павел Качетковга кўра, Собиржон Носировнинг очлик эълон қилишига унинг ўз адвокати билан учрашишига рухсат берилмаётгани ҳам сабаб бўлган.

- У олдига ҳеч кимни, ҳатто адвокатни ҳам қўйишмаëтгани учун ҳам очлик эълон қилди. Бир ойдан буён адвокатнинг Носиров билан учрашишига рухсат берилмаяпти. Ҳатто адвокат ҳужжатлар билан танишиш ҳуқуқига ҳам эга бўла олмаяпти. Собиржон Носиров учун Ўзбекистон томонининг экстрадиция сўрови билан уни ҳибсга олиш қарори, прокурор санкцияси ва айблов хулосаси бўлиши керак. Бу ҳужжатларнинг бирортасини адвокатга кўрсатишмади. Шунинг учун ҳам Собиржон очлик эълон қилди, дейди уралсклик ҳуқуқ ҳимоячиси.

Павел Качетковга кўра, 23 август куни Собиржон Носировнинг ҳибсда ушлаб туриш муддати тугаган ва эндиликда у экстрадиция қилиниш хавфи остида қолган.

- Бугун уни ҳибсда ушлаб туриш муддати тугади. Энди бу муддатни узайтиришлари ёки уни қўйиб юборишлари мумкин. Лекин уни Ўзбекистонга экстрадиция қилиш эҳтимоли кучилигича қолади, дейди Павел Качатков.

“Андижон - Адолат ва Тикланиш” ташкилоти фаоли Омонулло Мақсудов¸ Собиржон Носиров Ўзбекистонга топширилган тақдирда, уни адолатсиз судлов ва қийноқлар кутаётганини айтади.

- Агар Қозоғистон Ўзбекистон билан келишиб, у кишини бериб юборадиган бўлса, айбсиз одамни у ерда мажбурлаб, қийноқлар билан барибир айбини бўйнига қўйишади. У киши анча қийин аҳволда қолади. У ерда ўзини оқлашга имконияти ҳам бўлмайди. У ерда одил суд деган нарсанинг иложи йўқ. Шунинг учун у кишини у ерда қийноқлар ва адолатсиз суд кутиб тургани аниқ, дейди Омоннулло Мақсудов.

Ўзбекистон томонидан сиёсий ва диний айбловлар билан айбланаётган 39 ёшли Собиржон Носиров 24 июл куни Россиядан Қозоғистонга ўтган пайти Уралск ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ҳибсга олинган.

Павел Качетковнинг Озодликка айтишича, Собиржон Носиров Ўзбекистон Жиноят кодексининг 155-моддаси (Терроризм), 159-моддаси (Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш), 244/1-моддаси (Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш ёки тарқатиш), 244/2-моддаси (Диний эстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш) бўйича айбланган.

Аммо 2007 йилнинг 7 декабрида Фарғона вилоят Қўқон шаҳар ИИБ бошлиғи полковник Собиров имзоси билан тасдиқланган маълумотномада Собиржон Носировнинг қидирувда эмаслиги қайд қилинган.

Қозоғистон жорий йилнинг 9 июн куни 29 ўзбек қочқинини Ўзбекистонга экстрадиция қилган эди.

Ўтган йили ҳам расмий Остона тўрт нафар ўзбек қочқинини Ўзбекистон ихтиёрига топширган эди.

Айни пайтда ушбу қочқинлардан тахминан 12 нафари маҳкамага тортилган бўлиб, суд жараёни давом этмоқда.

Шу кунга қадар Қозоғистондан экстрадиция қилинган қочқинлардан икки нафари – сирдарёлик 21 ёшли Файзуллахон Акбаровнинг 5 йилга, сурхондарёлик 19 ёшли Аҳмад Болтаевнинг 15 йилга қамалгани маълум.
XS
SM
MD
LG