Демак, ТарТВ – ТарбияТВ дегани - Тарбияловчи телевидение дегани.
“Ўзбекистон” канали айнан шундай телевидениедир.
Бу баҳода тирноқча истеҳзою зиғирча киноя йўқ.
Бу баҳо фактнинг констатациясидир!
ЎзТарТВ ўз олдига бутун ўзбек халқини тарбиялаш вазифасини камераларию микрофонларига, камераушлагичларию микрофонушлагичларига юклаб қўйган.
Бу вазифани бажаришда ТарТВ миллатнинг таниқли зиёлилари хизматига таянади.
Улардан бири ҳали тили чиқмаган набирам ҳам яхши кўрадиган Озодбекдир.
Куни-кеча хонанда каналнинг “Ҳар кун” кўрсатуви бир пиёла чойи устида миллат тарбиясига баҳоли қудрат ҳисса қўшар экан, бундай деди:
“Инсон бир мартагина инсонга бериладиган мана шу имкониятни англаб, яъни тўғри англаб шу бу фурсатлигини, бу бошқа қайтиб келмаслигини англаб яшагандагина у катта-катта, буюк мақсадларга эришади”.
Шуни алоҳида таъкидлаб хабар бериб қўйиш бизнинг мухбирлик бурчимизки, Ўзбек эстрадасининг Шаҳрихондан чиққан Хони (бу баҳода тирноқча истеҳзою зиғирча киноя йўқ) фақиру фуқарони нафақат миллат телевидениeсидан, балки қадами етган ҳар қандай юрт саҳнасидан туриб ҳам тарбияламоқда.
Яқиндагина уммон ортида – Ню Йўркнинг Бруклинободида берган концертини бошлар экан, Озодбек томошабинлари учун “тарбиявий соат” ўтказди.
Амриқолиқ ёки вақтинча амриқолиқ томошабинини тежаб-тергар экан, Озодбек бундай деди:
“Энди сизлар ҳозир ҳаммадан бир қадам олдинда юришинглар керак аслида. Интернет деган нарсалар бор. Эрталабдан кечгача Одноклассникида ўтирмасдан (шу ерда залда кулги кўтарилди – таҳр.) мана шу хабарлардан хабардор бўлиб туринглар”.
Амриқолиқ ёки вақтинча амриқолиқ ўзбеклар нега кулганини билмадик.
“Одноклассники эмас, биз Фейсбукка кўникканмиз”, демоқчи бўлдилармикан ё?
Озодбек, “тарбиявий соат”ни давом эттирар экан, мана бу гапни ҳам айтди.
“Энди айтиш мумкин энди ҳар хил шунақа инсонлар бор бир Ўзбекистоннинг кичкинагина камчиликларини шишириб, пуфлаб катта қилиб дунëга жар соладиган ўзимизнинг одамлар бор. Шулардан эҳтиëт бўлинглар”.
Хуллас, огоҳ бўлинг.
Огоҳлик кечаги, бугунги ва эртанги кун талабидир!
Бруклинободдан яна Тошкентга – ЎзТарТВга қайтамиз.
Миллат тарбиясидай масъулиятли ишга Озодбекдай таниқли бўлмаган хонандаларни ҳам жалб этмоқда канал.
Хушовоз хонандалардан бири - Алишер Қосимов Озодбек кўриниш берган куни ЎзТарТВдан туриб
Оқил одам аждодин, руҳин сира унутмас,
Авлодини ўйлаган бешикларин бўш тутмас,
деб ўгит берди миллатга.
Хонанда Алишер Қосимовнинг авлодлараро алоқаларни пўлат занжирдай узилмас, метиндай мустаҳкам тутиш кераклигига ишора қилувчи ўгитлари шоир Хуршид Давроннинг шу куни эшиттирилган шеърида аниқ-тиниқ даъват шаклида ўзининг ёрқин ифодасини топди.
Боболар номига маҳлиë бўлиб,
Яшаб юраверма олдинга интил,
Уларга муносиб бўлмоқчи бўлсанг,
Доим тафаккур қил, доим ижод қил,
дейди Ўзбек поэзиясининг “Олтин тўртовлони” таркибидаги Олтин Шоирлардан бири Хуршид Даврон.
(“Олтин тўртовлон” Хуршид Даврон, Шавкат Раҳмон, Усмон Азим ва яна бир Шоирдан иборат бўлганини, “яна бир Шоир”нинг исмини сиёсий вазиятдан келиб чиқиб айтиб бўлмаслигини қавслар ичида айтиб ўтмоқчимиз.)
Хуршид ака зийрак шоир. Келажакда хуршиддавроншунослар қийналмасин, деб томошабин тарбиясига хизмат қилувчи мадҳиясида давр белгиларини ҳам қўйиб кетган.
Эй асрдай шиддатли учқур Талгода,
Бахтли истиқболга талпинган диëр.
Шоир Тошкент билан Самарқанд ўртасида ўтган йили қатнай бошлаган Талго поездини айтаяптики, бу сатрлар нафақат хуршиддавроншунослар оғирини енгиллатади, балки миллатни ватанпарварлик руҳида тарбиялайди ҳам.
Кези келганда шуни ҳам айтиб ўтиш жоизки, “Ўзбекистон” канали ўзининг миллатни тарбиялаш потенциалидан ҳар доим ҳам унумли фойдаланаяпти, деб бўлмайди.
Тирноқча истеҳзою зиғирча киноя йўқ бу фикрни биз янаям юмшатиброқ айтдик.
Юмшатмасак, “миллат тарбиясини бузадиган шеърларни ҳам бераяпти”, дейишга мажбур бўлардик.
Бу фикрга Уста Гулматнинг “отаси” Анвар Обиджоннинг мана бу шеърини эшитгач келдик.
Ҳур ватан қурдик, буюк давлат қолар биздан кейин,
Шаънимизга олқишу раҳмат қолар биздан кейин,
Энг буюк мақсад ила дунëга бўлдик ҳамқадам,
Шаҳдимизга ҳаммада ҳайрат қолар биздан кейин.
Демак, Анвар ака Обиджонга кўра, миллат шу кунгача уже буюк давлат қуриб, дунёга ҳамқадам бўлиб, кашфу-камолотга ёр бўлиб, хуллас, тиклаб-қуриб-яратиб-қад кўтариб бўлибди!
Иш қолмабди-де!
Йўўғэээ?!
Бу гапларни эшитган миллат танбалга айланвомайдими?
Ишламай ётиволса нима бўлади?
“Ўзбекистон” каналининг 12 июн кунги эфирини томоша қилаётганда фикри ожимизнинг қитиғини келтирган ҳисларимизни тўкиб солдик.
Ҳазил қилдик. Тирноқча истеҳзою зиғирча киноя қилмадик.
Ҳазил, ҳазилу лекин одам ўйлаб қолар экан (қилган ҳазилларимиз шу ўй маҳсули):
Телевидение асри бошлангунича миллатни ким тарбия қилган эди?
Тарбиячиси – телевидениеси – бўлмаган даврда миллат нега издан чиқиб кетмади?
Издан чиқиб, таназзулга юз тутмаган, аксинча, ривожланиб 30 миллион кишига етиб қолган экан, демак, ўз тарбияси ўзи билан бўлган миллат экан-да миллат...
...деган ўйлар билан банд бўпқолди калла.
Бу ўйлар бугунги телевидение қандай бўлиши керак, деган саволни туғди.
Илғор миллатлар бу савол жавобини аллақачон топиб бўлган.
Ё ўзбек учун ортиқчами бу савол?
Ўзбекка бўловрадими ТарТВ ҳам?