Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:21

Штатсиз отин ойидан - Мушкулкушод, штатлисидан маъруза



Ўзбекистонда Мусулмонлар идораси лицензияси билан ишлаш ҳуқуқини олаётган отин ойилар орасида идорадан маош олиб махсус тезислар асосида маъруза қиладиган отин ойилардан кўра, аёлларга қўҳна услубларда "мушкулкушод" ўқиб бериб тирикчилик қилаётган отин ойиларнинг кўплиги айтилади.


"Бош отин ойи", "Катта отин ойи", "Кичик отин ойи"

Ўзбекистон Мусулмонлари идорасидан олинган маълумотга кўра, мамлакатда “отин ойилик” мақоми “имом”ларга бериладиган мақомга тенглаштирилган ва худди имомлар каби, отин ойилар ҳам идора махсус кўригидан ўтгач, лицензия олади ва ишлаш ҳуқуқига эга бўлади.



Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси ўринбосари, шайх Абдулазиз Мансурнинг Озодликка айтишича, Ўзбекистонда отин ойилар фаолияти кенг йўлга қўйилган ва улар шаҳар, вилоят отин ойилари ҳамда туман отин ойилари, деган лавозимларда ишлаши мумкин.

- Ҳамма вилоят, ҳамма туманларда ўзининг отин ойилари бор. Катта отин ойи бор, кичик отин ойи бор. Бош отин ойи бор. Улар Ўзбекистон Мусулмонлари идораси томонидан тайинланган ва уларга идора ойлик тўлайди. Ҳар битта маҳаллада ҳам отин ойилари бор ва улар маҳаллага ҳам, идорага ҳам бўйсунади. Масалан, Тошкент шаҳар имом-хатиби Анвар қори Турсунов бўлса, Бош отин ойи ҳам у билан бирга ишлайди. Масалан, имом-хатибга келадиган тезисларни у ҳам ўрганади ва аёлларга нималарни гапириш керак, нима мавзуларда маъруза қилиш керак – шуларни ўрганади, - дейди шайх Абдулазиз Мансур Озодлик билан суҳбатда.

Мусулмонлар идораси томонидан Бош, катта ёки кичик отин ойи лавозимларига тайин этилиши учун эса аёллар бир қатор талабларга жавоб бериши лозим.

Энг биринчи талаб – Ўзбекистондаги диний таълим муассасаларида таҳсил олиш ва Қуръонни бехато ўқишга қодир бўлишдир.

- Биринчи навбатда, улар Қуръонни тажвиди билан тўғри ўқий оладиган, маросимларни тўғри ўтказа оладиган бўлиши керак. Энг қатъий талаб шуки, панд-насиҳат қилганда динни тўғри тушунтириш, жуда муболаға қилиб, динни аёлларга қийин қилиб ҳам юбормаслик ёки бўлмаса, хато гапириб чалғитиб қўмасликдир, дейди шайх Абдулазиз Мансур.


Ўзбекистонда аёллар учун 4 та диний таълим маскани бор

Ҳозир Ўзбекистонда аёлларга диний таълим берувчи тўртта даргоҳ бор. Булардан иккитаси Тошкент шаҳрида — Ҳадичаи Кубро мадрасаси ва Тошкент Ислом университети қошидаги икки йиллик курс.

Яна иккита мадраса эса Бухородаги Мир Араб мадрасаси қошида ва Қашқадарё вилоятининг Китоб туманида жойлашган.

Ҳар бир мадрасада 150-200 атрофида талаба қиз таҳсил олади.

Бу билим даргоҳларини битириб чиққан қизлар отин ойилик билан шуғулланишни истаса — одатда эса уларнинг аксарияти бунга ҳоҳиш билдирадилар – отин ойилик қилишга рухсат берувчи лицензияни олиш учун Ўзбекистон Мусулмонлари идораси ёки идоранинг вилоят бўйлаб ҳудудий бўлинмаларига ариза билан мурожаат қилиши лозим.

Ўзбекистон Мусулмонлари идораси отин ойилик қилиш учун аёлларнинг махсус суҳбатдан ўтиб, рухсатнома асосида фаолият юритишини талаб қилади.

- Чунки, ҳозир ҳар хил оқимлар бор. Биз ана шу оқимларнинг зарари хусусида кўпгина адабиётларни чоп этиб қўйганмиз. Отин ойиларнинг ўша адабиётлардан хабари бўлиши шарт. Борку, унча мунча китобларни ўқиган киши бўлиб, одамларга нотўғри таълимот бериб юрадиган отин ойилар, улар халқни адаштириб, нотўғри йўлга киритиб қўйиши мумкин. Шунинг учун биз бунақа отин ойиларга марҳамат, диний мадрасаларимизда ўқиб, илмингизни мукаммал қилиб олинг, деб талаб қўяпмиз, дейди шайх Абдулазиз Мансур.


Отин ойиликни мерос олган аёллар ҳам идора кўригидан ўтиши шарт

Ўзбекистонда онаси, бувилари отин ойилик қилиб келган ва бу ҳунарни мерос олган аёллар ҳам кўпчилик.

Абдулазиз Мансур бундай аёлларга ҳам отин ойилик билан шуғулланиш имкони борлигини қўшимча қилиб ўтди.

- Бизда ота-оналари илмли ўтган, ўзлари ҳам илмли бўлган эски отин ойилар кўп. Улар азалдан шу иш билан шуғулланган ва илм даражаси ҳам жуда кучли. Биз шунақа отин ойиларга ҳам давлат очиб қўйган таълим даргоҳларида ўқиб олишни ёки бизнинг идорага келиб, суҳбатдан ўтиб лицензия олишни тавсия қиламиз. Кейин бемалол ишлайвериши мумкин, - дейди Шайх Абдулазиз Мансур.


Эшоннинг этагини тутган отин ойи

Идоранинг ҳудудий бўлинмаларидан бирида суҳбатдан ўтган ва лицензия асосида ишлаётганини айтган қашқадарёлик отин ойиларидан бири Абдулазиз Мансур тилга олган сўнгги тоифа отин ойилардан бири бўлиб чиқди.

Исмини ошкор этмаётганимиз отин ойининг оналари ва бувилари ҳам отин ўтган экан.

Ёшлигидан диний илмга уқуви бор, деб топилган суҳбатдошимизни эса мактабни якунлаши билан, унинг тили билан айтганда, “эскичадан дарс олиш" учун бир маҳаллий эшоннинг қўлига берганлар.

- Мен мактабни тугатганимдан кейин 3 йил бир эшон буванинг уйида эскичани ўқидим. Кейин Қашқадарёдаги мадрасада яна икки йил ўқидим, кейин удостворение олдим. Энди ҳар иш Худонинг ишику, шу энди ўзимизга яраша озгина бўлса ҳам илмимиз бор, ишқилиб, деди қашқадарёлик камтаргина отин ойи Озодлик мухбири билан микрофонсиз суҳбатда.

Унинг сўзларига кўра, у каби идоранинг маъқуллови билан ҳужжат олиб ишлаётган отин ойилар жуда кўп ва уларнинг бажараётган иши жуда халқнинг ҳаётида муҳимдир.

- Мана ҳозир Ашуро ойику, бу ойда “Бийи сешанба” ўтказсангиз савоби росса кўп, унда Моҳи Ашуро китобини ўқиб туширтирсангиз савоби унданам кўп, деб тавсия қилди отин ойи.

У ўзида арабий имлода ёзилган бир неча китоб борлиги, бу китоблар йиллардан буён қўлма-қўл бўлиб келаётган ҳамда ксерокопиядан чиқарилиб сақланаётган китоблар эканини қўшимча қилди.

- "Бийи сешанба", "Мушкулкушод онамиз", "Имоми-Ҳасан сайқали", "Моҳи Аушро фазилатлари" – булар ҳар битта отин ойида бор. Сиз ҳам "Бийи сешанба" ўтказиб, бу китобларни ўқитиб туширтириб юборсангиз савоби жуда катта бўлади сингилжоним, деди қашқадараёлик отин ойи.

Отин ойидан бу маросимларни ўтказиш учун қандай ҳозирлик кўриш кераклигини сўрадик.

- Энди бир-икки кийимлик материал, бир-икки ҳовуч майиз, парварда, нон - шунга ўхшаш нарсалар. Шу 3 минг-5 минг пул қўйсангиз бўлади, деди отин ойи.

Унга кўра, ҳар бир диний маросим учун, маросим ўтказувчи хонадон соҳибаси ози билан 3 минг кўпи билан эса 50-100 минг сўмгача пул беради.

- Кўнгилдан чиқаргани синглим. Бу Худолик иш, бунга фалон пул беринг, дейиш мумкинмас. Атаганини беради. Бермаса ҳам Худо йўлига кетверамиз, деди камсуқумгина отин ойи Озодлик билан суҳбатда.

Қашқадараёлик отин ойининг сўзларидан англашилгани яна шу бўлдики, шу кунларда у жуда банд ва бунга диний маросимларга чақириқнинг кўплиги сабабдир.


Отин ойига иши тушган кўп

Қашқадарёлик яна бир суҳбатдошимиз шу кунларда ўзи яшаб турган қишлоқда деярли ҳар куни отин ойининг иштироки талаб қилинадиган бир неча диний маросим бўлаётганини айтди.

- "Мушкулкушод", "Бийи сешанба" ёки "Бийи чоршанба" қилаяптида хотинлар. Ашуро ойи келганига, "Бийи сешанба"нинг савоби жуда катта бўларкан, шунга. Кейин тўй қилиб, келин туширганлар "Жой йиғди"(Баъзи ҳудудларда "Юз очди" - Таҳр.) маросимини "Бийи сешанба"дай қилиб ўтказади. Кейин баъзилар баъзи мушкулим осон бўлсин, дейдида "Мушкулкушод" ўтказади, дейди бу аёл.

У 20 ноябр куни ўтган "Бийи сешанба" маросими ҳақида Озодлик мухбирига сўзлаб бераркан, маросимни ўтказиш учун шарт, деб ишонилган унсурларни санаб берди.

Биринчидан, маросим иштирокчиси кўнгилдан чиқариб отин ойига пул бериши керак.

- Ҳар бир аёл 500дан, 1000 сўмдан пул беради, кўнгилдан чиқарибда энди. Уйнинг эгаси қанча беради билмайман. Лекин аёллар бериши керак, деди бу суҳбатдош.

Иккинчидан, маросимни ўтказиш учун жиддийгина ҳозирлик кўриш керак.

- Асосий холвайтар қилади, ширгуруч қилинади, буғдой қўйилади, қотирма қилинади. Шарт, бу нарсаларнинг бўлиши шарт. Дуолар ўқиб бўлингандан кейин ҳамма оз-оздан ейди ва савоби тексин, деб уйига ҳам олиб кетади. Авваллари чироқ ёқиларди. Отин ойи дуо ўқиб, пахтани эшиб, чироқ ёқар эди. Ҳозир шу йўқ бўлди. Отин ойилар ҳам қилмаяпти буни, дейди қашқадарёлик оддийгина уй бекаларидан бири.

Бу аёлнинг сўзларидан тушунилгани шу бўлдики, аёллар отин ойи бош бўладиган диний маросимларни ўтказиш шарт, деб билади ва имконига қараб, ҳеч бўлмаса, йилда бир бор "Мушкулкушод" ва "Биби сешанба" диний маросимини ўтказишга ҳаракат қилади.

"Маросимдан сўнг эл кўзидан панада пахтадан пилиг эшиб, чироқ ёқаётганлар ҳам кўп", деди гап орасида қашқадараёлик уй бекаси.

Унинг сўзларига кўра, бу амаллар қанчалик Ислом динига мос ёки йўқ - буни билгандан билмаганлар кўпдир. Ҳатто, отин ойиларнинг орасида ҳам илми тўкиси оз, дея хулоса қилди бу суҳбатдош.


"Мушкулкушод", "Биби сешанба" ўқилмасин!

Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси ўринбосари шайх Абдулазиз Мансур эса айнан оддий аёллар орасида урф бўлган "Мушкулкушод", "Биби сешанба" диний маросимларининг ўтказилиши хатолигини айтади.

Унга кўра, бу ҳақда Мусулмонлар идораси фатво берган ва махсус кўрикдан ўтар экан, отин ойилар, аввало, шу каби бидъатлардан огоҳлантирилади.

- "Мушкулкушод", "Биби сешанба" ўқилмасин, деган фатволар диний идорамиз томонидан бир неча маротаба чиқарилган. Булар нотўғри. Бунинг ўрнига қадимий, динни тўғри ўргатувчи туркий китобларимиз бор. Ана шулардан ўқиса бўлади ёки ўқийман, деган китобларини уламолар кўригидан ўтказиб олиши керак, дейди шайх Абдулазиз Мансур.

Шу ўринда шайх аёллар қўлида юрадиган кўплаб китоблар Исломнинг фазилатларидан кўра кўпроқ, дўзахнинг азоблари ҳақидаги асоссиз ваҳималарга тўлалилигини қўшимча қилиб ўтди.

- Исломнинг йўли осон, динни қийин қилиб кўрсатиш ўрнига, осон қилиб тушунтириш ва фазилатларидан кўпроқ гапириши керак, деди Абдулазиз Мансур.


Отин ойиларга Каримовни алқаш пуллик вазифа

Ўзбекистондаги бугунги сиёсий вазият ва ҳукуматнинг динга муносабатига танқидий кўз билан қаровчи айрим ўзбекистонлик диндорлар Ўзбекистондаги бугунги отин ойиларни етиштириб бераётган диний билим даргоҳларини танқид қиладилар.

Булардан бири бўлган тошкентлик олима Мўътабар Аҳмедова динни ўргатиши керак бўлган билим даргоҳларида дунёвий илмлар салмоғи катта, деган фикрда.

- Ҳозир мадрасани битирганларгина отин ойилик қилишади. Мадарасада тўғри, Қуръонни тажвид билан ўқитишга ўргатишади. Лекин диний илми қанчалик чуқур бўлади, бунисини мен билмайман. Лекин менинг билишимча, у ерда 7 та дунёвий илм ўқитилади ва аниқки, президент Каримовнинг асарлари ўқитилади. Бу даргоҳлардан чиққан отин ойилар эса диний маросимларини президентни мақташ билан бошлаши шарт, дейди тошкентлик олима Мўътабар Аҳмедова.

Унинг сўзларига кўра, отин ойиларнинг маросимлардаги маърузалар кўп жиҳатдан имомларнинг масжиддаги маърузаларига яқиндир. Дарвоқе, шайх Абдулазиз Мансур ҳам буни тасдиқлади ва отин ойилар ҳам имомларга маъруза учун йўлланган тезисларга қараб иш тутишини айтиб ўтган эди.

Мўътабар Аҳмедова, бундан ташқари, мамлакатнинг диний сиёсатига мос тарзда хавфли диний оқимлар ҳақида маъруза қиладиган аксар отин ойиларнинг Исломий илми озлигига гувоҳлигини ҳам айтиб ўтди.

- Яқинда бир диний маросимга тасодифан бориб қолдим. Уй эгасининг эри ўлган экан, у бўлса: "Мавлуд ўтказяпмиз", дейди. Қаранг, эри туғилмади, ўлди. У бўлса мавлуд ўтказяпти. Шунинг ўзида у ҳам, унга мавлудни ўтказиб бераётган отин ойи ҳам ширкка кетди. Отин ойилар буни билади, лекин нафс ўлгур бор, буйруқ бор, келаверади чақиришса, дейди Мўътабар Аҳмедова.

Нафс бор, дер экан Аҳмедова битта диний маросимнинг шу кунларда Тошкент шаҳрида ўтказиб бераётган отин ойилар яхшигина пул топишини ҳам айтади.

- Биз ўтирган хонадонда 20 тача аёл бор эди. Ҳамма 500 сўм, 1000 сўмдан пул берди. Уйни эгаси қанча берди - билмадим, дейди Мўътабар Аҳмедова.

Яъни унга кўра, масжидда ўтирган имомлардан фарқли равишда аҳоли уйларидаги диний маросимларда Каримовни алқаб гап бошлаган отин ойилар энг камида 20-30 минг, кўпи билан эса 100-200 мингга қадар пул ишлайди. Бундан ташқари, тугунию, сарпоси ҳам бор.


Отин ойилар учун Каримов асарларини ўқишда фойда бор

Шайх Абдулазиз Мансур учун эса отин ойиларга дунёвий илмларнинг ўқитилиши, шу жумладан, уларга президент Ислом Каримов асарларидан машғулотлар қўйишилиши, бундан ташқари, отин ойи бўлиш учун махсус ҳайъат кўригидан ўтар экан, уларга президент асарларидан саволларнинг берилиши фойдадан ҳоли эмас.

Унга кўра, хусусан, отин ойилик учун имтиҳон топшираётган хотин-қизларга қўшимча савол тариқасида бугунги сиёсат ва Ислом Каримов асарларидан савол берилиши мумкин.

Шайхнинг бу борадаги фикр-мулоҳазалари ва умуман, Ўзбекистондаги отин ойилар ҳақида ҳозирланган "Ислом ва мусулмонлар" эшиттиришини тўлиқ ҳолда қуйида тинглашингиз мумкин.


Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:16:24 0:00
Бевосита линк


Эшиттиришимизда иштирок этинг!

Дарвоқе, албатта бу мавзу жиддий ва баҳсталаб мавзудир. Сизда ҳам эшиттириш давомида билдирилган фикрларнинг айримларига эътироз, айримларига эса қўшичма бўладиган фикрлар, маълумотлар бўлса бизга мурожаат қилинг!

Мурожаат учун манзил:

бизга мактуб ёзинг: ozodlikmail@gmail.com, isakovab@rferl.org

бизга қўнғироқ қилинг: +420 221 123 437, +420 608 549 460(моб)
XS
SM
MD
LG