Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:55

Солиқ қўмитасининг расмий сайти ҳакерлар ҳужумига учради


Ўзбекистон Давлат солиқ қўмитасининг расмий сайти - soliq.uz га қилинган ҳужум учун масъулиятни ўз зиммасига олган CLONE-SECURITY ҳакерлар гуруҳи, бундан мақсад мамлакат солиқ тизимида авж олган коррупция ва порахўрлик ҳолатларига эътибор қаратиш эканини айтмоқда.



18 феврал куни Тошкент вақти билан соат 18:00ларда Ўзбекистон Давлат солиқ қўмитасининг расмий сайти - soliq.uz ҳакерлар ҳужумига учради.

Ўзини CLONE-SECURITY деб атайдиган ҳакерлар гуруҳининг шахсини ошкор қилишни истамаган уч аъзоси Озодлик билан Skype орқали боғланиб, soliq.uz сайтига қилинган кибер ҳужум учун масъулиятни гуруҳ ўз зиммасига олишини маълум қилди.

Ҳакер йигитларнинг айтишича, soliq.uz сайтига D-DoS (Distributed Denial of Service) ҳужуми қилинган.

“Бу D-DoS атака. Биз аввал қилган ҳужумларимизда сайтларнинг системасига кирардик. Бу сафар soliq.uz системасига кирмаган ҳолда атакани амалга оширдик” деди ҳакер йигитлардан бири Озодлик билан суҳбатда.

CLONE-SECURITY гуруҳи аъзоларига кўра, soliq.uz сайтига қилинган ҳужум натижасида солиқ тизимларининг ишлашига ҳам салбий таъсир қилиши мумкин.

“Ҳозир soliq.uz сайтида Ўзбекистондаги барча солиқ ҳужжатлари жойлаштирилган. Шунингдек, солиқ ҳисоботларининг электрон кўринишлари йўлга қўйилган. Агар сайт икки соат ишламай турса, налог иши тўхтатилди, деб ҳисоблаш мумкин. Электрон кўринишдаги ҳужжатларнинг ҳаммасига доступ йўқолади”, деди ҳакер йигитлардан яна бири.

Ҳакер йигитларга кўра, soliq.uz сайтига қилинган ҳужум анча мураккаб бўлиб, сайт бир неча ойлаб ёпиқ ҳолда қолиши эҳтимоли бор.

“Биз битта кнопкани боссак, сайт очилиши мумкин. Лекин биз ҳозирча сайтни очиш ниятимиз йўқ. Сайт маъмурлари ўзлари ҳаракат қилсин. Уларнинг сайти умуман хавфсизликка жавоб бермайди. Сайт 1,2 ҳатто 3 ойлаб ишламай қолиши мумкин” деди ҳакер йигитлардан бошқа бири.

Ҳакер йигитларга кўра, айни ҳужум Ўзбекистон солиқ тизимидаги коррупция ва порахўрлик ҳолатларига эътибор қаратиш учун амалга оширишган.

“Бугунги кунда Ўзбекистондаги солиқ тизимида порахўрлик жуда кенг тус олган, коррупция авжига чиққан. Солиқ ходимлари ноқонуний равишда тадбиркорлар фаолиятига аралашади. Солиқчилар ўз лавозимини суъистемол қилади. Ҳужумимиз шу ҳолатларга қарши” деди ҳакер йигит.

CLONE-SECURITY гуруҳи жорий йилнинг январ ойида “Антилағмон” сиёсий акцияси номи остида Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг расмий сайти www.mtrk.uz га қилинган иккита ҳакерлик ҳужуми учун ҳам масъулиятни зиммасига олган эди.

Бу ҳужум кампанияси “Миллий телерадиокомпания халққа тарқатаётган ахборотлар ёлғон ахборотдир!” шиори остида ўтказилган эди.

Шунингдек, ўтган йилнинг июл ойида Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Тиббиёт порталига уюштирилган ҳужум учун ҳам масъулиятни CLONE-SECURITY ҳакерлар гуруҳи ўз зиммасига олган эди.

Гуруҳ ўша пайтда айни ҳужум Ўзбекистон ҳукуматининг аëлларни стерилизация қилиш сиëсатига норозилик сифатида амалга оширилганини таъкидлаган эди.

Ҳукумат сайтларини ёриб ўтишга муваффақ бўлган ўзбекистонлик хакерлар сайтларнинг бош саҳифасига “Бизнинг оналаримизни стерилизация қилманглар!” деган ёзувни жойлаштирган ва бу талаб остига "CLONE-SECURITY” дея имзо қўйган эди.

CLONE-SECURITY гуруҳи сайтларга қилинаётган ушбу ҳужумларни Ўзбекистон ичкарисида туриб амалга ошираётганини таъкидлаб келмоқда.
XS
SM
MD
LG