Линклар

Шошилинч хабар
03 апрел 2025, Тошкент вақти: 03:44

Ўзбекистонлик 246 одамга Қирғизистон фуқаролиги берилди


Қирғизистон президентининг март ойи охирида имзолаган Фармонига мувофиқ 342 хорижликка Республика фуқаролиги берилди. Уларнинг 246 нафари Ўзбекистоннинг собиқ фуқароларидир. Айни пайтда Қирғизистонга турмушга чиққан ўзбекистонлик минглаб аёллар хануз фуқароликка эга бўла олмай, ҳақ-ҳуқуқсиз яшаб келмоқда.

Қирғизистон президенти фармони билан фуқаролик берилган хорижликлар турли миллат вакилларидан иборат. Уларнинг орасида этник қирғизлар, ўзбеклар, тожиклар, уйғурлар, руслар, украинлар, покистонликлар, афғонлар ва хатто африкаликлар ҳам бор.

Фуқаролик берилганларнинг 246 нафари ўзбекистоннинг собиқ фуқароларидир. Уларнинг кўпчилиги этник қирғизлар. Айни пайтда аввал Ўзбекистон фуқаролари бўлган рус ва украин миллатига мансуб бир қатор шахсларга ҳам Қирғизистон фуқаролиги берилган.

Қирғизистон фуқаролигини олганлар рўйхатида собиқ ўзбекистонликлар кўпчиликни ташкил этса-да, бу денгиздан бир томчи холос.

Ўшдаги “Фарғона водийсининг чегара билмас юристлари” нодавлат ташкилоти ўтган йили Қирғизистонга турмушга чиққан ўн мингдан ортиқроқ ўзбекистонлик аёл 10-15 йилдан бери фуқаролик ололмаётгани тўғрисида маълумотларни тарқатган эди.

Бундан ўн беш йил аввал Намангандан Жалолободга келин бўлиб тушган Махфуза Ашуралиева ҳам мана шундай фуқаролиги йўқ аёллардан бири. У Қирғизистонга турмушга чиққани сабабли Ўзбекистон фуқаролигидан ажраган, лекин шу кунгача унга Қирғизистон фуқаролиги ҳам берилмаган.

-Қирғизистонга келин бўлиб тушганимга 15 йил бўлди. Тўртта фарзандим бор. Фуқаролик сўраб бормаган жойим қолмади. Аммо шу кунгача паспорт беришгани йўқ. Мен ҳам Қирғизистон элининг бир вакилиман. Мен ҳам қирғиз паспортини олишни орзу қиламан, -дейди Махфуза.

Қирғизистондаги “Тинчликни сақловчи аёллар” ташкилоти вакили Жамила Қапарованинг айтишича, фуқаролги бўлмаган аёллар ҳақ-ҳуқуқсиз яшашга маҳкум этилган.

-Ҳужжати бўлмагани учун улар тўлақонли тиббий ёрдам, таълим ва нафақа пулидан маҳрум, -дейди Жамила Қапарова.

Шу билан бир қаторда Ўзбекистонга турмушга чиққан, лекин бу мамлакат фуқаролигига қабул қилинмаган ва натижада Ўзбекистондан чиқариб юборилган аёллар ҳам бор. “Тинчликни сақловчи аёллар” ташкилоти биргина Ўш вилоятининг Аравон туманида 300 нафар мана шундай аёл борлигини, Ўзбекистондан чиқариб юборилганлар сони болаларни қўшиб ҳисоблаганда икки мингга етиб қолишини аниқлаган.

Қирғизистон президентининг фуқаролик бериш тўғрисидаги фармонида номи тилга олинганлар орасида Қирғизистонда туғилиб, бироқ Ўзбекистонга турмушга чиққан ва у ерда фуқаролик оломай ўз юртига қайтиб келган аёллар ҳам бор. Бироқ фуқаролик олганлар рўйхатида Ўзбекистондан Қирғизистонга турмушга чиққан аёллар тўғрисидаги маълумотларни топа олмадик.

Мутахасисларнинг айтишича, Қирғизистон фуқаролигини олиш учун ўз ватанидаги пропискадан чиқиб, Қирғизистон ҳудудида 5 йил яшаш шарт бўлади. Бунинг учун эса Қирғизистон фуқаролигига номзод кўп йиллик яшаш визасига эга бўлиши лозим. Аммо Қирғизистонда бу ишни амалга ошириш механизми ноаниқ ва Ўзбекистонда бу йўналишдаги ҳужжатларни расмийлаштириш ўта мураккаб бўлгани учун ҳам бу икки давлат фуқароларидан бирига турмушга чиққан ўн минглаб аёллар осмон ва ер ўртасида муаллақ яшамоқда, дейишади экспертлар.
XS
SM
MD
LG