Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:39

Талончи қотиллар аҳолини террор қилишда давом этмоқда


Яқинда Тошкент вилоятида талончи қотиллар камида бир қариянинг уйини тунади. Милиция ходимларига кўра, ҳозирда Тошкент шаҳри ва вилоятида ёлғиз пенсионерларни тунаш ва ўлдиришда гумонланаётган уч эркак ва бир аёл қидирилмоқда.


Қарияларни тунаш давом этаяпти


Милиция томонидан кенг кўламли қидирув ишлари кетаётган бир пайтда ёлғиз қарияларни тунаш ҳолатлари давом этаяпти.

Бу ҳақда Озодликка шахси сир қолиши шарти билан гапирган тошкентлик милиция ходимига кўра, яқинда Тошкент вилоятида ҳам ёлғиз пенсионерни тунаш ҳолати қайд этилган.

Тошкент вилояти Ички ишлар бошқармасига кўра, вилоятда ҳам қидирув ишлари бошланган.

Бўка тумани ИИБнинг ўзини таништирмаган ходимига кўра, тумандаги барча милиция ходимларига ёлғиз қарияларнинг қотиллари деб гумон қилинган шахслар бўйича маълумот тарқатилган.

- Кампирларнинг қотиллари бўйича барча ишлаяпти. Воқеа бўйича хабарнома олиниб, шахсий таркибга таништириб, ҳаммага ўқиб эшиттирилган. Бошлиқлар иш бўйича курсда, қидирув давом этаяпти, деди бўкалик милиция ходими.

Қидирувдан натижа бўлмаяпти

Шу кунларда Тошкент шаҳридаги ҳар бир маҳалла, ҳар бир кўчада ёлғиз қарияларнинг қотиллари, деб гумон қилинган шахсларнинг фотороботлари акс этган қидирув эълонларини учратиш мумкин.

Тошкент шаҳар Сирғали туман Ички ишлар бўлимидан олинган маълумотга кўра, ҳозирча қидирув эълонларидан бирор натижа чиқмаган, қотиллар ҳануз очиқда қолмоқда.

- Ҳозир қидирилаяпти. Ҳамма кварталларда Ички ишлар ходимлари тўлиқ қўйилган. Ҳамма ёқда қидирув кетаяпти,- деди Сирғали туман ИИБнинг навбатчи ходими.

Тошкент шаҳар Ҳамза тумани Ички ишлар бўлимидан олинган маълумотга кўра, дастлаб ушбу қотилликларда гумонланиб, ўрта ёшлардаги бир эркак ва аёл ҳибсга олинган, бироқ уларнинг айби исботланмагач, ҳибсдан озод қилинган.

Ҳамза тумани ИББ ходимига кўра, бу фотороботда акс этган шахсларнинг жиноятга алоқаси борлиги тасдиқланмаган.
Ҳамза тумани ИББ ходимига кўра, бу фотороботда акс этган шахсларнинг жиноятга алоқаси борлиги тасдиқланмаган.
"Осиё миллатига мансуб ўрта ёшлардаги бир эркак ва бир аёл қотилликларда гумон қилиниб, қидирувга берилганди. Уларнинг суратларини шаҳар кўчаларига ҳам ёпиштиргандик. Уларни қўлга олдик. Бироқ қотилликларни бу икки киши содир этмагани аниқланди. Бизда ҳозир бошқа қўшимча маълумотлар бор. Ҳозир қотилликда гумонланган бошқа шахсларни қидираяпмиз", деди Ҳамза ИИБнинг ўзини таништирмаган ходими.

Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармасидан олинган маълумотга кўра, сўнгги олти мобайнида Тошкент шаҳрида ёлғиз пенсионерларни тунаш ва ўлдириш ҳолатлари сони йигирмадан ошган.

Исмини ошкор қилмаётганимиз манбага кўра, Тошкентда ёлғиз қарияларни тунаш ҳолатлари дастлаб 2011 йилнинг охирида қайд қилинган.

“Бошида жиноятчилар ёлғиз қарияларни уйига киргач, уларни қўл-оёғини боғлаб, уйидаги бор-будини ўғирлаб кетишган. Ўтган йилнинг охирларидан бошлаб, жиноятчилар ўғирликдан ташқари қарияларни ўлдирган ҳолатлари ҳам кўпая бошлаган”, деди Тошкент шаҳар ИИБ манба.


"Қотиллар-сохта коммуналчилар"

Тошкент шаҳар "Маҳалла" жамғармасидан олинган маълумотга кўра, ёлғиз қарияларни ўлдириш ва тунаш ҳолатларида, жиноятчилар ўзларини коммунал хўжалиги ходимлари деб таништирган.

Тошкент шаҳри ва вилоятида тарқатилган қидирув варақалари.
Тошкент шаҳри ва вилоятида тарқатилган қидирув варақалари.
"Бизга милициядан хабар бўлди. Жиноятчилар коммуналчилар ниқоби остида пенсионерларни алдаб, уйларига кирган. Улар ўзларини "электрдан ёки газдан келдик" деб таништирган. Уйга киргач қарияларни бор-будини тунаган ва уларни ўлдирган ҳолатлари ҳам кўп бўлган ", деди Тошкент шаҳар "Маҳалла" жамғармасининг исмини ошкор қилмаётганимиз ходимаси микрофонсиз суҳбатда.

Суҳбатлашганимиз милиция ходимлари пенсионерлар билан боғлиқ қотилликларда сохта коммуналчилар гумонланаётганини тасдиқлашди.

Ҳозирда ушбу қотиллик бўйича пойтахтдаги барча маҳалла қўмиталари фаоллари аҳоли орасида тушунтириш ишларини олиб бораяпти.

- Хонадонларга кириб, аҳолини огоҳлантириб чиқаяпмиз. Бегона одамга эшикни очманглар, деб. Айниқса, болаларга тайинланглар, агар уйда катталар бўлмаса, ҳеч кимга эшикни очмасин. Агар у-бу жойданмиз деб келишса, исми-шарифини суриштиринглар, деяпмиз, деди пойтахтдаги “Ал-Хоразмий” маҳалласи фаоли.

Шаҳардаги “Бўстон” маҳалласида ҳам уч нафар ёлғиз қария яшайди. Исмини таништирмаган маҳалла фаолига кўра, қотиллик билан боғлиқ воқеалар ортидан маҳаллада ёлғиз қарияларнинг ҳолидан хабар олиш учун махсус қизлар гуруҳи ташкил қилинган.

- “Қизлар давраси” гуруҳ қизларимиз бор. Қизларни иккита-иккитадан ёлғиз қариялар хонадонларига бириктирганмиз. Улар ўша хонадонларга бориб, уларнинг ҳолидан хабар олиб туришибди, деди “Бўстон” маҳалласи фаоли.

Қотилларни топганга “Malibu” бор?

Тошкент кўчаларига ёпиштирилган қидирув эълонларида гумондор шахслар ҳақида милицияга хабар берган шахсга 5 миллион сўм мукофот пули ваъда қилинган.

Озодликка email орқали ёзган тошкентлик манбага кўра, ёлғиз қарияларнинг қотилларини қидириш ишларини шахсан Бош вазир Шавкат Мирзиёев ўз назоратига олган.

“Шавкат Мирзиёев қотилларни топганга битта “Malibu” машинаси билан Тошкентдан уй берармиш” деган гап тарқалди", дея ёзди манбамиз.

Тошкентдаги милиция ходимлари қотилларни топишга кўмаклашган шахсга пул мукофоти борлигини тасдиқлашди. Бироқ Бош вазир бу ишга шахсан аралашганидан бехабарлигини айтишди. Айни пайтда, ушбу қотилликлар юқори ташкилотлар назоратида эканини билдиришди.

Ижтимоий тармоқлардаги ваҳима

Бугунги кунда Facebook, Twitter, “Одноклассники” каби ижтимоий тармоқларда пенсионерларни тунаш ва ўлдириш воқеалари кенг муҳокама қилинмоқда.

Пенсионерларни ўлдирганликда гумонланган шахсларнинг Facebookка тарқалган сурати.
Пенсионерларни ўлдирганликда гумонланган шахсларнинг Facebookка тарқалган сурати.
Айниқса, Facebookда ушбу қотилликни содир этганликда гумонланган бир аёл билан эркакнинг сурати кўпчилик томонидан тарқатилиб, муҳокама қилинмоқда.

Айни пайтда, суҳбатлашганимиз милиция ходимлари бу суратдаги аёл билан эркак ушланиб, айби исботланмагач қўйиб юборилганини айтишди.

Facebookдаги “ваҳима”га кўра, кейинги пайтда жиноятчилар қўлида гўдаги билан келиб, боламга сув беринг деб, илтимос қилиб, қарияларнинг уйига киришга ҳаракат қилаяпти.

Шунингдек, “жиноятчи шахслар арзон нархда кийим-кечак сотувчи “қиёфаси”да ҳам уйларга кириш ҳолатлари” бўлаётгани ҳақида ёзишмоқда ижтимоий тармоқларда.

Пойтахт коммуналчиларидан бармоқ изи олинди

Пойтахтнинг Учтепа туманидаги уй-жой мулкдорлари ширкат (аввалги ЖЭК)лардан бирининг ходими исмини очиқламаслик ва овозини ёзиб олмаслик шарти билан айтишича, ёлғиз қариялар билан боғлиқ қотилликлар ортидан ширкат ходимлари ҳам милицияга чақирилган.

"Коммуналчи" суҳбатдошга кўра, шаҳардаги уй-жой мулкдорлари ширкатларида ишловчи ходимларнинг милиция бўлимларида бармоқ излари олинган.

Ёлғиз қарияларни ўлдириш ва тунаш воқеалари бўйича текширувни Тошкент шаҳар прокуратураси олиб бормоқда.

Жорий йилнинг 17 феврал куни Тошкент шаҳрининг Миробод тумани "Тонг нури" маҳалласида яшовчи 91 ёшли Ҳакима Авлоний ҳам ўз уйида номаълум шахслар томонидан ўлдириб кетилган эди.
XS
SM
MD
LG