Халқаро Қизил Хоч қўмитаси Ўзбекистондаги жазони ижро этиш муассасаларига боришни тўхтатди. Бу ҳақда ХҚХҚ бош директори Ив Даккор жума куни ўз Twitter саҳифаси орқали маълум қилди. Қизил хоч қарорига маҳбусларни бориб кўриш йўлида турли хил тўсиқлар қўйилаётгани бундай қарор қабул қилинишига сабаб бўлган.
Халқаро Қизил хоч қўмитаси Бош директори Ив Даккор жума куни ўз Twitter саҳифасида ташкилот Ўзбекистон қамоқхоналарини бориб кўришни тўхтатаётгани ҳақида эълон қилди.
Даккор “қамоқхоналарни бориб кўришимиздан гуманитар натижалар арзирли ва расмийлар билан мулоқотимиз конструктив бўлиши лозим” лекин “Ўзбекистон мисолида бундай бўлмаяпти”, дея ёзди.
Халқаро қизил хоч қўмитаси Ўзбекистон қамоқхоналаридаги маҳбуслар аҳволидан хабар олиш фаолиятини 2001 йилда Тошкентда имзоланган келишувга биноан амалга ошириб келган. Мазкур келишувда ташкилот вакилларининг мамлакатдаги ҳар қандай қамоқхонани бориб кўриш ҳуқуқини бериши назарда тутилган. Лекин Ўзбекистон расмийлари ташкилотнинг мониторинг фаолиятига мунтазам равишда тўсиқлар яратиб келган.
Халқаро Қизил хоч қўмитасининг Женевадаги қароргоҳи матбуот вакили Дэвид Пьернинг Озодликка айтишича, Ўзбекистонда маҳбусларни бориб кўришни тўхтатиш тўғрисидаги қарор осонликча қабул қилинмаган:
- Халқаро Қизил хоч қўмитаси жаҳон бўйлаб қамоқхоналарни бориб кўриш дастурларини амалга оширишда муайан халқаро стандартларга амал қилади. Афсуски, Ўзбекистонда қамоқхоналарни бориб кўриш дастурини тўхтатишга мажбурмиз, чунки бу мамлакатда айтилган стандартларга амал қилишнинг имкони қолмади,- дейди қўмита матбуот вакили.
Дэвид Пьернинг айтишича, Ўзбекистон расмийлари ташкилотнинг қамоқхоналарга доир дастурини амалга оширишида йиллар давомида турли тўсиқларни яратиб келгани боис маҳбусларнинг қандай шароитда сақланишига объектив баҳо бериш имкони қолмаган:
- Ўзбекистонда қабул қилинган стандартларимизга амал қила олмай қолганимиз сабаби биз танлаган маҳбуслар билан алоҳида суҳбатлашиш имкони берилмаётгани, биз ташриф буюрган қамоқхоналарнинг исталган қисмларига кириш имкони йўқлигидадир. Бундан ташқари маҳбусларнинг умумий шароити қандай эканини баҳолаш учун керакли шарт-шароитлар яратиб берилмаяпти. Бунинг натижасида маҳбусларнинг реал гуманитар аҳволига баҳо бера олмаяпмиз, шунинг учун дастурни тўхтатишга мажбурмиз,- дейди Халқаро Қизил хоч қўмитасининг Женевадаги қароргоҳи матбуот вакили Дэвид Пьер.
Ўзбекистонда диний ва сиёсий айблар билан қамалган маҳбусларга доир вазиятни мониторинг қилиб келадиган “Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи” раҳбари Суръат Икромовнинг айтишича, ҳақиқатан ҳам Қизил Хочнинг Ўзбекистонда ишлашига имконият қолмади:
- Булар қайси қамоқхонада аҳвол оғир ёки қайси маҳбуслар қийноққа солинаётгани ҳақидаги ахборотни биздан ёки бошқа ташкилотлардан олганидан кейин, Жазони ижро этиш бош бошқармаси билан келишиб, ўша ерга боришарди. Лекин сўнгги уч-тўрт йилда улар излаб борган маҳбусларни ўша жойдан тополмай қоларди. Қамоқхона раҳбарияти ўша маҳбусларни ёки яширади ёки бошқа жойга кўчиради. Сўнг улар сарсон бўлиб қайтиб келган ҳолатлар кўп бўлган,- дейди Суръат Икромов.
Ўзбекистонлик собиқ инсон ҳуқуқи ҳимоячиси Бахтиёр Ҳамроев 2011 йилда Қаршидаги қамоқхона маъмуриятининг оғир касал бўлган инсон ҳуқуқи фаоли Норбой Холжигитовни Қизил хоч дўхтирларидан яширгани ҳақида хабар берган эди.
Қарши қамоқхонаси нозирлари журналист Солижон Абдураҳмоновни Халқаро Қизил Хоч ташкилоти кузатувчиларидан яшириб келишгани ҳақида ўтган йилнинг декабрида хабар берилган эди.