Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:37

Sport-TVни прокуратура “босди”


Ўзбекистондаги Sport-TV да ишлайдиган бир гуруҳ ходимнинг телеканал раҳбарияти устидан ёзган ўнлаб шикояти ортидан каналда прокуратура ва солиқ ходимлари тафтиш бошлади.


“Президент аппаратигача шикоят ёздик”

Март ойининг ўрталаридан бошлаб прокуратура ва солиқ ходимларидан иборат махсус гуруҳ Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси таркибидаги Sport каналида асосан раҳбар мулозимларнинг фаолиятини текширмоқда.

Бу ҳақда Озодликка Sport-TV муҳаррирларидан бири исмини очиқламаслик ва овозини эфирга бермаслик шарти билан маълум қилди (Озодлик ихтиёрида ушбу муҳаррир билан ўтказилган 43 дақиқалик аудиосуҳбат бор).

Ўн йилдан зиёдроқ вақтдан буён телевидениеда ишлаётган муҳаррирнинг айтишича, телеканалнинг бир гуруҳ ходимлари раҳбарият устидан юқори ташкилотларга тўхтовсиз ёзишгач, прокуратура ва солиқ ходимлари каналда тафтиш бошлаган.

“Барча юқори инстанцияларга ёзилди. Президент аппаратига ҳам ёзилди. Канал раҳбариятининг ноқонуний ишлари жонига теккан борки, турли идораларга шикоят ёзди. Жумладан, Спорт телеканалининг директор ўринбосари Шодилла Муҳаммаджонов ва каналнинг Болалар спорти бўлими бош муҳаррири Ойбек Вайсал ўғли Кападзе устидан ҳам кўп шикоят ёзилган. Ҳозир прокуратура билан налог раҳбарларнинг мансаб ваколатини суиистеъмол қилган ҳолатларини текшираяпти”, деди муҳаррир.

Sport-TV даги 214 18 88 рақамли телефон гўшагини кўтарган ходима телеканалда текширув бўлаётганини тасдиқлади, бироқ тафтиш тафсилотларидан бехабарлигини айтди.

Якшанба дам олиш куни бўлгани учун Sport-TV раҳбарияти билан ҳам боғланишнинг имкони бўлмади.

“Sport-TVда гуруҳбозлик авж олган”

Муҳаррир-суҳбатдошимизга кўра, Sport-TV ходимлари орасида гуруҳбозлик шаклланган.

“Бу ерда гуруҳбозлик шу қадар авж олганки, агар гуруҳга алоқадор бўлмасангиз, кўрсатувингиз эфир юзини кўрмасдан, йиллаб чанг босиб ётаверади. Гуруҳ - раҳбарлар атрофида бирлашган ходимлардан иборат. Тўғри маҳаллийчилик ҳам бор. Айниқса, Самарқанд билан Қашқадарёдан келганларнинг юқори мансабларни эгаллаши жуда осон. Мен ўн йилдан зиёд вақт давомида мингга яқин кўрсатув қилдим. Агар менинг ўрнимда самарқандлик бўлганида аллақачон раис ўринбосари лавозимини эгаллаган бўларди”, дейди суҳбатдош.

Муҳаррирнинг иддаосига кўра, “гуруҳ”га алоқадор бўлган ходимлар бошқаларга нисбатан бир неча баробар кўп ойлик олишади.

“Мен ярим ставкада ишлайман. Итдай югуриб, оладиган ойлигим 200 минг сўмга ҳам етмайди. Лекин “гуруҳ”дагилар бир неча миллион сўмлик ойлик олишади. Канал раҳбарлари ва унинг гуруҳидагилар хоҳлаган кўрсатувнинг ижодкорлари рўйхатига ўзларининг исми-шарифини қўшиб қўяди ва ўзига истаган суммадаги гонорарни ёзиб олади. Ой охирида камида 1-2 миллион сўмлик ойлик олади. Бу камида. Таниш-билишчилик эвазига миллионлаб сўм пул олишади. Масалан, Ш...(мазкур маълумот фақат бир манбадан олингани учун бу шахснинг исмини тўлиқ келтирмаяпмиз - таҳр.)нинг қизи 1,5 ставкада ишлайди. Бечора видеотекадаги қизлар ярим ставка ойлик билан эрталабдан кечгача ишлашга мажбур. Булар раисга ҳам едириб тургани учун ҳеч ким индамайди”, дейди телеканал муҳаррири.

“Канал порахўрлик ботқоғига ботган”

Sport-TV муҳаррирининг иддао қилишича, каналда бирор кўрсатувнинг порасиз эфирга узатилиши қийин.

“Бирор мавзуни ўртага ташлагач, рухсат олиш керак. Сиз гуруҳда эмассиз, рухсат беришни чўзишади. Озгина узатсангиз, мавзу тасдиқланади. Кейин сценарий ёзилса, сизга "йўқ" дейиш учун мингта баҳона бор. Бир ойдан кейин қайтиб оласиз сценарийни. Ўтираверасиз. Бу ерда ҳам қисман пул бериш бор. Лекин асосий нарса сиз ўша гуруҳда эмаслигингиз. Юқоридагиларни обедга олиб борасиз... Ишқилиб, йўлини қилиб, сценарийни тасдиқлатасиз. Кейин тасвирга олиш жараёни ва кўрсатувни монтаж қилиб, тайёр ҳолга келтирдингиз. Мана шу энг асосийси. Кўрсатув 1-2 йиллаб ҳам ётавериши мумкин. Кўрсатувни программага киритиш учун Ш. билан гаплашиш керак. Обедини қилиб берасиз ёки озгина узатасиз, кейин кўрсатув программага киритилади. Раҳбарлар порахўрлик ботқоғига бошдан-оёқ ботиб кетган ”, дейди муҳаррир.

“Эфирда кўрсатиш мумкин бўлмаган шахсларнинг рўйхати бор”

Суҳбатдошимиз муҳаррирнинг айтишича, Sport-TVда ижодий жараён мутлақо йўқ.

“Умуман йўқ ижодий жараён. Дежурний нарсалар қилинаяпти, холос. “Ҳамма шароитлар бор”, “Палончининг раҳнамолигида байроғимиз кўтарилган”. Шунга ўхшаш қизил гаплар. Ҳақиқий ижодий жараён йўқ. Спорт каналининг савияси жуда тушиб кетган. Асосий кўрсатувлар лозунгдан иборат бўлиб қолган. Спорт каналининг асосий вазифаси саломатлик билан ватанпарварликни тарғиб қилиши керак. Бизда ҳозир фақат қизил сўзлар, қизил сўзлар. Ифтихор, фахримиз, яна нима балолар. Асосий вазифа эсдан чиққан”, дейди суҳбатдош.

Муҳаррирга кўра, Sport-TVда эркин ижод қилиш, исталган мавзуни ёритиш, танқидий кўрсатувлар қилишга рухсат берилмайди.

“Спортдаги бирор камчиликни ёритишга ҳаққимиз йўқ. Танқидий кўрсатувлар мумкин эмас. “Бизнинг жамиятда камчилик йўқ” деб кўрсатишишингиз керак. Бирор муаммони айтсангиз, мумкин эмас - тамом. Ортиқча гапга ҳожат йўқ. Кейин бизда эфирга чиқиши мумкин бўлмаган мавзулар ва шахсларнинг рўйхати бор. Масалан, танқидий нарсалар умуман мумкин эмас. Руслан Чагаевни гапириш мумкин эмас. Министрларни ва спорт федерацияларининг раҳбарларини эфирда кўрсатиш мумкин эмас. Салимбой, Ғофирбойлар ҳақида гапириш ҳам, кўрсатиш ҳам мумкин эмас. Рўйхат ўзгариб туради. Агар кўрсатиш зарур бўлса, алоҳида рухсат олиш зарур”, дейди суҳбатдош.

“СНБдан қўнғироқ бўлса, любой одам ишга олинади”

Телевидениеда ўн йилдан зиёд ишлаган муҳаррирнинг сўзларига кўра, куч ишлатар тизимларда ишловчи шахсларнинг яқинлари ҳеч бир муаммосиз телеканалга ишга олинади.

“Агар СНБ ёки прокуратурадан қўнғироқ бўлса, ким бўлишидан қаътий назар, ишга олишади. Дипломи борми, спортни тушунадими - иши йўқ. Силовой структурадан қўнғироқ бўлса бўлди, ишга олинди. 10 синфни тугатган, қўлида бирор дипломи йўқ ёш бола ҳам муҳаррир ёки режиссёр ўрнига ўтираяпти. Столга ўтириб, бировнинг кўрсатув папкасига исмини қўшиб ёзиш орқали пул ишлаяпти. Сиз бу ёқда итдай югуриб-югуриб, кўрсатув тайёрлайсиз. Мазасини улар кўради. Инсоф, диёнат деган нарсалар йўқ бўлиб кетган. Ҳозир энди текширувчиларни ҳам ёпти-ёпти қилишмоқчи. Яна сувдан қуруқ чиқиш йўлларини излашаяпти”, дейди Sport-TVнинг исмини очиқламаслик ва овозини эфирга бермаслик шарти билан гапирган муҳаррири.

Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг "Ёшлар" телеканалида ишлаб келган журналистлар Саодат Омонова ва Малоҳат Эшонқуловаларнинг телевидениедаги қонунбузарликларга қарши курашлари кўпчиликка маълум.

2010 йилда Ўзбекистон Бош прокуратураси Малоҳат Эшонқулованинг “Ёшлар” телеканали раҳбарияти устидан юқори ташкилотларга ёзган аризаси юзасидан текширув ўтказган ва каналдаги айрим камчиликларни қайд этган эди.
XS
SM
MD
LG