Линклар

Шошилинч хабар
31 март 2025, Тошкент вақти: 11:03

Давлат раҳбарлари “нозик масалаларни” ҳам муҳокама қилди


Душанба кунги учрашув пайтида Ислом Каримов Владимир Путин билан шахсий муносабатларидан фахрланишини изҳор қилди.
Душанба кунги учрашув пайтида Ислом Каримов Владимир Путин билан шахсий муносабатларидан фахрланишини изҳор қилди.

Москвада 15 апрел кунги учрашувда Ислом Каримов ва Владимир Путин Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги икки тарафлама ҳамкорлик ҳамда жаҳон сиёсий масалалари ҳақида фикр алмашди. Ўз чиқишида Россия президенти "нозик масалалар" ҳам кўтарилганини гапирди.


Каримов билан Путин нима ҳақида суҳбатлашди?

Россия президенти матбуот хизматининг Озодликка айтишича, Москвадаги учрашув натижаларига кўра, Россия ва Ўзбекистон президентлари матбуот учун чиқиш билан чекланади, журналистлар билан савол-жавоб бўлмаслигини билдиришди.

Ўзбекистон Президенти билан расмий учрашувдан кейин журналистлар олдида қилган чиқишида Владимир Путин Россия Ўзбекистоннинг энг йирик стратегик ҳамкори бўлиб қолаётганини таъкидлади.

- Биз Россия илгаригидек Ўзбекистоннинг энг йирик савдо-иқтисодий ҳамкори бўлиб қолаётганидан мамнунмиз. Лекин Россия Федерацияси билан савдода Ўзбекистоннинг ҳам улуши тинимсиз ўсиб бормоқда. Айтишим жойизки, жорий йилнинг биринчи чораги давомида бизда ўзаро товар айирбошлашнинг 20 фоизга ўсиши кузатилди... Биз турли халқаро ташкилотлар доирасида фаол ҳамкорлик қиляпмиз, у ерда нафақат ўзаро манфаатларимизни ҳисобга оламиз, балки бир-биримизни кўп ҳолларда қўллаб-қувватлаймиз,- дея баёнот берди Владимир Путин.

Кремл раҳбари Ўзбекистон билан Россиянинг ўзаро савдо ҳажми яна илгаригидек даражага етишига ишонч билдирди, чунки икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 2012 йил натижаларига кўра 6,2 фоизга камайгани ва 3,7 миллиард АҚШ долларини ташкил этгани маълум.

Делегациялар учрашуви пайтида эса Россия раҳбари айрим “нозик масалалар, иқтисодиёт, сиёсий ҳамкорлик, хавфсизлик соҳасидаги муносабатлар истиқболлари” муҳокама қилинишини гапириб ўтди.

Ҳозирча Владимир Путин таъкидлаб ўтган “нозик масалалар” айнан қайси муаммоларга тегишли экани номаълумлигича қолмоқда.

Ўз ўрнида, Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов икки давлат ўртасидаги муносабатлар энг аввало давлат раҳбарларининг шахсий муносабатларига таяниб келаётганини билдирди.

- Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги муносабатлар мустаҳкамлиги ва ривожланишининг энг муҳим омили бизнинг шахсий муносабатларимиз бўлиб келган. Ва мен, бу фурсатдан фойдаланиб, яна бир бор бу муносабатлар билан фахрланишимни айтмоқчиман. Ташрифимиз зарурлиги масаласида айтмоқчиманки, у дунё, жумладан минтақамизда содир бўлаётган муҳим тенденциялар ва воқеалар каби муҳим вазиятларга боғлиқдир,- деди Ислом Каримов делегацияларнинг кенг таркибдаги учрашуви давомида қилган чиқишида.

Ўзбекистон раҳбари халқаро коалиция қўшинларининг Афғонистондан чиқиб кетиши “вазиятни олдиндан айтиб бўлмайдиган ҳолатга олиб келиши, шу сабабли ўзаро консультациялар ўтказиш зарурлигини” тақозо этаётганини алоҳида таъкидлади.

Президент Каримов учрашув давомида Марказий Осиё минтақасидаги вазиятга оид “аввал билдирилган огоҳлантирувлари” ҳақиқатга яқинлигини ҳам эслатиб қўйди.

Каримов “барча вазиятлар олдиндан назарга олиб қўйилиши, улар олди олиниши ва ҳал этилиши” кераклигини айтиб, террорчилик ва диний радикализм масалалари бўйича тез-тез учрашиб туришни таклиф этди.

На икки давлат раҳбари учрашуви якунига биноан имзоланган ҳужжатларда ва на қилинган баёнотларда Россияда меҳнат қилаётган миллионлаб ўзбек муҳожири ва миграцияга оид йиғилиб қолган бошқа муаммолар муҳокама қилингани тўғрисида хабар қилинди.

Икки давлат раҳбарлари охирги марта ўтган йилнинг июн ойида учрашган эди: 2012 йилнинг 4 июнида ШҲТ саммитига кетаётган Владимир Путин Тошкентга қисқа вақтга тўхтаб ўтган эди.

Ўша куни икки мамлакат ўртасида ўзаро стратегик ҳамкорлик Декларацияси имзоланганига қарамасдан, бир-икки ҳафта ўтиб Тошкент Москва етакчилигидаги Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотидаги ўз фаолиятини тўхтатганини эълон қилди.

Ўзбекистон президенти сўнгги бор Москвага роппа-роса 3 йил аввал - 2010 йилнинг апрел ойида расмий сафар қилган эди.

Президентлар учрашуви якунида имзоланган ҳужжатлар

Икки давлат делегациялари учрашуви натижасида бир қатор расмий ҳужжатлар имзоланди.

Булар қаторида 2013-17 йилларга мўлжалланган ўзаро иқтисодий ҳамкорлик Дастури; маданий-гуманитар ва фан-техника соҳасидаги 2013-2015 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик Дастури; Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги сармоялар рағбатлантирилиши ва ўзаро ҳимояси тўғрисида Келишув; икки давлат ҳукуматлари ўртасидаги реадмиссия тўғрисида Келишув ва Ижро этувчи протоколлардир.

15 апрел куни имзоланган ҳужжатлардан ташқари, 11-12 апрел кунлари - Ўзбекистон президенти бошчилигидаги делегация ташрифи олдидан ҳам бир нечта давлатлараро ҳужжатлар имзоланди.

Россия Табиат заҳиралари ва экологияси вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси ўртасида Келишув; Россия Федерацияси Молиявий мониторинг хизмати ва Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш Департаменти ўртасида “пул ювиш” ва террорчиликни молиялаштиришга қарши ўзаро кураш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйишга оид келишув, Россия Федерал божхона хизмати ва Ўзбекистон божхона қўмитаси ҳаво транспорти орқали товарлар ташишдаги қонунбузарликларга қарши ҳамкорликни қонунийлаштирувчи Протокол шулар жумласидандир.
XS
SM
MD
LG