Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:50

Қуёш электр станцияси чироқ муаммосини ҳал қилмайди


Ўзбекистондаги илк қуёш электр станцияси келаси йилда Самарқандда қурила бошлайди. Мутахасислар 100 МВт кучга эга ушбу станция ҳам мамлакатдаги электр тақчиллигига барҳам бера олмаcлигини айтишмоқда.


Самарқандда 400 гектарда қуёш станцияси қурилади


Самарқанд вилояти Самарқанд тумани ҳудудидаги 400 гектар майдон қуёш электр станцияси учун ажратилди.

Бу ҳақда Озодлик билан ўзаро суҳбатда “Ўзбекэнерго” ташкилоти ходими маълум қилди.

“Самарқанд шаҳри марказидан 10-15 километр узоқликда, Қарши йўли томонда, Самарқанд тумани ҳудудидан 400 гектар ажратилаяпти. Бу Пастдарғом тумани чегарасида. Ҳазрат Довут зиёратгоҳи яқинидаги ерлар. Бу ерлар эски ҳарбий танкодром бўлган жойлар. Станция учун текис майдон керак экан. Ҳозир ҳужжатлаштириш ишлари кетаяпти”, деди “Ўзбекэнерго”нинг исмини ошкор қилмаётганимиз ходими.

Унинг айтишича, ҳозирда станциянинг техник-иқтисодий асослари текширилаяпти.

“Мутахасислар ўрганаяпти. Кузга бориб, синаш жараёни якунланади. 2014 йилдан станцияда қурилиш ишлари бошланади ва 2015 йилдан станцияни тўла қувватда ишга тушириш режалаштирилган”, деди “Ўзбекэнерго” ходими.

Станция ОТБ кредитига қурилади


Осиё Тараққиёт банки (ОТБ)нинг “Ўзбекистонда қуёш энергиясини ривожлантириш” лойиҳаси экспертларидан бири исмини очиқламаслик ва овозини эфирга бермаслик шарти билан Озодликка айтишича, молиялаштириш масъулиятини ОТБ ўз зиммасига олган.

“Осиё тараққиёт банки испанларни ишга жалб қилган. Испанлар қуёш энергия станциялари қуриш борасида дунё бўйича лидер. Халқаро экспертлар ҳам Испаниядан таклиф қилинган. Осиё Тараққиёт банки станция лойиҳаси бўйича ҳужжатлар ва бошқа ташкилий масалалар учун ҳаражатларни 100 фоиз ўзи тўлайди. Лойиҳанинг умумий қиймати 240 миллион АҚШ долларига тенг. Станция қурилиши бошлангач, “Ўзбекэнерго” ва Ўзбекистон ҳукумати маълум суммадаги маблағ билан лойиҳани молиялаштириши зарур. Ҳозир қанчаси ОТБдан, қанчаси “Ўзбекэнерго” ва давлатдан бўлиши номаълум. Маблағ масаласи ҳозир муҳокама қилинаяпти. Ҳозирча аниқ маълумотлар матбуотга очиқланмайди”, деди суҳбатдошимиз эксперт.

Самарқанддаги қуёш электр станцияси лойиҳаси Ўзбекистондаги электр-энергия соҳаси монополисти “Ўзбекэнерго” давлат ширкатига қарашли.

Ҳозирда ширкатнинг Электр тармоқлари бўлимида ташкил қилинган махсус гуруҳ станция қурилиши билан боғлиқ барча жараённи назорат қилмоқда.

“Қуёш станцияси электр муаммосини ҳал қилмайди”


ОТБнинг “Ўзбекистонда қуёш энергиясини ривожлантириш” лойиҳаси экспертига кўра, 100 МВт қувватига эга янги станция ҳам бугунги кунда мамлакатда кузатилаётган электр тақчиллиги муаммосини тўла ҳал қила олмайди.

“Энди бу станциянинг экологик тозалиги биринчи ўринда. Ҳозирги станцияларда газ, мазут, кўмир ишлатилаяпти. Улардан маълум чиқинди чиқиши аниқ. Лекин қуёш электр станциясидан атроф-муҳитга ҳеч қандай зарарли чиқинди чиқмайди. Ҳозирча бу станцияни арзон ҳам дея олмаймиз. Чунки ўзини қоплаши учун маълум вақт керак бўлади. Бугунги кунда Ўзбекистонда 90 фоиз электр энергияси газ ишлатиш ҳисобига олинади. Газни ёқиб, электр олаяпмизда. Ўзбекистонда 260-280 кун қуёшли кун. Янги станцияни шунча кун ишлатса бўлади. Тўғри бу қўшимча электр энергия. Ҳам газдан тежайсиз. Энди станция атрофидаги аҳоли ҳудудида электр тақсимотини яхшилашга ёрдам беради. Лекин бутун республикага таъсир кўрсата олмайди”, деди суҳбатдошимиз эксперт.

Самарқанддаги станцияси устида талаш


Ўзбекистон президентининг қизи Гулнора Каримова 24 март куни wordpress блогида, Twitter ва Facebook саҳифаларида Ўзбекистонда муқобил энергия манбалари хусусидаги баҳслар бунга оид лойиҳалар доирасида Осиё тараққиёт банки, Ўзбекистон қайта қуриш ва тараққиёт жамғармаси пулларига ўтказилаётган тендерлар юзасидан танқидий фикр билдирди.

Каримова хоним мамлакатда юқори технология лойиҳалари, Навоий вилоятидаги эркин иқтисодий зона, Самарқанддаги қуёш электр станцияси ва бошқа лойиҳаларни амалга оширишда вице-премьер Рустам Азимовни коррупцияга аралашганликда айблади.

Каримова хоним бунда Рустам Азимов собиқ молия вазири, ҳозирда Ўзбекистон қайта қуриш ва тараққиёт жамғармаси раҳбари Равшан Ғуломов билан тил бириктирганлигига ҳам шама қилади.

Рустам Азимов ҳозирча Гулнора Каримованинг бу айбловларига бирор муносабат билдиргани йўқ.

Айни пайтда 13 апрел куни Harakat.net сайтида эълон қилинган мақолада Гулнора Каримованинг Самарқанддаги қуёш электр станцияси лойиҳасидан моддий манфатдорлик кўзлагани, бироқ бу Рустам Азимов томонидан рад қилингач, унга қарши айбловлар янграгани ҳақида ёзилган.
XS
SM
MD
LG