Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:32

"MUVAD VIDEO" хўжайини судланмоқда


Тошкентда "MUVAD VIDEO" студияси раҳбари Абдушукур Исломов устидан маҳкама бормоқда. "MUVAD VIDEO" раҳбарияти ўтган йилнинг июн ойида иқтисодий жиноятларда айбланиб, қўлга олинган эди. Бу студия Ўзбекистонда аудио ва видео ёзиб олиш фаолиятини бошлаган илк хусусий студия эди. Юлдуз Усмонова, Озода Саидзода, Озодбек Назарбеков каби таниқли хонандаларнинг концерт дастурлари илк бор шу студияда ёзиб олинган.



1990 йиллар бошларида Тошкентда очилган хусусий "MUVAD VIDEO" студиясининг хўжайини, 45 яшар Абдушукур Исломов қатор иқтисодий жиноятларда айбланиб, Тошкентда судланмоқда.

Маҳкамани кузатаётган ва исми сир қолишини истаган тошкентлик манбанинг Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда айтишича, Ўзбекистонда овоз ёзиб олиш соҳасига пул тиккан илк бизнесменга Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 13 та моддаси билан айблов қўйилган.

Бу манбанинг Озодликка айтишича, жумладан, ЖКнинг 167-моддасининг 3 қисми а-б-бандлари, ва 149-,178-, 179-, 210-, 243-моддалар асосида тадбиркор солиқдан қочиш, сохта тадбиркорлик, контрафакт маҳсулотларни тайёрлаш ва тарқатиш, лицензиясиз ишлаш каби қатор жиноятларда айбланмоқда.

Тошкент шаҳар Жиноий ишлар судида ўтаётган маҳкамада Абдушукур Исломов билан бирга унинг бизнес ҳамкори - "MUVAD Media +" студиясининг раҳбари, Шерзод Абдулҳақов ҳам судланмоқда.

"MUVAD VIDEO" студиясида йиллар давомида қоровул бўлиб ишлаганини айтган, аммо исмини сир сақлаган ходимнинг сўзларига кўра, айни кунларда студия эшигига қулф осилган.

"Ишламаяпмиз ҳозир. Ўтган йили июндан бери Абдушукур қамоқдаку! Бир йилдан бери Тоштурмада ўтирибди. Бултур 4 июнда 10 киши келиб, офисни босган, шундан бери Абдушукур Тоштурмада ўтирибди", деди студиянинг Тошкентдаги идораси телефони гўшагини кўтарган ходим.

Озодлик мухбири студия раҳбари Абдушукур Исломовнинг яқин қариндоши билан боғланишга муваффақ бўлди. Шахси сир қолишини маъқул кўрган суҳбатдошимиз бу хабарларни тўлиқ тасдиқлади.

"Қариндошим - Исломов Абдушукур Ҳамидович, 4 июнда олиб кириб қўйилган. Ҳозир суд кетаяпти. 13 та модда билан айблов қўйганда. Абдушукурга 13 йил, акасига 12 йил, укасига ҳам 12 йил, яна битта фирма директорига ҳам 12 йил, ҳисобчилардан бирига 10 йил сўраяпти", дея гапириб берди судланувчиларнинг қариндоши.

Унинг айтишича ҳам, судланувчилар ўзларига нисбатан илгари сурилган айбловларни тан олмаган.

Озодликка исми сир сақланиши шарти билан сўзлаган ўзбекистонлик таниқли хонандалардан бирининг айтишича, "MUVAD VIDEO" студияси 1990 йиллар бошида аудио кассеталарни чиқариш билан иш бошлаган.

"Олдин аудио кассеталар бўлардику, оддий магнитофонга қўйиладиган, ўшалар билан иш бошлаган. Фақат булар қонуний қилиб, лицензион қилиб чиқарарди. Кейин, видео кассеталарни чиқаришни бошлади. Кейин уже Юлдуз Усмонова ва Озодбек Назарбековлар билан концерт ўтказишни бошлади. Охирги пайтларда Озодбек билан кўп ишлаётган эди. Ҳозир Озодбек "PanTerra Studio" билан ишлаяпти нимагадир", деди ўзбекистонлик таниқли ёш эстарада хонандаларидан бири.

Бу хонанданинг сўзларига кўра, "PanTerra Studio" яқинда очилган ва асосан, 2000 йиллардан сўнг танилган ёш хонандалар билан ҳамкорлик қилиб келмоқда.

"MUVAD VIDEO" студияси фаолиятини кузатиб келаётган Озодлик манбасининг сўзларига кўра, "PanTerra Studio"нинг Ўзбекистон президенти тўнғич қизи Гулнора Каримовага қарашли экани айтилади.
XS
SM
MD
LG