Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 08:29

“Дадам милиция бошлиғи урганидан кейин вафот этди”


Янгийўллик Давронбек отаси - фермер Турсунали Содиқов 16 апрел куни вафот этиши арафасида туман ҳокимлигида ўтказилган йиғилиш пайтида туман ички ишлар бўлими бошлиғи томонидан калтаклангани тўғрисидаги хабарни тасдиқлади.

Тошкент вилоят ички ишлар бошқармаси масъул ходимига кўра, “янгийўллик фермернинг ўлими юзасидан шикоят ўрганилмоқда”.


63 яшар фермер туман ҳокимлигида ўтказилган мажлис пайтида ички ишлар бўлими бошлиғи томонидан калтакланганидан бир кун ўтиб - 16 апрел куни юрак ҳуружидан жон бергани тўғрисида Озодлик маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячиларидан олинган маълумотларга таяниб хабар берган эди.

17 апрел куни дафн этилган фермер Турсунали Содиқовнинг ўғли Давронбекнинг айтишича, отасининг калтакланганига амакиси шахсан гувоҳ бўлган:

- Йиғилиш ўтаётган жойда амаким ҳам бўлган.

Озодлик: Калтаклангани ростми?

- Рост.

Озодлик: Ким урган? Ҳокимми ёки милиция бошлиғими?

- Начальник милиция. Дадамдан олдин иккита одамни ҳам урган. Кейин дадамнинг ҳам ëқасидан ушлаб тортган. Дадам йиқилиб кетганлар. Ураман, деб қўлини мушт қилиб борган дадамнинг устига йиқилиб кетгандан кейин. Таниб қолганми ë катталигини ўйлаб қолганми...

Озодлик: Қачон дафн қилдинглар? 16 апрел куни дейишаяпти?

- 17 апрел куни қўйдик, деди марҳум фермернинг ўғли Давронбек.

Унинг айтишича, туман прокуратураси унинг амакиси ва сингилларини чақириб, “бир нарсалар” ёздирган. Воқеа юзасидан жиноят иши очилганми-йўқлигини Давронбек билмайди. У бошқа саволларимизга жавоб беришни истамади.

Тошкент вилоят ички ишлар бошқармаси “Ишонч телефони”нинг ўзини таништирмаган навбатчиси саволларимизга жавоб берар экан, янгийўллик фермер Турсунали Содиқовнинг ўлими юзасидан айнан бундай деди:

“Бу ҳақда кеча Ишонч телефонига қўнғироқ қилинган экан. Мурожаатнома раҳбариятга етказилди. Раҳбарият инспекцияга қонуний чора кўришни топширди”.

Бошқарма вакилининг айтишича, Янгийўл туман ички ишлар бўлими бошлиғи Азиз Тошпўлатов ишдан четлатилган эмас.

63 яшар янгийўллик фермер Турсунали Содиқовни 15 апрел куни туман ҳокимлигида ўтказилган мажлис пайтида ички ишлар бўлими бошлиғи Азиз Тошпўлатов калтаклагани ва фермер эртасига юрак ҳуружидан вафот этгани тўғрисида Озодлик Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси тарқатган маълумотларга таяниб хабар берган эди.

Маълум бўлишича, фермернинг ўлими юзасидан вилоят ички ишлар бошқармаси “Ишонч телефони”га бошқа бир ташкилот - Инсон ҳуқуқлари альянси вакили Елена Урлаева мурожаат қилган.

Елена ўзининг Янгийўлдаги фаолларига таяниб, 15 апрел кунги воқеа тўғрисида мана бундай деди:

- Туман ички ишлар бўлими бошлиғи Тошпўлатов Азиз мажлисга кеч қолгани учун фермер Содиқовни кўпчилик кўз ўнгида калтаклаган, деди Елена.

Янгийўл туман ҳокимлиги қошидаги Фермер хўжаликлари уюшмаси ходимаси сўзларига кўра, у воқеадан хабарсиз.

- Уммм, ундан хабарим йўқ-да, билмасам энди, нима бўлганини, деди уюшма вакили.

Айтишича, у саволларимизга жавоб бераётган соатларда (29 апрел, кундузи) уюшма раҳбарлари фермерлар иштирокидаги селектор йиғилишида қатнашмоқда эди.

Айни пайтда фермернинг ўлими янгийўлликлар орасида тилдан тилга кўчаётган миш-мишларнинг энг долзарби.

Ўзини Аъзамжон, деб таништирган янгийўллик бундай деди:

- Касал одам экан у. Давлениеда ëтган экан уйида. Ҳокимнинг “носилкада бўлса ҳам олиб келинглар” деганини эшитдим. У ерда энди нима гап бўлган борганда,
деди янгийўллик Аъзамжон.

Афтидан, фермер Турсунали Содиқов ўз уйида вафот этган. Ҳар ҳолда Янгийўл туман марказий касалхонасидан олганимиз маълумотга қараганда, 12 апрел билан 20 апрел орасида бу касалхонада Турсунали Содиқов исмли бемор ётмаган.

Ўзини таништиришни истамаган янгийўллик аёл фермер билан боғлиқ воқеанинг тошкентлик ҳуқуқ ҳимоячилари хабарига ўхшаш версиясини айтди:

- Ҳамма, бутун Янгийўл гапираяпти. Фақат битта нарса айтишаяпти. Собраниега чол кечикиб қолган. Ниҳоятда яхши одам экан Турсунали ака. Фамилиясини, Худо ҳаққи, билмайман. Ҳамма гапираяпти. Кечикиб борган экан. Кечикиб борса, началник милиция бир урган. Ургандан кейин ҳалиги чол ҳушидан кетиб, гангиб қолган. Бутун толпа началник милицияга ташланган. Ҳокимиятдан кимлардир бўлган, областдан кимлардир бўлган, тинчитишган бу ишни. Эртаси куними, ундан кейинми чол уйига келиб оламдан ўтиб қолган деб эшитдик, деди янгийўллик аёл.

Фермер Турсунали Содиқовнинг ўлими туман милицияси бошлиғининг таҳдиди ва балки калтаклаши билан боғлиқми –йўқми? Бу саволга суд-тиббий экспертизаси жавоб бериши мумкин. (Албатта, жиноят иши қўзғатилса ва шундай экспертиза тайинланса)

Лекин, боғлиқ бўлмаган тақдирда ҳам, Ўзбекистонда вилоят ва туман миқёсидаги раҳбарларининг фермерларни калтаклаши одат тусига кириб қолган ва мутлақо тушуниб бўлмайдиган ҳодисаки, Озодлик радиоси ўзига маълум бўлган ҳар бир факт тўғрисида бир неча йилдан бери хабар бериб келади.

Бундан уч ярим йил олдин Ўзбекистон республикаси Вазирлар маҳкамасининг Жиззах вилоятидаги вакили Ўктам Турсунов фермерлардан бирининг ишидан камчилик топиб, уни ўзига ўзи гўр қазишга мажбурлагани тўғрисида хабар берган эдик.
XS
SM
MD
LG