Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 01:38

Алишер Усмоновнинг жияни автоҳалокат қурбони бўлди




Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида 8 май куни тонг саҳарда рўй берган автоҳалокат оқибатида асли ўзбекистонлик миллиардер Алишер Усмоновнинг жияни ва унинг йўлдоши ҳалок бўлди. Йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимларининг сўзларига кўра, катта тезликда келган автомашинани ҳайдовчи бошқаролмай қолиб, йўл четидаги тўсиққа қаттиқ урилган.

Ҳалокат тафсилотлари

“Тошкентнинг Юнусобод туманидаги “Шедевр” супермаркети ёнида 8 май куни эрталаб соат 5 дан 15 дақиқа ўтганда содир бўлган автоҳалокат натижасида россиялик миллиардер Алишер Усмоновнинг жияни Бобур Усмонов бошқараётган қизил рангдаги “Форд Мустанг” русумли автомобил аварияга учради. Ҳалокат натижасида Бобур Усмоновнинг ўзи ва унинг ёнида кетаётган 20-25 ёшлардаги қиз ҳам воқеа жойида ҳалок бўлди. Автомобил қайта тикланмайдиган даражада пачоқ бўлган”, деб хабар берди Озодликнинг Тошкентдаги манбаларидан бири.

Юнусобод тумани йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлимининг ўзини таништирмаган ходими ҳақиқатан шундай авария бўлганлигини тасдиқлади ва бу ҳалокатда ўлим ҳолати борлиги учун бу воқеа билан Ўзбекистон Ички Ишлар вазирлигининг Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси шуғулланаётганини айтди.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасининг ўзини таништирмаган мулозими Озодлик билан суҳбатда, бу автоҳалокатда қурбон бўлганларнинг бири Алишер Усмоновнинг жияни эканлигини тасдиқлади:

- Бу автоҳалокатда икки киши ўлди. Бири Алишер Усмоновнинг жияни Усмонов Бобур Баҳодирович, иккинчиси Йўлдошева Кристина Камиловна. Ҳайдовчи бошқарувни йўқотиб ағдарилган, деди республика Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси мулозимларидан бири.

Ҳалокат содир бўлган "Шедевр" комплексининг Ўзбекистон президенти тўнғичи Гулнора Каримовага қарашли экани айтилади.

Миллиардлар меросхўри ва куëв

Бобур Усмоновнинг оиласига яқин бўлган Озодлик манбаларидан бирининг айтишича, Бобур Алишер Усмоновнинг ягона укаси Баҳодир Усмоновнинг ўғли бўлган ва у миллиардер амакисининг асосий меросхўрларидан бири сифатида кўрилган. Алишер Усмоновнинг ўз фарзанди бўлмагани боис¸ оилага яқин манбаларга кўра¸ Бобур унга ўғил мақомида яқин бўлган.

Rossiya va Britaniyaning eng boy odami Alisher Usmonov o'ziga o'g'liday yaqin bo'lgan jiyanidan ayrildi
Rossiya va Britaniyaning eng boy odami Alisher Usmonov o'ziga o'g'liday yaqin bo'lgan jiyanidan ayrildi
Айни пайтда¸ Бобур Усмонов 2009 йилда Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиëевнинг жияни Диëрага уйланган ва бу никоҳдан туғилган бир яшар Марям исмли қизчаси бор. Бобур ва Диëра тўйи ҳақида хабар тарқатган айрим норасмий нашрлар¸ бу никоҳнинг Усмонов ва Мирзиëев¸ пул ва ҳокимият никоҳи сифатида баҳолашган эди. Усмоновлар оиласига яқин манбага кўра¸ Бобур ва Диëра севиб турмуш қуришган.

Озодлик манбаларига кўра, Бобур Усмонов ҳам Москвада яшаган, Тошкентга эса Алишер Усмоновнинг бошқа бир жияни Асал Нарзиеванинг никоҳ тўйига меҳмонга келган. Тўй 10 май кунига белгиланган эди, бироқ айни пайтда тўйнинг қолдирилиши ҳақида гап бўлаяпти, дейди манба:

- Бу тўйнинг ЗАГСи бўлиб ўтди, кеча Бобур бошқа бир ўртоғининг туғилган кунида қатнашган. "СМИ" деган кафеда кечаси билан ўтиришган. Ўша кафедан эрталаб чиқиб кетгандан сўнг аварияга учраган. Бобур Усмоновнинг бир ёшли қизи етим қолди. Хотини Диёра учун, айниқса, бу жуда кутилмаган мусибат бўлди. Жуда қаттиқ қайғурди, у шўрлик. Ҳатто уйга олиб келишганда мени ҳам бирга кўминглар деб, маййитнинг ёнига ётиб олди, дейди Озодлик манбаси.

Bobur va Diyora (Foto Instagram ijtimoiy tarmog'idan olingan)
Bobur va Diyora (Foto Instagram ijtimoiy tarmog'idan olingan)

Бу манбага кўра, автоҳалокатда нобуд бўлган Кристина Йўлдошева Бобурнинг дўстларидан бирининг жазмани бўлган. Дўстининг илтимосига кўра, у қизни уйига олиб бораётганда фалокат содир бўлган.

Манбага кўра, Бобур Усмонов 8 май куни, Тошкентда тупроққа қўйилган.

Алишер Усмоновнинг яна беш нафар жияни бор. Марҳум Бобурнинг синглиси Гулнора (Ганя) Усмонова ва Алишер Усмонов икки синглисининг фарзандлари Санжар ва Сарвар Исмоиловлар ҳамда Насиба ва Асал Нарзиевалар.

Асли наманганлик бўлган Алишер Усмонов бугун Россиянинг энг бой одами ҳисобланади.

Forbes журналининг 2013 йилги рейтингида асли ўзбекистонлик Россия фуқароси Алишер Усмонов 17,6 миллиард доллар билан жаҳон бойлари орасида 34-поғонани эгаллади.
XS
SM
MD
LG