Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 12:54

“Ўздонмаҳсулот”ни прокуратура босди


Ўзбекистон Бош прокуратураси мамлакат ун бозорининг монополисти бўлган “Ўздонмаҳсулот” ширкати фаолиятини тафтиш қилишни бошлади.
Воқеадан хабардор Озодлик манбасига кўра, прокуратура ходимлари мазкур ширкатда амалга оширилаётган ноқонуний ишлар, жумладан, Қозоғистондан Ўзбекистонга ун контрабандаси ҳолатларини тафтиш қилмоқда.

“Ўздонмаҳсулот”нинг барча бўлимлари текширилмоқда

Жорий йилнинг апрел ойи охиридан бошлаб Ўзбекистон Бош прокуратурасида тузилган махсус гуруҳ томонидан “Ўздонмаҳсулот” очиқ турдаги акционерлик компаниясида текширув бошланди.

“Ўздонмаҳсулот” ширкатининг Тошкентдаги бўлимларидан биридан олинган маълумотга кўра, текширув ширкатнинг пойтахтдаги барча бўлимларида ўтказилмоқда.

“Текширув барча бўлимларда бўлаяпти. Бизни ҳам текшираяпти”, деди “Ўздонмаҳсулот” ширкатига қарашли Тошкентдаги фирмалардан бирининг ўзини таништирмаган ходими.

Озодлик манбасига кўра, прокуратура ходимлари мазкур ширкатда амалга оширилаётган ноқонуний ишлар, жумладан, қозоқ унининг контрабандаси билан боғлиқ ҳолатларни тафтиш қилмоқда.

“Ўздонмаҳсулот” ширкати масъулларидан текширув тафсилотлари борасида маълумот олиш имкони бўлмади.

Ширкатнинг расмий сайтида эълон қилинган телефон рақамига жавоб берган ва ўзини таништирмаган ходим бу юзадан фақат ёзма мурожаат қилиш лозимлигини уқтирди.

- Бу каби маълумотларни бизлардан сўрашга нима ҳаққингиз бор? Бу стратегик объект бўлса! Тушундингизми, стратегик объект! Фақат ёзма равишда мурожаат қилиш мумкин, деди ширкат ходими.

“Ўздонмаҳсулот”нинг Қорақалпоғистон, Фарғона, Хоразм, Жиззахдаги бўлимлари билан боғланиб, “ҳали вилоятларда ҳеч қандай текширув бошланмаган” деган жавобни олдик.

“Контрабанда унлари мусодара қилинади”

Тошкент вилоятидаги Келес темирйўл божхона бекати Қозоғистондан келадиган унни қабул қилиб оладиган асосий божхона постларидан бири ҳисобланади.

Мазкур божхона постидан олинган маълумотга кўра, ноқонуний йўл билан мамлакатга олиб кирилган ун маҳсулотлари аниқланса, мусодара қилиниш ҳолатлари учраб туради.

“Бу ҳолатлар юридик шахс мақомига эга шахслар томонидан амалга оширилган пайтлари бор. Масалан, фирма божхона ҳужжатларига олиб келинаётган уннинг аниқ миқдорини кўрсатмайди. 120 тонна ун олиб келаётган бўлса, шунинг 100 тоннаси ҳужжатда кўрсатилади. 20 тонна унрастаможка қилинмайди. Бу 20 тонна ун ноқонуний йўл билан олиб кирилган ҳисобланади ва давлат фойдасига мусодара қилинади”, деди Келес божхона постининг ўзини таништирмаган ходими.

Озодлик илтимосига кўра, қозоқ унининг контрабандаси билан боғлиқ вазиятни ўрганган тошкентлик журналистга кўра, бу каби ҳолатлар аксар ҳолларда божхона ходимлари билан ҳамкорликда амалга оширилади.

“Божхона ҳужжатларида уннинг навини ҳам паст кўрсатиб олиб келиш ҳолатлари ҳам бор. Масалан, олий навли унни, биринчи нав қилиб расмийлаштириб, божхона ҳаражатларини арзонлаштириш мумкин. Кейин қозоқ-ўзбек чегараларида ун контрабандаси билан шуғулланувчи махсус гуруҳлар бор. Булар божхоначилар билан келишган ҳолда унни растаможка қилдирмасдан чегарадан олиб ўтиб беради”, дейди исмини ошкор қилмаётганимиз тошкентлик журналист.

Тошкент қозоқ унидан воз кечмоқчи

Ўзбекистон Қозоғистондан ун сотиб олишни камайтириш ҳисобига бу мамлакатдан буғдой импортини оширишни режалаштираётгани айтилмоқда.

Озодлик манбаларига кўра, Ўзбекистонда кейинги икки йил ичида қозоқ унига ўзбек унини қўшиб ун ишлаб чиқарадиган камида учта қўшма корхона ташкил қилинган.

Бу корхоналар Туркия, Қозоғистон ва Россия билан ҳамкорликда ташкил қилингани айтилаяпти.

“Қозоқдон” ширкати таҳлилчиси Олимбек Габитовга кўра, келаси уч йил ичида Ўзбекистон қозоқ уни импортини 50 фоизга қисқартириши тахмин қилинмоқда.

Лекин унинг айтишича, шу билан биргаликда Ўзбекистон Қозоғистондан буғдой сотиб олишни кўпайтиришни режалаштираяпти.

“Ўзбек уни сифатсиз”

Озодлик манбаларига кўра, шу кунда Тошкент бозорларида маҳаллий уннинг 50 килограммлик қопи ўртача 52-64 минг сўм, қозоқ унининг бир қопи 72-79 минг сўм, қозоқ ва ўзбек унидан қўшиб тайёрланган уннинг бир қопи эса 73 минг сўм атрофида сотилаяпти.

Тошкентлик Абдуманнон аканинг айтишича, аҳоли қиммат бўлишига қарамасдан қозоқ унини ишлатишни маъқул кўради.

- Қозоғистонникини ишлатамизда. Ўзбек уни ҳаттоки угра ошга ҳам ярамайди, ўша ҳам чиқмайдида. Атала бўлиб кетади. Қозоқ ва ўзбек уни аралаштириб тайёрланган ун ҳам овқатга бўлмайди. Фақат нонга бўлади,- дейди Абдуманнон ака.

Ўзбекистон қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг исми сир қолишини истаган ходимига кўра, мамлакатда ҳар гектар ердан 40-50 центнердан буғдой олинаяпти.

“Қозоқдон” ширкати маълумотига кўра, Қозоғистонда ҳар гектардан 16-17 центнердан буғдой ҳосили олинади.

Ўзбекистон қозоқ уни ва буғдойининг минтақадаги асосий харидорларидан бири ҳисобланади.

Британиядаги Халқаро Ғалла қўмитаси ҳисоб-китобларига кўра, Ўзбекистон йилига четдан 1,5 миллион тонна буғдой импорт қилади.

Ўзбекистон Қозоғистондан ташқари МДҲнинг бошқа давлатлари Россия ва Украинадан ҳам ун сотиб олади.
XS
SM
MD
LG