Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 08:08

Термизликлар уйларига булдозер солинaяпти


Термиз шаҳрида ободончилик ишлари доирасида аҳоли яшайдиган юзлаб уйлар бузилмоқда. Шаҳар ҳокимининг қарори билан уйини бўшатмаган одамлар милиция ва хавфсизлик ходимлари томонидан сиқувга олинмоқда. Бу ҳақда YouTube порталида пайдо бўлган видеолавҳада айтилади.75 ёшли онахон мамлакат президентига мурожаат қилар экан, бу ҳақсизликнинг олдини олишда ундан ёрдам сўрайди.

"Кўз ёшларимиз билан битилган мактубларга мантиқли жавоб бўлмади"

YouTube порталига 13 майда жойлаштирилган “Термизда аҳолини ўз уйларидан кўчиришмоқда” сарлавҳали видеолавҳада бузилишга тушган уйлардан бирининг олдида кўп сонли милиция ходимлари тўплангани кўрсатилар экан, ғала-ғовур шовқинда милиция ходимлари ва одамлар ўртасидаги жанжал мазмуни узуқ-юлуқ эшитилади.



Видеолавҳада термизлик 75 ёшли онахон мамлакат президентига мурожаат қилар экан, Термиз шаҳридаги бузилишлар зўравонлик билан олиб борилаётганини таъкидлайди:

- Термиз шаҳри раҳбарияти ободончилик ишлари ниқоби остида ўтган 2012 йилнинг феврал ойидан бошлаб ҳеч қанақа уй-жой бермасдан халқни ўз уйидан мажбурлаб, зўравонлик қилган ҳолда кўчага ҳайдаб чиқармоқда. Биз бу ҳақда тегишли вазирликларга жуда кўп мурожаат қилдик. Афсуски кўз ёшларимиз билан битилган ўнлаб мактубларга пойтахтдан ҳеч қанақа ижобий ва мантиқли жавоб олмадик, дейди онахон.

Унинг видеолавҳа давомида айтишича, 2013 йилда ҳам уйларни бузиш ишлари давом этаяпти:

- Бугун эрта тонгдан бошлаб бизнинг тинчимизни бузди. Уйимни бузмайман¸ деган кишиларга тракторни олиб келиб тўғирлаб қўйди. Уй эгалари рухсат қилмагандан кейин улар мажбуран куч ишлатишди. Бу жанжалда мазаси қочиб қолган кишиларга ёрдамга келаётган тез ёрдам машиналарини ҳам қўйишмади. Бу кўчаларга қанча меҳнатимиз сингган бизларни, бу Термиздаги энг обод кўчалардан. Бу кўчаларни бузгандан кўра, аҳолини қақшатгандан кўра, Термизимизда жуда очиқ жойлар кўп, ана ўша ерда чиройли шаҳарча қуриб олаверсин. Биз кўчамизни, уйларимизни бермаймиз, дейди термизлик онахон YoTube порталига 13 майда жойлаштирилган видеолавҳада.

"Уйлар асл баҳосидан ўн баравар кам нархланяпти"

Озодлик мухбири видеолавҳада акс эттирилган бу воқеа тафсилотларини ўрганиш жараëнида Термиз шаҳридаги ўз манбалари билан боғланди.

Исми сир қолишини сўраган термизлик ўқитувчилардан бири, шаҳар ҳокимлигининг аҳолига нисбатан ҳақсизлик қилаëтганини тасдиқлади:

- Ўтган йилдан бошлаб, Термиз кўчалари бомба тушган шаҳарни эслатади. Бузилиш қаттиқ бўлаяпти. Одамларнинг уйларини кадастр бўлими нархлаган. Лекин жуда ҳам арзон нархлаган. Мана мисол. Мени домдаги қўшнимни ўша ерда 10 хонали катта уйи бор эди. Шуни уйини бузишган экан, 15 миллион сўмга нархлабди. Бу пул фақат бузишнинг ўзига етган. Ҳокимият арзимаган пул бераяпти, жуда нари борса 30-40 миллион сўм бераяпти. Ваҳоланки, 200-300 миллион сўмлик уйлар эди улар. Шунга аҳоли қаттиқ норози. Лекин милиция билан бостирилаяпти бу норозиликлар, дейди термизлик ўқитувчи.

Термизлик бошқа бир манбанинг айтишича, уйидан кўчишни истамаган аҳоли уйларининг бир қанчасини томлари мажбурлаб бузиб ташланган ва бир ой тинимсиз ёққан ёмғир бу одамларни тамоман хонавайрон қилган:

- Йигирмага яқин хўжаликнинг чердакларни бошида милиция туриб, мажбурлаб буздирган. Бўлмаса булдозер соламиз¸ деган. Эртаси куни тинимсиз ёмғир ва жала бошлади. Мен шу ёшга кириб Термизда бундай дўл ёққанини кўрмаган эдим. Оқибатда уйлардан сув ўтиб, хонадонлардаги телевизор борми, мебел борми, гилам борми, хуллас ҳамма нарса лойга аралашиб расво бўлган. Одамлар норози бўлиб, ҳокимиятга ҳам боришган эди. Лекин ҳеч нарса бўлмади, дейди термизлик манба.

Озодлик бу воқеага муносабат олиш мақсадида аввал Термиз шаҳар Ер ресурслари кадастр бўлими билан боғланди. Ўзини таништирмаган кадастр бўлими мутахассиси бу ишлардан хабари борлиги, лекин саволларга фақат шаҳар ҳокимлиги жавоб бера олишини айтди.

Шаҳар ҳокимлигининг Қурилиш бўлими мутахассисиси бу ишлар билан шаҳар ҳокимининг қурилиш ишлари бўйича ўринбосари Панжи Усановдангина жавоб олишимиз мумкинлигини айтди.

Ҳоким ўринбосари Панжи Усанов Озодлик билан бўлган қисқа суҳбатда уйлари бузилган одамларга ёрдам берилаётганини айтар экан, бу ёрдамнинг қай даражада эканлигини очиқламади:

- Ёрдам берилаяпти. Ҳозир йиғилишдаман. Келинг шу ерда гаплашамиз, ҳамма ҳужжатлар тайёр, ҳамма нарса қонуний бўлган, деб гапни қисқа қилган ҳоким ўринбосари телефонини ўчириб қўйди.

Товон пули миқдоридан аҳоли рози эмас

Ўзбекистонда ўтган йиллар давомида ободонлаштириш мақсадида аҳоли уйлари, тадбиркорлик объектларини бузиш одат тусини олди. Бош вазир Шавқат Мирзиëев раҳбарлигида амалга оширилаëтган бундай "ободонлаштириш" натижасида уйсиз қолган ўзбекистонликлар бузилган уйлар учун товон пули жуда кам тўлангани ёки умуман берилмаганидан шикоят қиладилар.

Шу йилнинг апрел ойида, Андижон вилоятининг Избоскан тумани Пойтуқ шаҳарчасидаги аҳоли уйлари ва тадбиркорлик объектлари бузилаётгани ва аҳоли товон пули ва ер ололмаётганлиги хабар қилинган эди..

Жорий йилнинг феврал ойида Урганч шаҳри марказидаги уйлар, xусусий дўкон ва ресторанлар бузилган, уйи бузилган хонадон эгалари товон пули ололмаëтганидан норозилик билдирган эдилар.

Наманган вилоятининг Норин тумани маркази Ҳаққулобод шаҳрини янги бош планга асосан ободонлаштириш ишларида ҳам ҳаққулободликлар товон пули ололмаганини айтган эдилар.

Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёев 2011 йил 22 ноябр куни Фарғона вилояти ҳокимиятида ўтказган йиғилишда шаҳар реконструкциясига халал берадиган аҳоли уйларини бузиш ва кўчириш ҳақида тегишли ташкилотларга буйруқ берган ва бу аҳолининг норозилигига сабаб бўлган эди.
XS
SM
MD
LG