Гулнора Каримова Швециянинг TeliaSonera ширкатига кўп миллион долларлик ҳақ эвазига Ўзбекистон давлат идораларидан “ҳимоя қилишни” таклиф қилганига ишора қилувчи ҳужжатлар Швеция жамоатчилик телеканaли мухбирларига шахси сир қолишини истаган манба томонидан тақдим қилинди. TeliaSonera ва Гулнора Каримова ўртасида шубҳали алоқалар бўлганига оид гумонларни янада кучайтирувчи ҳужжатларни Швеция жамоатчилик телевидениеси ва Озодлик журналистлари биргаликда тергов қилди.
Москвадан келган чопар
- Бу қоғозлардаги ёзувлар айни бир аёлга тегишли, деган хулосага келдим. Бу ўрта ёшлардаги аёл, жуда фаол, раҳбарлик қилишни жуда яхши кўрадиган, моддий бойликка ружу қўйган, маънавий қадриятларни тан олмайдиган, тадбиркор аёлдир.Исроилдаги Графология институти раҳбари, сертификатланган суд-тергов графологи Инесса Голдберг Озодлик сўровига кўра ўтказган икки дастхат таҳлили натижаларини баён қилмоқда.
Инесса Голдберг графоанализ хулосаларини Озодликка тақдим қилмагунича, у кимга тегишли дастхатларни таққослаганини билмаган.
Бу ҳужжатлар компьютерда ёзилиб, принтердан чиқарилган, лекин баъзиларида
Бу ўрта ёшлардаги аёл, жуда фаол, раҳбарлик қилишни жуда яхши кўрадиган, моддий бойликка ружу қўйган, маънавий қадриятларни тан олмайдиган, тадбиркор аёлдир.Инесса Голдберг, графолог
Инесса Голдберг бу ёзувларни таҳлил қилган ягона мутахассис эмас. Ундан аввал ҳужжатлардаги ёзувларни оригинал дастхат билан Стокхолмдаги суд-тергов лабораторияси графологи Улла-Бритт Аберг ҳам таҳлил қилди.
- Бу ҳужжатлар Кирилл алифбосида ёзилгани боис уларни таҳлил қилиш анча қийин бўлди. Мен биздаги маълумотномалар ёдамида таҳлил қилдим.
Улла-Бритт Аберг -4дан +4гача бўлган 9 баллик ўлчов бўйича ҳуснихатлар бир одамга тегишли экани эҳтимолини “0”га, яъни ўртага қўйди. Швециялик мутахассис таққосланган дастхатлар услубида аниқ ва жиддий ўхшашликлар бор, дея хулоса қилди.
Шу йилнинг феврал ойида Москвдан Стокҳолмга махсус учиб келган шахс Швеция жамоатчилик телевидениеси журналистларига тақдим қилган ҳужжатларга кўра, Ўзбекистондаги UCell мобил операторининг эгаси TeliaSonera ширкатига, кўп миллионлик ҳақ эвазига давлат назорат органларидан ҳимоя таклиф қилинган.
Швеция жамоатчилик телевидениеси мухбири Йоахим Дифвермарк катта қисми Швеция ва Финляндия ҳукуматларига тегишли TeliaSonera ширкатининг Ўзбекистондаги фаолияти юзасидан суриштирув ўтказган журналист.
- Александр исмли шахс бизга қўнғироқ қилиб, Гулнора Каримовага тегишли ҳужжатларни қўлга киритганини иддао қилди. Ўша пайтда, TeliaSoneraга оид журналистик суриштирувимиздан кейин бизга кўпчилик телефон қилаётган эди, шу боис бунга шубҳа билан қарадик, лекин “ҳужжатларни юборинг, кейин гаплашамиз”, дея жавоб бердик. Орадан бироз вақт ўтгач, бизга яна бир шахс телефон қилиб, ҳужжатларни олиб келганини айтди ва Стокҳолмда учрашишни таклиф қилди. Биз бу одам Александр бўлса керак, деб ўйладик, лекин у шунчаки курьер вазифасини бажарган бўлиб чиқди. У одам ўз шахсини ошкор қилмади. Шундан кейин биз Александр билан яна бир неча марта телефон ва Скайп орқали боғландик, қайси ташкилотда ишлайсиз, нима учун бу ҳужжатларни бизга бераяпсиз, деб сўрадик, лекин у саволларимизга жавоб бермади, дейди швед журналисти Йоахим Дифвермарк.
Ўтган ойда Швеция жамоатчилик телевидениесининг журналистлари Озодликка бу ҳужжатларни биргаликда текширишни таклиф қилишди.
Ҳимоя учун 15 миллион доллар
Швед жамоатчилик телевидениеси ва Озодлик журналистлари бу ҳужжатлар қалбаки бўлиши мумкинлиги¸ ҳамда бунинг ортида Гулнора Каримовага қарши ишлаётган гуруҳлар ёки TeliaSonera ширкати рақиблари турган бўлиши мумкинлигини эҳтимолдан қочирмаган ҳолда текширув бошлади.Ҳикоямиз исроиллик графолог экспертнинг ана шу ёзувлар экспертизаси натижаларини баён қилиши билан бошланди. Мутахассиснинг ана шу хулосалари мазкур ҳужжатларни эълон қилишимизга туртки бўлди.
Лекин бу ҳужжатлар Тел-Авивга юборилишидан аввал швед ҳамкорларимиз бу қоғозларни собиқ полиция терговчиси ва Швецияда йирик молиявий жиноятни фош қилгани билан танилган Ларс Ҳаммарга олиб бордилар:
- Ҳужжатларни таҳлил қилишга ҳаракат қилдим. Уни ёзган одам TeliaSoneraнинг Ўзбекистондаги бизнес фаолияти, жумладан пора берганидан яхши хабардор бўлгани кўриниб турибди... Агар ҳужжат ҳақиқий бўлиб чикса, бу ташвишли ҳолдир, чунки бу TeliaSonera йиллар давомида Ўзбекистонда пора бериб ишлашга рози бўлганини англатади.
Ларс Ҳаммар тавсиясига кўра, ҳужжатларнинг ҳақиқийлигини текшириш мақсадида швед ҳамкорларимиз ёзувларни Гулнора Каримованинг асл дастхатига солиштириш учун Стокҳолмдаги суд-тергов таҳлили миллий лабораторияси мутахассисига мурожаат қилди.
Лекин швециялик графологларнинг Кирилл алифбоси бўйича тажрибаси етарли бўлмаган боис, Озодлик бу ҳужжатларни эълон қилишдан аввал, иккинчи фикрни олиш учун ҳамда Кирилл алифбосидаги дастхат бўйича мутахассисга кўрсатишни таклиф қилди. Бундан ташқари ҳужжатда келтирилган фактлар ҳам синчковлик билан текширилиши керак эди.
Ҳужжатни ёзган одам кўп нарсани... жараённинг барча жиҳатларини яхши билиши кўриниб турибди...Ларс Ҳаммар, Швеция полициясининг собиқ терговчиси
- Бу ҳужжатлар менга нусха сифатида, факс орқали ўтказилган ҳолда, тақдим қилинганига қарамасдан, дастхатларнинг 23 та бир хил жиҳати бор. Бу эса дастхатлар бир-бирига мос¸ дейишга жиддий асосдир. Менинг хулосам бўйича, бунинг эҳтимоли жуда юқоридир, яъни мен 75 фоиз ишонч билан дастхатлар бир одамга тегишли дея айта оламан, дейди исроиллик суд-тергов графологи Инесса Голдберг.
Дастхат бўйича мутахассис хулосасига кўра, Гулнора Каримовага қарашли бўлиши эҳтимоли бўлган ёзувлар битилган ҳужжатлардан бирида Ўзбекистон Давлат солиқ инспекцияси, Давлат божхона қўмитаси, Монополияга қарши кураш қўмитаси, Давлат алоқа инспекцияси, Ўзбектелеком давлат ширкати ва Ташқи ишлар вазирлиги каби идоралар текширувидан фориғ қилиш эвазига швед ширкатидан ҳар чоракда 3 миллион АҚШ доллари нақд тўлаб туриш¸ ҳамда Гулнора Каримова етакчилигидаги Фонд Форум тадбирларига ҳомийлик қилиш талаб қилинган.
Рус тилида тайёрланган ҳужжат мазмунидан TeliaSonera билан музокара жараёни тўғрисидаги ҳисобот эканини англаш мумкин.
Бу ҳужжатларда TeliaSonera ширкатига қўйилган шартлар ва олинган жавоблар баёни келтирилган.
“2012 йилнинг 27 июл куни TeliaSonera вакилига етказилди:
Мижозлар базасини кўпайтириш учун – 5 миллион доллар, опционга қўшиш билан бирга. Лекин вазиятга қараб, қайта ҳисоб қилинади, яъни натижада 2 миллиондан ортиқ абонент ўтса, бу суммага қўшилади”, деб ёзилади ҳужжатнинг биринчи қисмида.
TeliaSonera абонентлари сони ким ҳисобидан кўпайтирилиши ҳақида ҳужжатда аниқ айтилмаган, лекин бу хат 27 июл куни, МТС мобил ширкати молиявий қонунбузарликларда айбланиб ёпилишидан 10 кун ўтиб ёзилгани эътиборлидир.
Ўша пайтда Ўзбекистонда энг йирик ҳисобланган МТС мобил оператори ёпилиши ортидан, унинг 10 миллионга яқин абоненти бошқа операторларга ўтиб кетди, жумладан, бир неча миллионининг TeliaSoneraга қарашли UCell операторига ўтгани айтилади.
Ҳужжатда яна ёзилишича, TeliaSonera бу таклифга 31 июл куни розилик билан жавоб берган.
Ундан кейин ҳисоботни тайёрлаган шахс, TeliaSonera вакилига ширкатни Ўзбекистон назорат идораларидан ҳимоя қилиш таклифи ҳақида бундай ёзади:
“Маъмурий ресурс бўйича ҳимоя (ГНИ, (Давлат солиқ инспекцияси - таҳр.), ГТК (Давлат божхона қўмитаси - таҳр.), Монополияга қарши кураш қўмитаси, ГИС/Ўзбектелеком ва Ташқи ишлар вазирлиги) учун ҳар чоракда 3 миллион доллар. Агар TS (TeliaSonera - таҳр.) 1 миллион доллар, деб туриб олса, унда фақатгина ГТК билан ГНИ қолади. Қолганлари бўйича алоҳида кўриб чиқиш мумкин, бунда тўлови алоҳида қилинади, бу эса қимматроққа тушади. Маъмурий қўллов – қонунчилик ва техник талабларга амал қилган ҳолда бўлиши керак. 5 чорак учун шартноманинг умумий миқдори 15 миллион. Шартномада ҳаммаси тушунарсиз қилиб ва қочиримлар билан ёзилади.”
Ҳужжатга кўра, 31 июл куни TeliaSonera контртаклиф билан чиқиб, ҳимоя учун ҳақни ҳар бир чорак учун 2 миллионга туширишни сўраган. Бунда шведлар шартномани 5 чорак эмас 6 чоракка, умумий миқдорини 12 миллион қилиб белгилашни таклиф қилган. Шунингдек TeliaSonera ҳақни долларда эмас¸ ўзбек сўмида тўлаш масаласини кўриб чиқишни ҳам сўраган.
TeliaSoneraнинг бу илтимосига “маъмурий ҳимоя учун тўлов бошидан АҚШ долларида келишилган”, дея жавоб қайтарилган.
“Маъмурий ҳимоя” учун сўмда ҳақ олиш мақсадга мувофиқ бўлмаслиги “бундай хизматларни кўрсатувчи махсус ООО (масъулияти чекланган жамият)нинг йўқлиги; солиқлар билан бирга умумий миқдор 36,5 миллиард сўмга чиқиб кетиши; ҳамда бу сумма назорат органларида саволларни туғдириши" эҳтимоли билан изоҳланади.
Бундан ташқари, “ойига 5-6 миллион долларни конвертация қилиш битим шартларига кирмайди, улар ҳозир олаётган имтиёзларнинг барчаси биз туфайлидир”, деб ёзади яна ҳужжат муаллифи.
“TeliaSonera бунга жавоб қайтаргани йўқ”, деган изоҳга қўл билан “ҳозирча босим қилманг”, дея кўрсатма ёзилган.
Ўзаро англашинув
Озодлик ва Швеция жамоатчилик телевидениеси қўлга киритган ҳужжатда TeliaSonera ширкатининг реклама фаолиятига ҳам тўхталган.Бунда швед компаниясидан ҳар йили уч марта “Келажак овози”, “Style.uz”, “Асрлар садоси” тадбирларига ҳомийлик қилиш талаб қилинади. Ҳомийлик турларидан бири сифатида, бу тадбирларга бирорта юлдузни олиб келиш айтилади.
“Танловдан кейин кимлиги айтилади (“Муҳташам юз йил” филмидаги актёр бўлса керак)”, деган таклиф ўчирилиб, қўл билан “Сара Брайтон (машҳур инглиз қўшиқчиси Сара Брайтман, демоқчи - таҳр.) гаплашиб қўйилган эди шекилли”, дея ёзилган.
Ҳужжатда келтирилган саналарга кўра, TeliaSonera ҳомий сифатида Гулнора Каримова уюштирадиган тадбирига “Муҳташам юз йил” филмидаги актёрни олиб келишга 2012 йилнинг 31 июл куни розилик берган.
2012 йилнинг 8 октябр куни “Муҳташам юз йил” филмида бош ролни ижро этган Холит Эргенч Гулнора Каримованинг “Art Week Style.uz-2012” тадбирида қатнашади.
Бундан ташқари Озодлик UCell мобил ширкати Гулнора Каримова етакчилик қиладиган ва Ўзбекистон маданияти ва санъатини тарғиб этиши айтиладиган Фонд Форум ташкилотининг “Келажак овози”, “Асрлар садоси”, “Ҳаёт учун” марафони каби бошқа тадбирларига ҳам ҳомийлик қилганини аниқлади.
Ҳужжатнинг реклама фаолиятига оид қисмида “Ўзаро англашинув меморандумига киритиш учун тахминий рақамлар ва ҳар бир тадбирга ҳомийлик тўловлари мухлатини аниқлаб беришни сўраймиз”, деган талаб ҳам қўйилган.
Ҳужжат остида яна, қўлда қилинган ёзувда: “ҳаммаси алоҳида! Ҳеч қачон, ҳеч қаерда ФФ номи келтирилмасин”, деган талаб қўйилади. “ФФ” нимани англатишини аниқ айтиш қийин, лекин одатда Гулнора Каримова раҳбарлик қиладиган Фонд Форум ташкилотига нисбатан ана шундай қисқартма ишлатилади.
Швеция жамоатчилик телевидениеси 2008 йилда TeliaSonera ширкатининг Ўзбекистондаги шўъбаси Ucell мобил операторининг молиявий директори лавозимида ишлаган канадалик Жон Дэви билан гаплашишга муваффақ бўлди. Ширкатга оид барча тўловлар унинг қўлидан ўтган:
- Бу мамлакатда бирор нарсани амалга ошириш жуда қийин. Уларнинг зеҳниятида "бирор нарсани истасанг пулини тўлаб қўй", деган ёндашув сақланиб қолган. Амалда ҳам шундай эди.
(Жон Дэви 2000 йиллар бошларида товламачиликда айбланиб, қисқа муддат қамоққа олинган. Швеция жамоатчилик телевидениеси манбаси унинг 2008 йилда, ҳақиқатан, TeliaSonera ширкатининг Ўзбекистондаги шўъбаси UСell мобил компаниясида ишлаганини тасдиқлади.)
Ўзбекча гамбит
Жон Дэви Ucell Ўзбекистон ҳукумати амалдорларига ҳомийлик кўринишида пул тўлашга мажбур бўлганига оид ҳолатларни эслайди:
- Ҳукуматда сиз учун у ёки бу масалани ҳал қилиб берадиган ва сизга керакли қарорни қабул қиладиган одамлар бор, лекин бунинг учун сиз ҳақини тўлаб қўйишингиз керак. Албатта, ҳукумат амалдори сиздан нақд пул олмайди, чунки бунинг учун қамоққа тушиши мумкин. Лекин бу хайрия ташкилотлари пул ололмайди дегани эмас. Ҳукумат мулозимлари ёки бошқармаларнинг ҳар бирига қарашли хайрия ташкилотлари бор ва сиздан ана шу ташкилотга ҳомийлик қилиш талаб қилинади.
UCell мобил ширкатининг собиқ молиявий директори талаб қилинган пора тўланмаса, Ўзбекистон ҳукумати амалдорлари тадбиркорлар кундалик ҳаётини қийнлаштириб юборишини эслайди:
- Вақти-вақти билан ҳукумат амалдорлари сизга муаммоларни яратади. Масалан, элект тармоғи ўчириб қўйилади ва кутилмаганда 100 та станциянгиз ишламай қолади. Натижада, минглаб абонентингиз алоқа узилиб қолганидан шикоят қила бошлайди. Шунинг учун орадан 2-3 кун ўтиб, хайрия ташкилоти ҳисобига, ўз ихтиёрингиз билан 100 минг доллар ўткзишингизга тўғри келади. Хайрия тўлови амалга оширилганидан кейин эса станцияларингиз яна ишга тушади. Бунақа ҳолат ҳар ойда рўй беради.
Жон Дэвининг айтишича, молиявий ҳисоботларда бундай тўловлар маданиятга оид хайрия, деб кўрсатилади.
Ҳукуматда сиз учун у ёки бу масалани ҳал қилиб берадиган ва сизга керакли қарорни қабул қиладиган одамлар бор, лекин бунинг учун сиз ҳақини тўлаб қўйишингиз керак...Жон Дэви, Ucell ширкатининг собиқ молиявий директори
- Сиз 2012 йил ҳақида сўраяпсиз ва бу мен ишлаган пайтдан анча кейинроқ даврдир. Лекин афтидан деярли ҳеч нарса ўзгармаган кўринади. Ўша пайтда ҳам улар сизни қисқа вақт ичида ёпиб қўйиши мумкин эди. У, яъни Гулнора Каримова, жуда моҳир ишбилармон аёлдир. У жуда қудратли аёлдир. Ва у Ўзбекистоннинг бўлажак президенти бўлиши мумкин, дейди 2008 йилда Ўзбекистондаги Ucell мобил операторининг бош молиявий директори бўлган Жон Дэви.
Швед ҳамкорларимизга етказилган ҳужжатлар ўнлаб саҳифадан иборатдир. Озодлик ҳозирча TeliaSonera ва Ўзбекистон президентининг қизи ўртасидаги яширин музокараларга оид экани иддао қилинаётган ҳужжатларгагина тўхталди холос.
Бошқа ҳужжатларда Россиянинг МТС, Хитойнинг Хуавей (Huawei) ва қароргоҳи Ҳолландияда жойлашган VimpelCom Ltd. компаниясига қарашли Билайн ширкати билан ҳам шу каби шубҳали келишувлар бўлгани ҳамда Гулнора Каримованинг дунёнинг турли шаҳарларида жойлашган кўп миллион долларлик кўчмас мулкга оид иддаолар бор.
Яна бир 21 саҳифалик ҳужжат Швеция ва ёки Швейцария ҳуқуқ-тартибот идоралари Гулнора Каримованинг хос ёрдамчиси ва Takliant Ltd. фирмаси хўжайини Гаянэ Авакянга бериши мумкин бўлган саволлар ва қайтарилиши лозим бўлган жавоблар рўйхати экани иддао қилинади. Гаянэ Авакян Швеция прокуратураси томонидан пора олиш ва пул ювиш мақсадида ишлатилгани гумон қилинаётган Takliant Ltd. фирмасининг хўжайини ҳамдир.
Савол ва жавоблардан бири Швейцариянинг Lombard Odier банкида Авакянга қарашли ҳисоб рақамлари ва депозит қутилари билан бирга ҳибсга олинган пул ва бриллиантлар ҳақида. Гўё, Гулнора Каримова бу бриллиантларни дугонаси Авакянга, хавфсизлик мақсадида банкдаги депозит қутиларида сақлаб беришни илтимос қилган.
Швед жамоатчилик телевидениеси ва Озодлик журналистлари – бу ҳужжат қалбакилаштирилган бўлиши мумкинлиги, зеро дастхатдан фарқли ўлароқ, мутахассислар унинг ҳақиқийлигини тасдиқлаб бера олмаслигини эътибордан қочирмаган ҳолда, – ҳужжатда келтирилган фактларни текширди.
Швейцариялик журналист Ив Штайнер ёрдамида Lombard Odier банкида бриллиант ва нақд пул солинган депозит қутлар борлигини тасдиқладик:
- Бунга оид маълумотларни олиш қийин бўлди, лекин охир-оқибат ходимларга оид маълумотлар тасдиқланди, ундан кейин эса Lombard Odier ҳақиқатан Гулнора Каримовага 4та депозит қутичасини тақдим қилгани, ҳамда бу қутиларда катта миқдорда нақд пул ва бриллиантлар сақланиши тасдиқланди.
Lombard Odier банки, ҳақиқатан, Гулнора Каримовага 4та депозит қутичасини тақдим қилгани ҳамда бу қутиларда катта миқдорда нақд пул ва бриллиантлар сақланиши тасдиқланди...Ив Штайнер, Швейцариялик журналист
Катта қисми Швеция ва Финляндия ҳукуматларига қарашли TeliaSonera телеком ширкати воситачи Takilant фирмаси орқали Гулнора Каримовага йирик миқдорда пора берганига оид иддаолар ўтган йили сентябр ойида Швеция жамоатчилик телевидениеси репортажида илгари сурилган эди.
“Вазифа: текшириш” журналистик суриштирув рукни доирасида тайёрланган “TeliaSonera – Ўзбек иши” филми 2012 йил сентябр ойида эълон қилган эди. 2012 йилнинг декабрида эса Швеция жамоатчилик телевидениеси журналистлари филмнинг иккинчи қисми - “TeliaSonera ва Диктаторнинг қизи” номли ҳужжатли филмни эфирга берди.
Бу филмларда катта қисми Швеция ва Финляндия ҳукуматларига тегишли TeliaSonera ширкати Takilant воситачи фирмаси орқали Гулнора Каримовага жами 320 миллион АҚШ доллари миқдорида пора бергани иддао қилинади.
Ҳужжатли филмларда илгари сурилган айбловлар Швеция прокуратурасининг TeliaSonera ширкати устидан тергов бошлашига, ҳамда ширкат президенти Ларс Нюбергнинг истеъфоси ва бошқарув ҳайъати таркибининг тўла алмаштирилишига сабаб бўлди.
Швеция прокуратурасидан ташқари, Швейцария ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳам мазкур иш билан боғлиқ жиноий иш доирасида Гулнора Каримовага яқин шахслар устидан тергов бошлаган.
Швед жамоатчилик телевидениеси ва Озодлик ҳамкорликда ўтказган журналистик суриштирув TeliaSonera ширкатида жиддий ислоҳотларга туртки бўлиши мумкин. Бошқа тарафдан, ҳужжатларнинг Швециядаги етакчи журналистларга сиздирилиши Гулнора Каримова имижига салбий таъсир қилиши мумкин.
Аммо Озодлик бу журналистик суриштирувдан Ўзбекистон сиёсий элитаси ичида ҳокимият учун бораётган курашда у ёки бу тарафни олиш эмас, балки Ўзбекистондаги бизнес муҳит қандай эканига бир назар ташлашни мақсад қилди холос.