Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 10:29

Марғилонда "Ширин Нур Бизнес" савдо мажмуасига ўт тушди


Марғилонда ёниб кетган озиқ-овқат бозорининг бир қисми. Сурат WhatsApp орқали йўлланган.
Марғилонда ёниб кетган озиқ-овқат бозорининг бир қисми. Сурат WhatsApp орқали йўлланган.
4 июлдан 5 июлга ўтар кечаси Марғилон шаҳрининг Ипакчилар мавзесидаги собиқ Ипак комбинати ўрнида жойлашган "Ширин Нур Бизнес" савдо мажмуасининг озиқ-овқат қисмида катта ёнғин содир бўлди. Ёнғин хабари Озодликка 7 июл куни WhatsApp орқали йўлланди.

Марғилон шаҳрининг Ипакчилар мавзесидаги собиқ Ипак комбинати биносида жойлашган "Ширин Нур Бизнес" савдо мажмуасининг озиқ-овқат қисмида 4-5 июлга ўтар кечаси ёнғин чиқди.

Бу ҳақда Озодликка WhatsApp орқали йўлланган хабарда бозорнинг 70 фоиздан ортиқ қисми ёниб кетгани айтилди.

Бозорнинг соғ қолган қисмида дўкони бўлган савдогарлардан бирининг Озодликка айтишича, маъмурлар ёнғиннинг электр тармоғидаги носозликдан келиб чиққанини айтмоқда.

Исми сир қолиши шарти билан Озодликка сўзлаган бу савдогарнинг сўзларига кўра, ёнғин бозорнинг халқ тилида "Тим" деб аталадиган қисмида чиққан.

"Катта здание эди. Эни 50-60 метр, узунлиги 100 метрдан ошиқ эди. Унинг ичида озиқ-овқатнинг оптоми ҳам бор эди. Катталар кечаси электрдан ўт чиққан, дейишди. Ҳамма нарса ёниб кетибди экан. Лекин ҳеч кимни у ёққа киритишмаяпти", деди марғилонлик тадбиркор.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, бозорда чиққан ёнғин боис қарийб 1 миллиард 200 минг сўмлик маҳсулот ёниб кетган.

Бу маҳсулотнинг каттагина қисми савдо мажмуаси ичидаги "Марғилон улгуржи истеъмол озиқ-овқат бозори" масъулияти чекланган жамиятига қарашли экани айтилди.

"Чунки ҳамма маҳсулот қоғозда, коробкада, тушунаяпсизми? Роса ёнади-да булар. Ёғ бор, шакар бор ёнадиган. Хуллас, ҳаммаси ёниб кетибди", дейди марғилонлик тадбиркор.

Бу хабар ортидан Озодлик мухбири озиқ-овқат бозори жойлашган Марғилон Ипакчилар шаҳарчасининг участка нозири Диёрбек, деб тақдим қилинган милиция ходими билан боғланди.

Нозирдан олинган маълумотга кўра, бозорнинг 70 фоиздан ортиқ қисми ёниб битган ва ҳозир тозалаш ишлари давом этмоқда.

"Энди бир ойлардан сўнг ишга тушиши мумкин. Ҳозир ҳеч ким киритилмайди, тозаланаяпти", деди мухбир билан микрофонсиз суҳбатда участка нозири Диёрбек.

Марғилон шаҳар Ёнғин хавфсизлиги хизмати ҳамда ҳокимиятидан бу борада маълумот олишнинг ҳозирча имкони бўлмади.

Шу кунларда Россия ишлаётган марғилонлик меҳнат муҳожири, муқаддам озиқ-овқат бозорида растаси бўлган Ҳакимжоннинг айтишича, мазкур бозорда бу сингари ёнғин тез-тез учрамоқда.

- Менинг билишимча, бу шу бозордаги тўртинчи ёнғин. Ҳар сафар кечаси ўт чиқади, эрталаб борсангиз, ҳамма нарса ёниб, кул бўлган бўлади. Ҳар сафар электрдан чиқди, дейишади ва ҳеч нарсани беришмайди, - дейди ҳозир Россияда юрган марғилонлик меҳнат муҳожири Ҳакимжон.

Унинг сўзларига кўра, собиқ Марғилон ипак комбинатининг иккита биноси ҳозир бозорга айлантирилган.

- Шунинг биттаси озиқ-овқатга берилган. Яна бири яна бир нарсага. Қолган бинолари бузилиб, дўконларга берилган. Расталар бор. Хуллас, бу бозорда ҳамма нарса сотилади, озиқ-овқатдан тортиб, кийим-кечак - ҳамма нарсани топасиз-да, - дейди Ҳакимжон.

Ҳакимжон бозорда маҳсулоти куйиб кетган тадбиркорлар сўзларига таянган ҳолда, "ёнғин ортида ўғирлик бор", деган гумонни тилга олди.

- Чунки бундан икки йил олдин ҳам худди шу бозор ёниб кетган. Худди бирданига тўрт тарафидан ўт тушиб, ҳамма нарса ёниб кетганмиш-да ўшандаям. Ким ишонади бунга?! Ҳа, бозорнинг ойнали жойлари бор, ҳамма томони бирдек ёнмайди-ку. Икки йилча бурун ҳам шунақа ёнган, ҳеч нарсани қайтариб беришмаган, ҳамма куйиб қолаверган, - дейди Ҳакимжон.

Шу йилнинг 29 июнга ўтар кечаси Наманган шаҳридаги икки қаватли “Ўзбегим” кафесига ҳам ўт тушган эди. Бу ҳақда хабар берган Озодлик манбасига кўра, тунда бошланган мазкур ёнғинни ҳам ўт ўчирувчилар вақтида ўчира олмаган.

Исми сир қолишини сўраган наманганлик тадбиркорлардан биридан олинган маълумотга кўра, хусусий тадбиркорга тегишли бўлган бу бино ёниши оқибатида 250 миллион сўмлик зарар кўрилган.

22 июн куни эса Фарғона шаҳри марказида жойлашган "Александрия" номли савдо мажмуасида ёнғин чиққани хабар қилинганди.

21 июн куни эса Андижон шаҳрининг собиқ тўқимачилик комбинати ёнида жойлашган муҳташам мадрасанинг яп-янги биноси ёниб кетган эди.

************************

WhatsApp тармоғи орқали шундай хабарларни йўллаётган барча муштарийларимизга ўз миннатдорчилигимизни билдириб қоламиз.

Бундай муштарийлар сафига қўшилишни истаган фаол мушатрийларимизга эса манзилимизни яна бир бор эслатамиз:

WhatsApp +420 724 971 539

XS
SM
MD
LG