Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:42

Рамазонда ҳижобли савдогарлар бозордан ҳайдалаяпти


Мусулмонлар учун муқаддас ой - Рамазони шариф бошланиши арафасидаТошкент бозорларида савдо қилаëтган ҳижобли аёллар¸ рўмолларини ечиш ёки расмийлар маъқул топган тарзда ўраш босими остида қолди. Акс ҳолда¸ улар савдо ўринларидан ажраб, бозорга қўйилмасликдан огоҳлантирилмоқда.

Тошкент шаҳри бозорларида бош ҳисобчи, ташкилий бўлим бошлиғи, патта йиғувчи ва бозорнинг хавфсизлик бўлими раҳбаридан тузилган махсус гуруҳ ҳижобли аёлларнинг савдо билан шуғулланиши олдини олиш ишларига масъул этиб тайинланган.



Озодлик мухбири пойтахтдаги ўнга яқин йирик бозор билан боғланганида, барча бозорларда ушбу махсус гуруҳ ходимлари маҳаллий милиция бўлимлари билан ҳамкорликда ўранган аёлларга қарши кураш олиб бораётгани ҳақида маълумот олди.

Эски жўва бозорининг исмини ошкор қилмаётганимиз ходимига кўра, мазкур гуруҳ ҳижобли аёллар агар огоҳлантиришга қарамай рўмолларини ечмаса, улар бозордан ҳайдалмоқда:

- Бизда ҳижобли аëллар савдога чиқса, улар огоҳлантирилаяпти. Агар огоҳлантиришга қарамай яна чиқадиган бўлса, жойи олинаяпти ëки жаримага тортилаяпти. Бу нима бўйича профилактика инспектори, хавфсизликдан, ҳаммамиз бирга ишлаяпмиз.

Жарима миқдори ҳар хил. 10 баробар, 15 баробар, 100 баробар энг кам иш ҳақидан. Бир-икки марта жарима қилиб ҳам яна ҳижобда юрган бўлса, жаримага тортилиб жойи олиб қўйилаяпти, деди Эски жўва бозори ходими.

Тошкентдаги энг йирик “Чилонзор буюм бозори” (собиқ “Ипподром - Отчопар ” бозори ) раҳбарияти ҳам ҳижоб кийган аёлларни бу кўринишда савдо қилиш тақиқлаб қўйилишидан огоҳлантирди .

Бозор раҳбариятидан олинган маълумотга кўра, ушбу бозордаги 40 та дўконда ҳижобли аёллар савдо билан шуғулланаётгани аниқланган.

“Чилонзор буюм бозори”нинг хавфсизлик бўлимидан олинган маълумотга кўра, ўтган ҳафта охирида савдогар аёллар бозорга ҳижобда келмаслик борасида огоҳлантирилган.

“Агар ҳижобли аёллар огоҳлантиришдан хулоса чиқармаса, уларга нисбатан қатъий чоралар кўрилиши”ни қўшимча қилди суҳбатдошимиз микрофонсиз суҳбатда.

Қўйлиқ бозорида эса¸ бозор ходимининг Озодликка билдиришича¸ ҳижобли савдогар аёлларнинг рўмолларини орқадан ўрашга эришилгани боис, ушбу бозорда атиги битта ҳижобли савдогар қолган:

- Энди бизларда ўзи тадбиркорлар орасида ҳижобли аëллар таги йўқ. Биттаси бор. Улар энди ҳажга бориб келганлар. Ҳожи оналар. 60дан ошган. Уларга рухсат берилган¸ дегандай қиладиларда улар. Ўша эски тадбиркор. Қолганлари, энди борларига ҳам¸ масалан¸ фақат тушунтириш ишлари олиб борилади. Келди-кетди сезонний бўлади, мавсумий савдода. Шунақаларга тушунтириш ишлари айтилади, олиб борилади, тарғибот қилинади. Уйда ўтирсанглар¸ масалан рўмол ўраб ўтиринглар, бозорга чиқсанглар, ўзбекча миллий қилиб орқадан ўраб олинглар, дейилади, деди Қўйлиқ бозорининг ўзини таништирмаган ходимаси.

Ўзбекистонда кейинги 4-5 йил давомида рўмолли аёлларга қарши кенг кўламли тадбирлар амалга оширилаётгани кузатилмоқда.

Дастлаб давлат идораларида ишловчи аёлларга рўмолларини ечиш талаби қўйилди. Кейин ушбу тақиқ мамлакат бозорларига кўчди.

2010 йилдан бошлаб ўқувчи қизларга рўмол ўраш мутлақо тақиқланди.

Бугунги кунда мамлакат олийгоҳларининг талаба қизларига ҳам рўмол ўраш тақиқланган.

Жорий йилнинг июн ойида Қўқон шаҳрида яшовчи рўмолли аёлларга агар рўмолларини ечмаса болаларига бериладиган нафақа пуллари тўхтатилиши билан таҳдид қилинди.
XS
SM
MD
LG