Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:41

“УзГазОйл” касал деб, 47 кишини ишдан бўшатмоқда


Кўплар “УзГазОйл” ширкатида ишлашни орзу қилади
Кўплар “УзГазОйл” ширкатида ишлашни орзу қилади

“УзГазОйл” ширкатида махсус тиббий кўриклар ўтказилиб, ўнлаб АËҚШлардаги сервис ходимлари ишдан бўшатилиб¸ уларнинг ўрнига пора эвазига бошқа ишчилар ёлланаётгани иддао қилинмоқда.



Ширкат раҳбариятининг ишчиларни асоссиз бўшатаëтгани ҳақидаги бу иддаони “УзГазОйл” бошқарувига яқин шахс, Озодлик радиоси билан суҳбатда, исмини айтилмаслик шарти билан гапирди:

- “УзГазОйл”нинг 47 ходими душанба куни ишдан бўшатилди. Улар асосан сервис ходимларидир. Уларни атайлаб тиббий кўрикдан ўтказиб, касалсан деб ишдан бўшатишди. Тиббий кўрик врачлари мустақил эмас. Улар раҳбарлар нима деса шуни қилишяпти. Бундан бир неча кун олдин бу 47 нафар ходим кадрлар бўлимига чақирилиб, қўпол муомала қилинди. Ҳайит арафасида шунча ишчи ишсиз қоляпти. Улар ноҳақ ишдан бўшатилган. Уларнинг бўшаб қолган ўрнини кадрлар бўлими сотмоқда,- дея иддао қилди “УзГазОйл” бошқарувига яқин шахс Озодлик радиоси билан суҳбатда.

Озодлик мухбири “УзГазОйл”дан ишдан бўшатилган 30 яшар тошкентлик йигит билан ҳам суҳбатлашди.

“УзГазОйл” бензин қуйиш шохобчаларидан бирида ишлаган ва саломатлиги ëмон¸ дея ишдан бўшатилган бу йигит ўз исм-шарифи ва манзилини аниқ айтган ҳолда Озодликка ишдан бўшатиш тафсилотларини гапириб берди.

Бу йигитнинг хавфсизлигини ўйлаган ҳолда, Озодлик унинг исмини очиқламасликка қарор қилди.

“УзГазОйл”дан ишдан бўшатилган ишчи ҳикояси

Шу кунларда ишсиз юрган йигит “УзГазОйл” кадрлар бўлими юритаëтган “иш ўрни сотиш” тижоратининг қурбони эканлигини даъво қилади:

- Мени "сариқ касалсан, бошқаларга юқади" деб ишдан бўшатишди. “УзГазОйл”даги кадрлар бўлимининг каттаси Фаррух Исроилов деган одам медосмотр ташкил қилиб, мени ва яна ўнлаб одамларни касалга чиқарди. Кейин мажбурлаб "ўз ихтиëрим билан бўшайман" деб ëз¸ бўлмаса¸ "статья қўйиб бўшатамиз" деб ариза олишди. Ҳозир ишсиз ўтирибман¸- дейди суҳбатдош.

“УзГазОйл”дан ишдан бўшатилган ишчи ўз уйи яқинидаги касалхонага бориб ўзини текширтирганида¸ докторлар ундан гепатит аломатларини топишмаганини ҳам айтмоқда.

Суҳбатдошимиз “УзГазОйл” ширкатининг мустақил докторлар фикрини инобатга олмаганидан нолиди:

- Мен уйимиз ëнидаги докторга бориб кўриндим. Улар менда сариқ топишмади. Ўзи семизларда бўладиган муаммо бор¸ бу муаммо билан бемалол ишлайверишингиз мумкин деб қоғоз беришди. Аммо бу қоғозни “УзГазОйл” инобатга олмаяпти. Ҳозир тушкунликка тушиб қолдим. Кадрлар бўлимининг каттаси Фаррух Исроилов "Мен СНБдан чиққанман. Ҳеч кимдан қўрқмайман. Бор кимга арз қилсанг қилавер" дея менга қўпол муомала қилди¸- дейди суҳбатдош.

Суҳбатдош кейинги бир ой ичида “УзГазОйл” ишчиларидан икки нафари раҳбарга гап қайтаргани учун калтакланганини айтади.

Улардан бири Интернетдаги “Одноклассники” ижтимоий тармоғида “УзГазОйл” раҳбарини танқид қилгани учун ширкат тансоқчилари тарафидан офисга чақиртирилиб, калтаклангани иддао қилди у.

Порахўрлик иддаолари ëки “иш ўрни сотиш” тижорати

“УзГазОйл” ширкатини яқиндан билган тошкентлик 35 яшар муҳандиснинг исми сир сақланиш шарти билан Озодликка билдиришича, кейинги пайтларда бу ширкатда пора эвазига ишчи олиш тизим ҳолига келган.

Тошкентдаги “УзГазОйл” бензин қуйиш шохобчаларидан бирининг ўзини Азамат деб таништирган йигит ҳам, эскидан ишлаб келган ишчилар бўшатилиб, ўрнига пора эвазига янги ишчилар олинаëтганлигини тасдиқлаган эди.

“УзГазОйл”дан ишдан бўшатилган ишчининг Озодликка айтишича¸ ширкатда “пора эвазига ишга жойлаш” амалиëти урчиган:

- Мен ўзим 1000 доллар пора бериб¸ сервисга бензин қуювчи бўлиб ишга кирганман. Оператор бўлиб кирмоқчи эдим¸ пулим етмади. Операторлик учун 4000 доллар сўрашди. Хуллас, сервисда ишлаб юрувдим. Томсувоққа база қурдиришган бўлса ҳам ойлик яхши эди¸ аммо бир йилда тепилдим. Ўрнимга бошқа одамни пора эвазига олишди. Мен норозиман бундай аҳволдан¸- дейди ишдан бўшатилган ишчи Озодлик билан суҳбатда.

Суҳбатдош “УзГазОйл” ширкатида республикадаги меҳнат ҳақидаги қонун шартлари бузилиб, ишчилар ҳуқуқлари поймол қилинаëтгани борасида бир неча бор прокуратурага қилинган шикоятлар бесамар қолганидан афсус билдирди.

“УзГазОйл” бошқарувига яқин шахснинг Озодлик билан суҳбатда аниқлик киритишича¸ “УзГазОйл” ишчилари Ўзбекистон Бош прокуратурасига ариза берганларидан кейин прокуратура ширкатда тафтиш ўтказган. Ана шундан кейин ишчилар билан шартнома янгиланган ва тилхатлар ëздирилган.

Биз суҳбатдошлар иддаоларини ўрганиш учун “УзГазОйл” ширкати билан боғландик.

“УзГазОйл”нинг ўзини таништирмаган ҳуқуқшуносига кўра, ишдан бўшатилганларнинг шикоятлари ўринсиз:

- Врач текширганида касал бўлиб чиқади. Биз ишдан бўшатганда тиббий кўрик хулосасига асосланамиз. Бензинда ишлагандан кейин бир хиллар касал бўладику. Масалан, терига бензин аллергия берса, у ишлай олмайдику бизнинг соҳада. Лекин дарров ишдан бўшатмаймиз. Даволаймиз. Мабодо даволанмайдиган дардга чалинган бўлса, кейин бўшатиш масаласи қўйилади,- дейди ҳуқуқшунос.

Суҳбатдош “УзГазОйл” ширкатида қирқдан ошиқ ишчининг тиббий кўрикдан ўта олмагани боис бўшатиш масаласи юзага чиққанини тасдиқлади.

“УзГазОйл” ҳақида

2010 йилгача “УзГазОйл” Швейцарияда рўйхатга олиниб, фаолиятини Ўзбекистонда олиб борган “Зеромакс” ширкати таркибига кирар эди.

2010 йилда “УзГазОйл” асосан нефть, газ ва олтин қазиб олиш, қишлоқ хўжалиги ва текстил саноати билан шуғулланган “Зеромакс” таркибидан чиқарилиб давлат корхонасига айлантирилди.

Кузатувчиларга кўра, “УзГазОйл” давлат тасарруфига ўтганидан кейин ширкатда коррупция аломатлари кўпайган.
XS
SM
MD
LG