Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:17

Зарафшон шаҳар ҳокими Эшмирзаев ҳибсга олинди


24 июл куни Зарафшон шаҳар ҳокими Илҳом Эшмирзаев Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ҳибсга олинди. Собиқ ҳоким ўз мансаб ваколатини суиистеъмол қилиб, катта миқдордаги давлат маблағини ўзлаштирганликда айбланмоқда. Шунингдек, Эшмирзаевнинг педофилияда гумонланаётгани иддао қилинмоқда.

Зарафшон шаҳар ҳокими Илҳом Эшмирзаевнинг ҳибсга олингани ҳақидаги хабарни Озодликнинг Зарафшондаги манбаларидан бири етказди:

“Зарафшон шаҳар ҳокими лавозимида ишлаб келаётган Эшмирзаев Илҳом қамалди. Тасдиқланмаган маълумотларга кўра, унга қўйилаётган айблар ичида педофилия ҳам бор. Зарафшонликлар орасида у “Шодлик” болалар уйининг болаларини зўрлаган эмиш, деган гап юрибди”, деб ёзди Озодлик манбаси.

Озодлик мухбири бу хабарни ўрганиш жараёнида дастлаб Зарафшон шаҳар ҳокимлиги билан боғланди. Телефон гўшагани кўтарган котиба Илҳом Эшмирзаев ҳибсга олинганини тасдиқлади:

- Илҳом Эшмирзаев бизда расман 24 июлдан бошлаб ишламаяпти. Унинг вазифасини Муҳиддин Бозоров бажаряпти. Собиқ ҳокимга қандай айбловлар қўйилганидан хабарим йўқ, деди котиба.

Собиқ ҳокимни яқиндан танийдиган зарафшонлик тадбиркорнинг исмини очиқламаслик шарти билан айтишича, Илҳом Эшмирзаев, асосан, молиявий жиноятларда айбланмоқда:

"Асакабанкнинг Зарафшондаги филиалида ўтган йили бир гуруҳ ходимлар қўлга олинган эди. Улар жиноий гуруҳ тузиб, 8 милллиард сўмни еб юборишган. Ҳозир 15га яқин банк ходимининг иши терговда. Бу тергов натижаларига кўра, калаванинг учи Илҳом Эшмирзаевга келиб тақалган. Еб юборилган пулни қайтариш керакда банкка. Мен олган ишончли маълумотга кўра, ҳоким жаноблари ресторани, дўконлари кўп бўлган Садриддин деган катта тадбиркордан юз минг доллар қарз олган. Ҳоким қамоққа олингандан сўнг, Садриддин ака инфаркт бўлиб ўлиб қолди", дейди зарафшонлик тадбиркор микрофонсиз суҳбатда.

Зарафшон шаҳрида яшайдиган бошқа бир тадбиркор ҳам Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда Илҳом Эшмирзаев мансабини суиистеъмол қилиб, тадбиркорларни доим соғиб келгани ҳақида гапирди:

"Ҳоким менинг бир тадбиркор танишимга зуғум қилиб ўзи миниб юрган "служебный" машинаси оқ “Ласетти”ни олдиртирган эди. У ўз фирмасидан пулни Камолот ёшлар ижтимоий ҳаракатига ўтказиб берган. Ҳозир ўша машина ана шу ташкилотнинг балансида турибди. Зарафшондаги уч хонали квартирасини тадбиркорлар ўз ҳисобидан капитал ремонт қилиб берган. Бир тийин ҳам бермаган. Бу мен билганларим, холос", дейди исмини ошкор қилишни истамаган зарафшонлик тадбиркор.

Озодлик суҳбатлашган зарафшонликларнинг иддао қилишларича, "собиқ ҳоким Илҳом Эшмирзаев шаҳардаги "Шодлик" меҳрибонлик уйида тарбияланувчи ёш қизларни зўрлаганлик"да ҳам гумонланмоқда.

Бироқ, “Шодлик” меҳрибонлик уйининг директори Алла Владимировна Озодлик билан суҳбатда бу хабарларни кескин рад қилди:

- Бундай бўлиши мумкин эмас. Чунки биздаги ҳар битта бола назоратда, туну-кун навбатчи мураббийлар бор. Ҳеч ким кўчага чиқарилмайди. Бу ҳокимни ёмонотлиқ қилиш учун тўқиб чиқарилган миш-мишлардан бошқа нарса эмас, деди Алла Владимировна.

Айни пайтда Зарафшондаги манбамиз меҳрибонлик уйи директорининг бу гаплари ҳақиқатга тўғри келмаслигини айтади:

"Бекорларнинг бештасини айтибди. Бу меҳрибонлик уйи ҳозир қандай аҳволда эканлигини зарафшонликлар яхши билишади. Улар "беспредел", бемалол кўчаларга чиқиб юради, ўғирлик қилади. Ҳеч ким контрол қилмайди. Директор кечаси уйида ухлаб ётади, қаердан билади буни. Қутурган бойлар ўша ердан ёш-ёш қизчаларни олиб кетади. Буни ҳамма билади", деди зарафшонлик манба.

Илҳом Эшмирзаев 1972 йилда Нурота туманининг Жўш қишлоғида туғилган. Аввал Навоий вилояти статистика бошқармаси бошлиғи бўлиб ишлаган.

Эшмирзаев Ўзбекистон Олий Мажлиси сенатори бўлган.

Ҳозирда Илҳом Эшмирзаев Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматининг Тошкентдаги идорасида тергов қилинаётгани айтилмоқда.
XS
SM
MD
LG