Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 10:20

Моддий ёрдам кимларга берилади?


OzodJavobнинг навбатдаги сонида Ўзбекистонда кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам бериш тартиб-қоидалари борасида суҳбатлашамиз.

Моддий ёрдам масаласида боқувчисини йўқотган оилалар, ногирон шахслар, камбағал оилалардан Озодликка бўлган мурожаатларда бу ёрдамнинг кимларга берилиши, тури, миқдори, қай тартибда бўлиши борасида саволлар бўлди.

Жумладан, самарқандлик Рустам ака кам таъминланган оилаларга давлат томонидан бепул бериладиган қорамол борасида қизиқди.

"Мен маҳалла қўмитасига қорамол сўраб борсам, “сизга бермаймиз”, дейишди. Ўзим иккинчи группа ногирониман. Хотиним ҳам ногирон. Вояга етмаган икки ёш болам бор. Нимага, биз кам таъминланган оила ҳисобланмаймизми? Ахир бепул қорамол шунақа оилаларга берилади-ку. Илтимос, моддий ёрдам кимларга берилиши борасида батафсил маълумот берсангиз", дея мурожаат қилди самарқандлик Рустам ака.

Дастлаб кам таъминланган оила иборасига аниқлик киритсак:

Амалдаги қонунларга кўра, моддий ёрдам бериладиган кам таъминланган оилаларни аниқлашнинг ўзига хос тартиби бор.

Тошкентнинг Сирғали туманидаги маҳалла қўмиталаридан бирининг фаолига кўра, кам таъминланган деган маълумотнома олиш учун оила аъзоларининг даромади ҳисоблаб чиқилади.

- Ногиронлик ë боқувчисини йўқотди дегани - бу кам таъминланганга кирмайди. Кам таъминланган дегани, масалан, бир оилада ота-она ва уч нафар фарзанди бор. Фарзандлар вояга етмаган. Мактаб ўқувчилари. Ота-онанинг охирги уч ойлик даромадини оламиз. Шуни оилада беш киши бўлгани учун бешга бўлсак, 119 минг сўмдан кам чиқса, кам таъминланган оила, деб ҳисобга олинади. Бугунги кундаги мезонимиз ойликнинг бир ярим баробар минималний - 119 минг сўм. 119 мингдан кам чиқса, бу оила автоматик тарзда кам таъминланган оилага киради. Лекин шундай оилалар бор. “Ногиронман, ишламайман. Мен кам таъминланганман” дейди, лекин 350 минг сўмлаб пенсия олади. Буларни бизлар кам таъминланган, дея олмаймиз. Чунки давлат буларга пенсия жамғармаси орқали пенсия бериб турибди. Агар боқувчисини йўқотган оила бўлса, дейлик, аëл киши ишлайди, учта фарзанди бор, фарзандлар вояга етмаган. Боқувчисини йўқотганлик ҳақидаги пенсияси бор ва аëл киши ишлагани учун ўзининг даромади бор. Ўша даромадларнинг умумий суммасидан келиб чиқиб, ўрта ҳисобда 119 мингдан ошса, бизлар унга кам таъминланган, дея олмаймиз ва ҳеч қандай ëрдам бера олмаймиз, - дейди исмини очиқламаётганимиз маҳалла фаоли.

Кам таъминланган деган хулосани бериш учун ҳар бир маҳалла фуқаролар йиғини ҳузурида махсус комиссиялар ташкил қилинган.

Самарқанддаги маҳалла қўмиталаридан бирининг фаолига кўра, айни хулоса битта эмас, иккита комиссия “кўриги”дан кейингина берилади.

- Кам таъминланган ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар аниқланади. Уларни аниқлаш учун маҳаллада ишчи гуруҳи ташкил қилинган. Махсус комиссиялар бор. Энди, муҳтож одамлар маҳаллага ариза билан мурожаат қилади. Уларнинг аризаси беш кишидан иборат махсус комиссия орқали ўрганиб чиқилади. Ундан кейин маҳаллада ë маҳалла фуқаролар йиғинининг йиғилишида ëки йиғин томонидан қабул қилинган 15 кишилик комиссияда кўриб чиқилади - бериш мумкинми ëки мумкин эмасми. Тартиби шундай, - дейди исмини ошкор қилмаётганимиз маҳалла фаоли.

Демак, эҳтиёжманд (кам таъминланган) оила деб, ҳар бир оила аъзосининг ўртача ойлик даромади энг кам ойлик иш ҳақининг 1,5 баробаридан ортиқ бўлмаган оилалар ҳисобланади. Бунда албатта оила аъзоларининг умумий даромади ҳисоблаб чиқиб, оила аъзоларининг сонига бўлинади.

Бу ҳолатда, амалдаги тартибга кўра, оила аъзоларининг барча даромадлари ҳисобга олинади:

- ойлик иш ҳақлари;

- мол-мулкидан олинадиган даромадлар;

- хусусий тадбиркорлиги ортидан топаётган даромадлари;

- пенсия нафақалари;

- ёш болалар учун бериладиган нафақалар;

- алимент;

- стипендия;


каби барча даромад манбаи ҳисобга олинади.

Шунингдек, чет элда ишлайдиган оила аъзосининг даромадлари ҳам ҳисобга олинади. Суҳбатдошларимизга кўра, бу ҳолатда Россия ёки Қозоғистон каби давлатларда мардикорлик ортидан пул топаётган шахслар ҳам кўзда тутилади.

Қишлоқ жойларида эса томорқадан топаётган даромади ҳам албатта ҳисоб-китоб қилинади.

- Томорқасида сотиш учун эмас, ўзининг оилавий эҳтиёжи учун ишлатиладиган маҳсулотларни етиштираётган бўлса ҳам ҳисобга олинади. Албатта булар ҳам даромад манбаи сифатида ҳисобга олинади, - дейди Самарқанддаги маҳалла қўмиталаридан бирининг фаоли.

Юқорида санаб ўтган мезонларимиздан кейин кам таъминланган, деб топилган оилаларга маҳалла томонидан моддий ёрдам тайинланади.

Тошкентнинг Сирғали туманидаги маҳалла қўмиталаридан бирининг фаолига кўра, шаҳар жойларида, асосан, моддий ёрдам пул кўринишида бўлади.

- Ойига 130-150 минг сўм, мана шу миқдорда пул берилади. Албатта минимум, максимум нималаримиз бор. Булар биржа ходимлари томонидан белгиланиб, бизларнинг қўлларимизга беради. Моддий ëрдам энг кам иш ҳақининг бир ярим баробаридан уч баробаригача бўлган миқдор оралиғида белгиланади. Бу суммани ўша кам таъминланган оиланинг яшаш шароитидан келиб чиқиб, комиссия аъзолари ўрганиб чиқилгандан кейин шу сумма унга қўйилади, - дейди суҳбатдошимиз.

Унинг айтишича, шунингдек, кам таъминланган оилаларга ҳар йили тўртта байрам - Наврўз, Қурбон ва Рамазон ҳайитлари ҳамда Мустақиллик байрамида ҳомийлар кўмагида озиқ-овқат кўринишидаги ёрдам ҳам ажратилади.

- Пулдан ташқари, энди йил давомида бўладиган Ҳайит байрами, Наврўз байрамидан бошлайдиган бўлсак, йилнинг бошидан кам таъминланганларга маҳалламизда фаолият кўрсатаëтган тадбиркорлар, магазинда ишлайдиган савдо шохобчаларидан имкон доирасида келишилган ҳолатда продукта олиб, пакетлар тарзида совға қиламиз. Шаҳарда ҳам агар кам таъминланган оила ҳовлида яшаса ва ери бўлса, қорамол ва парранда бериш имконияти бор. Лекин кўп қаватли уйларда бунинг имкони йўқ. Шунинг учун шаҳарда моддий ёрдам деганда фақат пул тушунилади, - дейди Тошкентнинг Сирғали туманидаги маҳалла қўмиталаридан бирининг фаоли.

Самарқанддаги маҳалла қўмиталаридан бирининг фаоли эса қишлоқ жойларида кам таъминланган оилалар учун бериладиган моддий ёрдам турлари шаҳардагига нисбатан кўпроқ эканлигини айтади.

- Кам таъминланган оилаларга бепул қорамол берилади. Байрам кунлари тадбиркорлар ҳомийлигида озиқ-овқат маҳсулотлари ҳам моддий ёрдам тарзида берилади. Кам таъминланган оилалар фарзандларининг никоҳ тўйларини ўтказишга ёрдам берилади. Болалари институтларда контракт асосида ўқиётган оилаларга ёрдам берилади. Контракт пулини тўлай олмаса, маълум миқдорини тўлашга ёрдам берилади. Жуда ёрдам тури кўп. Кейин парранда берилади, дейди суҳбатдошимиз.

Азиз муштарий¸ агар сизнинг бугунги саволларга муқобил жавобларингиз бўлса ёки ўз тажрибангизда синалган ҳолатлар билан Озодлик олган жавобларни тўлдира олсангиз, ўз фикр-мулоҳазаларингизни шарҳ сифатида қолдиришингизни сўраймиз.

Шунингдек, яна қайси саволларга жавоб топишни истайсиз - OzodJavobга мурожаат қилинг.

Саволларингизни Skype орқали ОzodSkype ëки ErkinMikrofon манзилларига йўллашингиз мумкин.

Шунингдек, телефон орқали +420 602 612 713 ва +420 221 123 381 рақамларига қўнғироқ қилиб, саволларингизни беришингиз мумкин.
XS
SM
MD
LG