Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:38

Ҳуқуқ фаоли Бобомурод Раззоқов устидан суд бошланди


Инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти Бухоро вилояти бўлими раиси, 60 яшар фермер Бобомурод Раззоқов устидан суд бошланди. Бобомурод Раззоқов одам савдосида айбланяпти. Бироқ инсон ҳуқуқи ҳимоячилари унга қўйилаётган бу айб тўқима эканлигини иддао қилмоқдалар.

23 август куни Бухоро вилоятининг Жиноят ишлари бўйича Жондор туман суди фермер, инсон ҳуқуқи фаоли Бобомурод Раззоқов устидан очилган жиноят ишини кўриб чиқишни бошлади.

Бобомурод Раззоқовнинг ўғли Шуҳратнинг Озодликка айтишича, прокурор унинг отасини одам савдосида айбламоқда:

- Отамни Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 135-моддаси иккинчи қисми, “а”, “е” бандлари, одам савдоси билан айблашяпти. Отам билан бирга айбдор деб ҳисобланган Дилфуза Равшанова очиқда экан, у ҳам келди. Прокурор айбловни эълон қилгандан сўнг, судя отамдан сиз бу айбловларни тан оласизми¸ деб сўради. Отам қатъиян тан олмайман, деб айтди, дейди Шуҳрат Раззоқов.

Унинг айтишича, суд "жабрланувчи" деб таништирган Гулшан Каримова ҳам маҳкамада иштирок этган.

Бобомурод Раззоқов устидан жиноят иш айнан Гулшан Каримованинг шикоят аризаси асосида очилган. Бу даъво аризасига кўра, гўё Бобомурод Раззоқов Гулшан Каримовани Дилфуза Равшановага мажбурлаб бериб юборган, у эса Дилфуза Каримовани эркаклар билан жинсий алоқа қилишга мажбурлаган.

“Эзгулик” жамияти фаоли Абдураҳмон Ташановнинг айтишича, Бобомурод Раззоқовнинг ҳибсга олинишига сабаб бўлган ариза муаллифининг ўзи милиция рўйхатида турган шахс бўлган:

- Мен бугун бу жиноят иши билан яқиндан танишиш учун Бухорога келдим. Биз бу аёлнинг шахсини яқиндан ўрганиб чиқдик. Маълум бўлишича, Гулшан Каримова милициянинг махсус рўйхатида турадиган, Ўзбекистон Жиноят Кодексининг131-моддаси, фоҳишахона сақлаш ёки қўшмачилик қилиш билан айбланиб, аввал икки марта судланган аёл экан. У яшаётган маҳалла фаоллари ҳам унинг аҳлоқий бузуқлиги ҳақида бир неча марта турли идораларга аризалар ёзган. Бу шикоят аризаларининг нусхаларини биз қўлга киритдик, дейди Абдураҳмон Ташанов.

“Эзгулик” жамияти баёнотида одам савдосидек қалтис айблов Бобомурод Раззоқовнинг касбий фаолияти ва сиёсий қарашлари эвазига уюштирилган провокация экани таъкидланади.

Инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти Бухоро вилояти бўлими раиси, 60 ёшли фермер Бобомурод Раззоқов Бухоро вилояти ИИБ томонидан 10 июл куни ҳибсга олинган эди.
XS
SM
MD
LG