Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:38

"Ўзбекистонликлар Бишкекдан ноқонуний ҳажга кетмоқда"


Қирғизистон муфтияти сохта паспортга эга бўлган Ўзбекистон фуқароларини ҳажга жўнатмоқда. Қирғизистон ва Марказий Осиё мусулмонлари конгресси раиси Бақит Нуриддинов Бишкекда ўтган матбуот анжуманида мана шундай иддао билан чиқди.

Қирғизистон ва Марказий Осиё мусулмонлари конгресси раиси Бақит Нуриддиновнинг иддао қилишича, жорий йилда Бишкек шаҳрига берилган квота ҳисобидан қирғиз паспортини ноқонуний тарзда сотиб олган Ўзбекистоннинг қирқ нафар фуқароси Қирғизистон номидан ҳажга жўнатилаётир.

Унга кўра, Қирғизистон муфтияти 2011 йилда Тожикистоннинг 40, Ўзбекистоннинг 23 ва Хитойнинг 3 нафар фуқаросини ноқонуний тарзда ҳажга жўнатган.

Бақит Нуриддинов ҳаж зиёрати баҳоси 2300 доллар деб эълон қилинганига қарамай, муфтият ва зиёратга бормоқчи бўлган шахслар ўртасида турган ҳожибошилар 4,5 минг доллардан ҳақ сўраётганини айтди.

-Ҳозир очиқдан-очиқ 4,5 минг доллардан талаб қилишаяпти. Мана шу пулни берганлар ҳажга борувчилар рўйхатига тиркалаяпти. Ҳожибошилар таниш-билишлар ўртасидан танланмоқда. Биздаги маълумотларга қараганда, 20 га яқин депутат муфтий билан келишиб, ҳажга борувчилар рўйхатига ўзларининг 5-10 дан таниш-билишларини киритиб қўйган, -деди Бақит Нуриддинов.

Қирғизистон муфтийси Раҳматулло ҳожи Эгембердиев Қирғизистон ва Марказий Осиё мусулмонлари конгресси томонидан қилинган иддаолар ҳақиқатга тўғри келмаслигини айтди. Унга кўра, Бақит Нуриддинов Ўзбекистон фуқаролари Қирғизистондан ноқонуний равишда ҳажга кетаётганини иддао қилиш ортидан нафақт уламоларни, балки ҳукумат тузилмаларини ҳам ҳақорат қилмоқда.

- У бу иддаоларни исботлаб бериши керак. Негаки, у нафақт муфтиятни, балки ҳуқуқ-тартибот тузилмаларини ҳам ҳақорат қилмоқда. Унга ишонсак, Қирғизистон паспортини хориж фуқаролари эмин-эркин сотиб олишлари мумкин экан.
Иккинчидан, бирон бир шахс Қирғизистон паспортини сотиб олиб, бизга ҳужжатларини топшириб кетса, бизда нима гуноҳ? Бу паспортнинг ҳақиқийлиги ёки сотиб олинганини текшириш бизнинг вазифамиз эмас, - деди Қирғизистон муфтийси.

Раҳматулло ҳожи Эгембердиевнинг айтишича,авваллари ҳаж ишлари билан шуғулланиб даромад топган ноҳалол одамлар бир-икки йилдан бери ҳаж зиёратини уюштириш ҳуқуқидан маҳрум қилинган. Муфтийга кўра, Қирғизистон ва Марказий Осиё мусулмонлари конгресси мана шундай одамларнинг ноғорасига ўйнаб, муфтиятга қора чаплаш билан шуғулланаяпти.

Айтиб ўтиш жоизки, Қирғизистонда ҳар йили ҳаж зиёратини уюштириш масаласи жанжаллар билан боғлиқ бўлади. Бундан бир неча йил олдин ҳаж зиёратига бориш учун ҳужжат топширган ва йўл ҳаражатларини тўлаб қўйган мингдан ортиқ қирғизистонлик Маккага бора олмай қолган эди. Бир неча ойга чўзилган жанжалдан сўнг, бу одамлардан ҳожибошилар ноқнуний тарзда пул йиғиб олгани, айрим ҳолатларда эса қирғизистонликлар ўрнига кўпроқ пул тўлаган Хитой, Ўзбекистон ва Тожикистон фуқарорлари ҳажга олиб кетилгани маълум қилинган.

Жорий йилда Саудия Арабистони ҳаж зиёрати учун Қирғизистонга 3600 кишига квота берган. Бу эса ўтган йилдагига нисбатан 900 тага оздир. Саудия Арабистони расмийлари Маккада йирик қурилиш ишлари олиб борилаётгани муносабати билан бу йил ҳажга бериладиган квота 20 фоизга қисқартирилганини эълон қилган.
XS
SM
MD
LG