Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 04:37

Мадумаров дўконларининг текширилиши Гулноранинг жаҳлини чиқарди


Нирвана дўконлари Рустам Мадумаровга қарашли бўлса¸ бу тармоқ оид бўлган Pan Terra гуруҳи Гулнора Каримовага тегишлидир.
Нирвана дўконлари Рустам Мадумаровга қарашли бўлса¸ бу тармоқ оид бўлган Pan Terra гуруҳи Гулнора Каримовага тегишлидир.
Президентнинг тўнғичи Гулнора Каримованинг фуқаровий эри экани айтиладиган Рустам Мадумаровга қарашли Нирвана аудио-видео техника дўконларида рейд ўтказилди. Прокуратуранинг бу ҳаракати Каримованинг Twitterдаги эътирозларига сабаб бўлди.

Тошкентдаги мусиқа ва киномаҳсулотлари жамланган CD¸ DVD дисклари ва қўл телефонлари сотадиган Nirvana магазинлар тармоғида 9 сентябр куни прокуратура идоралари махсус рейд ўтказди.

Бу рейд мобайнида Nirvana магазинларида қароқчилик йўли билан ишлаб чиқилган контрафакт аудио-видео дискларнинг катта партияси мусодара қилинди.

Рейд мобайнида магазинлар фаолияти тўхтатиб қўйилди.

Бу ҳақда 10 сентябр куни Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова Twitterдаги саҳифасида зикр қилди.

“Кун янгилиги: Ҳамма Хитой раҳбарини кутиб олиш билан банд бўлган пайтда прокуратура ухлагани йўқ. Яқинда Тошкент аҳолиси фақат қароқчилар хизматидан фойдаланади.”

Кейинги твитда гап нима ҳақда бораëтгани очиқланади.

”Кузатиб турайликчи¸ яна кимдир пайдо бўлса¸ Nirvanaнинг нега Ўзбекистонда оммабоп бўлган “тозалаш тўрига “ илингани маълум бўлади.”

Кейинги твитида Гулнора Каримова баҳсга қўшилганларга қарата яна бир бор зарда билан “Мен ўз лентамда Nirvana ҳақида ëздим! Сизга нима? Улар легал бизнеменга айланган (Nirvana демоқчи) собиқ қароқчилардир. Уларни мамлакатдаги ҳар бир ижрочи яхши билади" деб ëзди.

Гулнора Каримованинг узуқ-юлуқ твитларини ўқиш жараëнида “Нега ҳақиқий қароқчилар қолиб¸ давлатга солиқ тўлаëтган машру ширкатни босишди? Нега мамлакатда дистрибюторлар билан шартнома тузган ягона ширкат (Nirvana демоқчи) ўзини фалончи деб билганлар тарафидан маданийлашган тарзда таланмоқда? Қароқчиликни бас қилиб машру тарзда диск сотаëтган собиқ қароқчилар тазйиқ қилинмоқда”, деган хулоса чиқади.

Шу тарзда Гулнора Каримова 10 ва 11 сентябр куни қолдирган твитларида ”ëввоий бозордан маданий савдога ўтаëтган Nirvanaнинг оëғидан чалинганига “ таассуф билдиради.

“Биз ҳозир бутун мамлакатдаги қароқчиликни битта легал тармоқ билан тенглаштирдикми? Ўқишни биласизми ўзи ? Фақат ўта ахмоқларгина буни тушунмайди¸ шекилли. Постсовет ҳудуддаги бугун легал бўлган сотувчиларнинг ҳаммаси қароқчилардан чиққан. Ўсаëтганнинг бошқалардан фарқи шу. Улар солиқ тўлаб давлат иқтисодини кўтармоқчи. Бошқалар эса “ўз одамларига” пул тўлаб кемиришни давом эттиради. Жараëнни кузатсак¸ нега Nirvana ҳужум остида қолгани ойдинлашади”.

Ўзбекистонда мусиқа ва киномаҳсулотлари жамланган CD¸ DVD дисклари сотадиган дўконларнинг қора маскалилар тарафидан босилиши янгилик эмас.
Ўзбекистон Давлат солиқ қўмитаси маълумотларига кўра¸ кейинги 8 ой мобайнида бу соҳада 600 марта ҳуқуқбузарлик аниқланган; умумий нархи бир ярим миллиард сўм бўлган 100 мингдан зиëд контрафакт CD¸ DVD дисклар мусодара қилинган.

Дахлсиз ҳудуд

Ҳозирга қадар Тошкентдаги CD¸ DVD дискларини сотадиган Nirvana магазинлар тармоғи бу текширувлардан холи бўлиб келган эди.

Тошкентдаги Nirvana магазинлар тармоғининг ўзини Равшан деб таништирган сотувчиси Озодлик билан суҳбатда ўзи ишлаган магазин солиқчи ва бошқа ҳуқуқ тартибот органлари таъмагирлигидан холи бўлиб келганини фахр билан гапирди:

- Милиция ходимлари ҳам биздан дискларни пулга сотиб олишар эди¸ шундан билаверинг. Чунки бизда пират маҳсулот йўқ¸ ҳаммаси қонуний¸ деди Nirvana сотувчиси.

Бундан икки кун олдин Nirvana магазинларининг прокуратура тарафидан босилганини тасдиқлаган дўкончи¸ бошқа тафсилотларни очиқлашдан ўзини олиб қочди.

Суҳбатдош Nirvana тармоғи Dadо гуруҳи қўшиқчилари ака-ука Мадумаровларга тегишли эканини ҳам тасдиқлади.

Nirvana тармоғининг икки эгасидан бири экани айтиладиган Рустам Мадумаров PanTerra овоз ёзиш студиясига ҳам эгалик қилади.

PanTerra эса Гулнора Каримовага тегишли Terra Group империяси тармоғига киради.

Гулнора Каримова ўзининг янги қўшиғини эксклюзив тарзда фақат Nirvana тармоғидан сотиб олиш мумкинлигини билдирган эди.

Ғарб мухбирларининг ëзишича¸ Dadо гуруҳи қўшиқчиси Рустам Мадумаровнинг Гулнора Каримова билан ишқий яқинлиги бор.

Озодлик суҳбатлашган Тошкент ижодий элитаси арбобларидан бир нечтаси ҳам Рустам Мадумаровни Гулнора Каримованинг фуқаровий эри деб ҳисоблайди.

Бу маълумотларга ишонилса¸ прокурорларнинг Nirvana дўконларида рейд уюштиргани борасида Гулнора Каримованинг Twitterда ўз ғазабини яширолмагани сабаби тушунилгандай бўлади.

Ўз твитларида Гулнора Каримованинг прокурорлар ҳаракатларига мухолиф эканлиги яққол кўзга ташланган.

Бу твитларда Гулнора Каримованинг¸ айни пайтда¸ нафақат ўз жазмани экани айтилаëтган Рустам Мадумаров¸ балки ўз бизнес манфаатларини ҳам ҳимоя қилгани кўринади.

Айни пайтда Nirvana тармоғининг биринчи марта рейд нишонига айланмаëтганини ҳам айтиш лозим. Фақат бу галгидан фарқли¸ тахминларга кўра¸ ўтгандаги текширув ташаббусчиси Каримованинг ўзи бўлгани айтилади.

2008 йилда Тошкент Солиқ бошқармаси ва муаллифлик ҳуқуқлари идораси қўшма амалиёт ўтказиб Nirvanaга тегишли 100 мингдан ортиқ DVD, VCD ва MP3 дискларни мусодара қилган эди.

Озодлик суҳбатлашган Тошкент ижодий элитасининг ўз исмини айтмаган вакили иддаосига кўра¸ 2008 йилдаги бу текширув Рустам Мадумаров ва Гулнора Каримова ўртасидаги ишқий муносабатлар совуқлашган пайтига тўғри келган.
Бу совуқлашув ва текшир-текширдан сўнг¸ Мадумаровнинг бир муддат Москвага кетиб қолгани айтилади.

Айни манбанинг айтишича¸ Рустам Мадумаров Москвадан қайтиб келиб Каримова билан алоқаларини тиклаганидан сўнг¸ Nirvanaга оид муаммолар барҳам топган ва бу дўконлар Ўзбекистон ҳуқуқ идоралари назоратидан устун бўлган тармоққа айланган.

Nirvana дўконларига қарши куни-кеча амалга оширилган рейд амалиëти моҳиятан Мадумаров эмас¸ унинг асос ҳомийси Каримова хонимга қарши қилинган ҳаракатдир¸ дейди Озодликнинг Тошкентдаги манбаси.

Манбанинг айтишича¸ бу тадбир Ўзбекистон бошқарув элитасидаги Гулнора Каримовага қарши кучларнинг рамзий ишорасидир.

Шу йилнинг март ойида “Ўзбеккино” идорасига Гулнора Каримова номзоди дейилган Фирдавс Абдуҳолиқов эмас¸ балки президент маслаҳатчиси Хайриддин Султонов маъқул кўрган Жаҳонгир Қосимов раҳбар қилиб тайинланган эди.

Бундан очиқча ғазабланган Гулнора Каримова” ëш киночиларнинг халоскори сифатида” кино идорасига тўсатдан кириб бориб¸ янги раҳбарни коррупцияда айблаган эди.

Тошкентдаги Озодлик манбаларига кўра¸ “Асрлар садоси” фестивали финалида Юлдуз Усмоновани куйлатиш борасидаги Гулнора Каримова ташаббуси охирги минутда Вазирлар Маҳмакасидан келган “сирли буйруқ” боис тўхтатилган.
XS
SM
MD
LG