Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 04:47

Мардикорлар ҳимоячиси Фахриддин Тиллаев 15 суткага қамалди


Мухолифатдаги "Эрк" демократик партиясининг фаоли Фахриддин Тиллаев Тошкент шаҳар Чилонзор туман суди томонидан "майда безорилик", "туҳмат" ва "интернетда нотўғри фактларга асосланган мақолалар" чоп қилишда айбдор деб топилди.

Тошкент шаҳар Чилонзор туман суди қарори билан мухолифатдаги “Эрк” демократик партияси фаоли Фахриддин Тиллаев 15 сутка қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

Фахриддин Тиллаевга Республика “Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги Кодекснинг бир неча моддаси, жумладан, “Майда безорилик”, “Туҳмат”, “Интернетда нотўғри фактларга асосланган мақолалар эълон қилиш” бўйича айблов билдирилган эди.

Бугун Озодликка маълум бўлишича, Чилонзор туман жиноий ишлар суди Фахриддин Тиллаев билан боғлиқ маҳкама ишини 20 сентябр куни соат 17 да кўриб чиқишни бошлаган.

Чилонзор туман жиноий ишлар судининг ўзини таништирмаган ходими Озодликка маҳкама ўз ҳукмини жабрланувчи Юлия Ликованинг шикоят аризасига асосланиб чиқарганини айтди.

Туман судининг ўзини таништирмаган мулозими бошқа тафсилотларни очиқламади.

Маҳкама иши билан таниш бўлган тошкентлик мухолифат фаоли¸ мухолифатдаги “Эрк” демократик партияси Марказий Кенгаши аъзоси Фахриддин Жуманиёзов Озодлик билан суҳбатда Фахриддин Тиллаевнинг 15 сутка қамоқ жазосига ҳукм қилингани ортида сиëсий сабаблар турганини таъкидлади:

-Фахриддин Тиллаевнинг сиëсий фаоллиги уни кузатиб юрган ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларининг жиғига тегаëтган эди. Тиллаев ”Эрк” демократик партиясидаги фаолиятидан ташқари Ўзбекистон Халқ Ҳаракати фаоли ва “Озод фуқаро” ҳуқуқ ҳимояси ташкилоти раиси ҳамдир. Шунингдек, Тиллаев Ўзбекистон мустақил мардикорлар касаба уюшмасини тузишда ҳам фаол иштирок этган.

“Яланғоч аëл” мухолифатчига қарши ариза берди

Чилонзор туман суди мулозимининг Озодлика айтишича, 20 сентябр куниги суд маҳкамасида Фахриддин Тиллаев билан унинг қўшниси Юлия Ликова ўртасидаги жанжал муҳокама қилинган.

"Суд 17 сентябрга белгиланган ва жабрланувчининг келмагани боис қолдирилган эди", дейди Озодлик билан суҳбатда Фахриддин Жуманиёзов :

- 9 сентябр куни соат 16-00да Фахриддин Тиллаевни Чилонзор тумани ИИБ ходими майор Илҳом Остонақулов ва ИИБнинг яна бир вакили “Чилонзор тумани Жиноий ишлар бўйича суди”га 17 сентябр куни боришини талаб қилган. Буни Тиллаев менга айтди. Мен судда қатнашиш учун 17 сентябрда маҳкамага бордим, аммо у куни бошқа судланувчилар кўп бўлгани сабабли, Тиллаевнинг иши бошқа кунга кўчирилганди.

Тиллаев тарафидан ўзининг касбий фаолияти учун "МХХ томонидан уюштирилган провокация", деб иддао қилинаëтган воқеа бундан бир ой олдин Фахриддин Тиллаевнинг Тошкент шаҳри Чилонзор тумани Боғистон маҳалласидаги уйида рўй берган.

Бу ҳақда Озодликка 42 ёшли Фахриддин Тиллаевнинг ўзи буларни гапириб берган эди:

- Хуфтон намозини ўқиëтган вақтимда уйимнинг эшиги жуда қаттиқ тақиллаб кетди. Чиқиб қарасак, ён қўшним Костя деган йигитнинг аëли қип-яланғоч ташқарида турибди, менинг эшигимнинг олдида. Қип-яланғоч, баданида ҳеч нарсаси йўқ. Ҳеч нарса киймаган. Мен ҳайрон қолдим. “Нима қилаяпти бу аëл”, деб нима қилсам, бир пайт ўзидан ўзи бақириб “Помогите, помогите. Он меня насилует” деб бақирди. Қаердандир одамлар пайдо бўлиб қолди. Подъезддан тушиб келаяпти, подъезддан чиқиб келаяпти. 10тача одам йиғилиб қолди. Уларни ҳеч кўрмаганман. Бизнинг қўшнилар ҳам эмас улар. Уйимга бостириб кириб олди ҳаммаси. Менинг турмуш ўртоғимни аëллар уриб кетди. Эркаклар мени уриб кетишди. Енгил тан жароҳати етказишди. Компютерларим, уйимдаги жиҳозларимгача шикаст етказишди.

Тиллаев бўлиб ўтган воқеани Миллий хавфсизлик хизмати томонидан ўз фаолиятини чеклаш учун қилинган "провокация" деб ҳисоблашини айтган эди:

- Бу олдиндан келишилган провокация экан. Кейин мен тушуниб етдим. Биласизми, албатта, бунинг тепасида асосан Миллий хавфсизлик туради. Ўша бошчилигида бўлаëтган ишлар деб биламан. Бу охирги воқеа менга бўлишига сабаб, асосан, мана шу мардикорларни ҳимоя қилаëтганлигимиз, кейин умуман ўша Ўзбекистон Халқ Ҳаракатида фаолият анча кучайгани, ривожланаëтганлиги учун, ичкарида халқ ҳаракатига одамларнинг қизиқиши пайдо бўлганлиги, сайтда берилаëтган материаллар сабаб бўлган.

Ҳуқуқ фаолининг иддао қилишича, 23 август куни, яъни калтакланишидан аввал кун давомида Миллий хавфсизлик хизмати кузатувида бўлган.

Мухолифатдаги “Эрк” партиясининг аъзоси бўлган Фахриддин Тиллаев кейинги пайтда Ўзбекистон Халқ Ҳаракати сайтида мамлакат ичкарисидаги воқеа-ҳодисалар борасида ўзининг танқидий чиқишлари билан фаол иштирок этаяпти.

Шунингдек, Тиллаев “Мустақил мардикорлар касаба уюшмаси” вакили сифатида ўзбек мардикорлари ҳимояси борасида матбуот орқали қатор чиқишлар қилмоқда.

"Урф"га айланаётган ташвишли ҳолат

Жорий йил бошида мардикорлар ҳимоясига отланган Фахриддин Тиллаев, ҳуқуқ фаоллари Нуриддин Жуманиёзов, Абдулла Тожибой ўғли маҳкама ҳукми билан ҳар бири 7 миллион сўмлик жаримага тортилган эди.

Кейинги пайтларда Ўзбекистонда ҳуқуқ фаолларини зўрлаш, номусга тажовуз қилишда айблаш ҳолатлари “урфга” айланаётганини кузатиш мумкин.

Хоразмлик журналист Сергей Наумов куни-кеча Урганч суди томонидан нотаниш аёлнинг кўкрагига теккани учун - "майда безорилик айби" билан 12 суткага қамалган эди.

6 август куни “Эзгулик” жамияти фаоли 71 яшар Ҳасан Чориев 19 яшар Матлуба Абдураҳмоновага жинсий тажовуз қилганликда айбдор деб топилиб, 5 йилу 2 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинди.

24 сентябр куни Бухоро вилоятининг Жиноят ишлари бўйича Жондор туман суди “Эзгулик” жамияти Бухоро вилояти бўлими раиси, 60 яшар фермер Бобомурод Раззоқовни тўрт йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш бўйича ҳукм чиқарди.

60 яшар ҳуқуқ фаоли ҳам одам савдоси ва бухоролик аёлни зўрлашга ҳаракат қилганликда айбланди.
XS
SM
MD
LG