Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:55

Хонанда Жаҳонгир Отажонов битта бўса туфайли лицензиясидан айрилди


“Сredit Express” ширкати юзлаб фуқарони чув туширди. Тошкент метросида йўловчилар эвакуация қилинди. Cирдарёда порахўр солиқ амалдори қамалди. Жорий ҳафта маҳаллий матбуот шу каби воқеалар ҳақида ёзди.

“Ўзбекистонда термитлар хавфи ошиб бормоқда”

Ўзбекистонда зарарли ҳашаротлар – термитлар келтираётган зарар йилдан йилга ошиб бормоқда (“Ўзбекистон овози”, 26 сентябр).

Ўзбекистон Фанлар академияси Ўсимлик ва ҳайвонот олами генофонди институти ҳузуридаги термитларга қарши кураш маркази директори, профессор Оловиддин Ҳамроевга кўра, республикада бир неча минг уй-жой термитлар билан зарарлангани аниқланган.Шуни ҳисобга олиб, зудлик билан мамлакат миқёсида аҳоли яшаш жойларини ҳашаротлар билан зарарланиш даражасини аниқлаш ва керакли чоралар кўриш керак.

Мутахассиснинг таъкидлашича, оқ тол, мирзатерак, оқ терак, садақайрағоч, каштан, чинор каби дарахт ёғочлари термитлар хуружига дош беролмайди.
Шунинг учун уй қурилишида оқ ва сариқ акас, қизил арча, қарағай, япон сафораси каби дарахт ёғочларидан фойдаланиш мақсадга мувофиқ.

Бир уяда 25 мингдан 5 миллионтачага термит яшайди, она термит бир кечада 43 мингтачага тухум қўяди. Зарарли ҳашаротлар 6 йилдан 30 йилгача яшайди.

“Сredit Express ширкати чув туширган юзлаб мижоз нима қилсин?”

Тошкентда фаолият юритган “Сredit Express” кредит уюшмасининг алданиб қолган юзлаб мижози ўз ҳаққини ундиролмай сарсон бўлмоқда (“Новий век”, 26 сентябр).

Д.Югай, Т.Каримов ва У.Шарифхўжаев томонидан таъсис этилган кредит уюшмаси ҳужжатларни сохталаштириш орқали жисмоний ва юридик шахсларнинг жами 7 миллиард сўмдан ошиқ маблағини ўзлаштирган.

“Сredit Express” ижроси директори У.Шарифхўжаев жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди ҳукми билан 9 йилга озодликдан маҳрум этилган. Ширкатнинг пул ўмаришда айбланган бошқа масъуллари қочиб кетган. Пировардида жабрланувчи саналган юзлаб ҳиссадорлар ўз ҳаққини ололмаётир.

Айни пайтда Тошкент шаҳрининг ўзида “Санар кредит”, “Инвест кредит”, “Шарқ юлдузи”, “Профит” каби кредит уюшмалари мижозлари ҳам қонуний ҳаққини ололмаётир. Газета кредит уюшмалари фаолиятини назорат қилишга масъул бўлган идоралар ҳам бу каби ҳолатлар учун жавоб бериши кераклиги масаласини кўтаради.

“Ножўя видеолавҳалар сабабли хонанданинг лицензияси олиб қўйилди”

Таниқли хонанда Жаҳонгир Отажонов интернет ва мобил телефонларда тарқалган видеолавҳалар туфайли лицензиясиз қолди (“Даракчи”, 26 сентябр).

Шоу бизнес нашрига кўра, видеоларнинг бирида хонанда ҳовузда ўзини ҳар кўйга солиб, куйлаб рақс тушаётгани, иккинчисида тўйда ғужанак бўлганча ётиб куйлаётгани, учинчисида рақсга тушаётган аёлдан бўса олаётгани акс этган.

“Ўзбекнаво” эстрада бирлашмасининг ўтган ҳафтадаги мажлисида мазкур масала ҳам муҳокама этилган. Отажонов иштирокидаги миллий қадриятлар ва санъаткор одобига зид видеолавҳалар танқид қилинган.

Хонанданинг ўзи бу ҳолатни шундай баҳолаган: “Cиз айтаётган тасвирларни мен тарқатмаганман ва қандай қилиб одамлар қўлига етиб борганини ҳам билмайман… Лекин ўша видеоларда лицензия олинишига сабаб бўладиган ҳеч қандай ҳолатни кўрмадим”.

“Cирдарёда пора олган солиқ амалдори қамалди”

Сирдарё вилояти Гулистон шаҳар давлат солиқ инспекциясининг “Камерал назорат” шўъбаси бош инспектори Фурқат Омонлиқов порахўрлик айби билан қамалди (“Адолат кўзгуси”, 26 сентябр).

Солиқ мансабдори шаҳардаги “Бердиёр ҳамкор Билолбек” хусусий корхонаси раҳбаридан ҳисоботларни қабул қилишда таъмагирлик қилган. Газета хабарида солиқ мансабдори талаб қилган пора миқдори аниқ айтилмаган.

Жиноят ишлари бўйича Гулистон шаҳар суди Ф.Омонлиқовни Жиноят кодексининг 210-моддаси (таъмагирлик йўли билан пора олиш) бўйича айбдор деб топиб, 4 йил муддатга озодликдан маҳрум этган.

“Тошкент ҳокими озиқ-овқат ғамлашга буйруқ берди”

Тошкент шаҳри ҳокими Раҳмонбек Усмонов 2013-2014 йилги куз-баҳори мавсуми учун асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари (картошка, пиёз, сабзи, карам, гуруч) ғамлаш тўғрисида қарор қабул қилди (“Тошкент оқшоми”, 25 сентябр).

Қарорга мувофиқ, Тошкент вилоятининг Зангиота, Паркент, Ўртачирчиқ, Юқоричирчиқ, Бекобод ва Бўка туманларидаги фермер хўжаликлари билан асосий турдаги қишлоқ хўжалик маҳсулотларини харид қилиш бўйича шартнома тузилади.

Шартномага асосан, 66483 тонна асосий турдаги қишлоқ хўжалик маҳсулотлари жорий йил сенябр-ноябр ойларида Тошкентдаги 475 та маҳаллада истиқомат қилувчи аҳолига сотилади.

“Ижара тўлови оширилса, ишонч телефонига қўнғироқ қилинсин!”

Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши шаҳар бозорларида савдо қилаётган фуқаролар учун бир марталик тўловнинг муайян миқдорини белгилади (“XXI аср”, 26 сентябр).

Масалан, “Авиасозлар”, “Аския”, “Бешёғоч” деҳқон бозорларида биринчи қаватдаги бинолар, ертўла майдони учун ойига 10 минг сўм, “Миробод” деҳқон бозорининг биринчи қавати учун 15 минг сўм, иккинчи қавати учун 10 минг сўм бир марталик ижара тўлови олиш кўзда тутилган. “Бозори маъмурияти юқоридаги миқдордан ортиқча тўлов талаб қилса, давлат солиқ инспекциясининг ишонч телефонига мурожаат қилишингиз мумкин”, деб эслатади газета.

“Жиззахлик оилага ишсизлик нафақаси бермаган масъул жазоланди”

Жиззах тумани Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш маркази фуқаро Дилбар Юнусова ва унинг турмуш ўртоғи томонидан берилган аризани эътиборсиз қолдирди (“Инсон ва қонун”, 24 сентябр).

Эр-хотин иш топиб беришни, унга қадар ишсизлик нафақаси беришни сўраб мурожаат қилган. Аммо аҳолини иш билан таъминлаш ва уларга нафақа тайинлашга масъул бўлган марказ жиззахлик оиланинг сўровини қондирмаган.

Хабарга қараганда, адлия идораси аралашуви билан бандлик маркази масъул мутахассиси М.Абдиев интизомий жазога тортилган.

“Тошкент метросида йўловчилар эвакуация қилинди”

19 сентябр куни кечга яқин Тошкент метрополитенининг “Чилонзор” йўналишида эгаси йўқ пакет қолдириб кетилгани аниқланди. “Даракчи” газетаси хабарига кўра, икки дақиқадан сўнг хавфсизликни таъминлаш мақсадида йўловчилар метродан эвакуация қилина бошлаган.

Воқеа жойига махсус хизмат ходимлари келиб, пакетни текширган. Бироқ унутиб қолдирилган сумкадан хавфсизликка таҳдид солувчи буюм топилмаган.

“Мирзачўлда ондатраларнинг ноқонуний овчиси ушланди”

Сирдарё вилояти Мирзачўл туманида жуда катта миқдорда ноёб ҳайвонларни овлаган фуқаро қўлга олинди (“Ҳуқуқ”, 26 сентябр).

Тезкор тадбирда исми ошкор этилмаган фуқаронинг машинаси юкхонасидан 202 дона ондатра, 5 дона чиябўри териси ҳамда 101 та қопқон топилган ва мусодара этилган. Ҳозирча қонунбузар томонидан ҳайвонот дунёсига етказилган зарар миқдори 392,5 миллион сўм деб баҳоланган.
XS
SM
MD
LG