Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 12:05

Жиззахда 20 яшар келинчак пахтазорда ўлиб қолди


Дўстлик туманида фермерлик қилаётган Абдуғани Жумабоевнинг келини(исми шарифини аниқлаш имкони бўлмади - Озодлик) пахта тераётган пайтда ўлиб қолган.

Бу ҳақда Озодликка хабар берган Дўстлик туманидаги манбага кўра, воқеа куппа-кундуз куни пахта даласида рўй берган:

- Келинчак тўртинчи совхоздан келин бўлиб тушган экан. Йигирма ёшга кирган, эри Тошкентда ўқийди экан. Битта ёш ўғли бор экан. Пахта тераётган пайтда бирданига ёмон бўлиб, жойига ўтириб қолибди. Атрофдагилар бу дам оляпти, деб парво қилмапти. Кейин келиб кўришса, жойида ўтириб ўлиб қолган экан.

Келинчак шундан сўнг дарҳол касалхонага олиб борилган, бироқ шифокорлар унинг жони аллақачон узилганини қайд қилган. Мурдани ёриб кўриб, ўлим сабабини аниқлашга унинг яқинлари ижозат бермаган. Тахминий версияга кўра, келинчак қон босимининг бирданига кўтарилиб кетишидан жон таслим қилган бўлиши мумкин.

Дўстлик туманидаги бошқа бир манба ҳам фермер келинининг пахтазорда ўлиб қолганини тасдиқлади. Унга кўра, ҳозир милиция ходимлари одамларнинг касаллигига, шароити бор-йўқлигига қарамай уйма-уй юриб пахтага чиқармоқда:

- Бизда Тошкентдан келган милиция ходимлари уйма-уй юриб қувиб чиқармоқда, бормаганларни босиб олиб кетмоқда. Менинг 33 ёшли ўғлимни ҳам мажбурлаб олиб кетишди. Мен мана 65 ёшга кирдим, ҳали бунақа зўравонликни кўрмаганман, СССР даврида ҳам бундай бўлмаган.

Марҳум келинчак яшаган қишлоқ фуқаролар йиғини раиси Шодиёр Алиқобилов фермер Абдуғани Жумабоевнинг келини вафот қилганини тасдиқлади. Бироқ унинг айтишича, келинчак ўз уйида жон таслим қилган:

- Ҳеч қандай пахта теримида ўлгани йўқ, у келинчак. Бекорчи гап. Пахтага чиқмаган, ўз уйида ўлиб қолган.

Ҳар йили пахта теримига жалб этилган ҳашарчилар орасида ўнлаб қурбон қайд этилади. Жорий йилда Озодликка маълум бўлган "Пахта-2013" қурбонлари сони беш нафарни ташкил қилади.

15 сентябр куни Бухоро вилоятининг Вобкент тумани Нарчоқ қишлоғида 6 яшар болакай Амирбек Раҳматов пахта ортилган прицепга чиқиб ухлаб қолган ва шом қоронғусида унинг устига теримчилар терган пахта тагида бўғилиб ўлган.

Қарши Давлат университети Тарих факултети миллий ғоя йўналишининг 2-курс талабаси шу факультет 4-курс талабаларидан 4 нафарини 16 сентябр куни пахта даласида пичоқлаб қўйди. Пичоқланганлардан бири воқеа жойида ҳалок бўлди, яна бири касалхонада жон берди.

9 сентябр куни Қаршидаги Ҳилол агросаноат коллежининг 2 босқич талабаси, 1996 йили Қарши туман, Сарой қишлоғида туғилган Мухлиса Ўрол қизи Ражабова пахта даласида ток уриб нобуд бўлди.
XS
SM
MD
LG