Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:54

Тошкентда бензин фақат эрта тонгда бор


Кейинги кунларда пойтахт АЁҚШлари олдида турнақатор навбатлар пайдо бўлганини кўриш мумкин.
Кейинги кунларда пойтахт АЁҚШлари олдида турнақатор навбатлар пайдо бўлганини кўриш мумкин.

Кейинги бир ҳафта мобайнида Тошкент шаҳридаги ёнилғи қуйиш шохобчаларида бензин яна тақчил бўлиб қолди. Айрим “заправка”лар бир ҳафтадан буён ёпиқ қолмоқда, айримлари фақат эрталаб ишлаяпти. Тушдан кейин пойтахт АЁҚШларидан бензин топиш амримаҳол.


Тошкентда бензин йўқ

1 октябр куни Озодлик мухбири тушгача Тошкентдаги ўндан зиёд ёнилғи қуйиш шохобчалари билан мижоз сифатида боғланиб, бензин билан боғлиқ вазиятни ўрганди.

АЁҚШлардан “Бензин қолмади”, “Бензин йўқ, эрталаб келинг”, “Бензин ҳозир бор, фақат кечга қараб қолмайди”, деган жавобни олдик.

Кейинги кунларда пойтахт АЁҚШлари олдида турнақатор навбатлар пайдо бўлганини кўриш мумкин. Ҳайдовчилар бензин олиш учун соатлаб навбат кутиб қолишига тўғри келаяпти. Суҳбатлашганимиз АЁҚШ ходимларидан бири бензинни навбатсиз олиш учун эрта тонгда келишни маслаҳат берди.

- Нефт базаси кечаси соат 12 дан кейин ишлайди. Соат 3-4 ларда заправкаларга бензин ташийди. Агар кечаси соат 3-4 дан кейин заправкага чиқсангиз, навбатсиз бензин оласиз,- деди АЁҚШ ходими.

Бензин тортилгани сабаблари

Озодлик мухбири билан гаплашган Тошкент АЁҚШлари вакиллари бензин тақчиллигини тўртта омил билан изоҳлашди.

Пойхатдаги АЁҚШлардан бирининг ўзини таништирмаган ходимига кўра, бугунги кунда Ўзбекистонда ишлаб чиқилган бензин эҳтиёжни қопламаслиги натижасида, АЁҚШлар тушдан кейин ишсиз қолаяпти.

- Ўзимизда Ўзбекистоннинг эҳтиёжига етмайди. Олдин Россия хом нефт берарди. Ҳозир нефт бермай қўйдида, қайта ишланган бензин олинади. Бу бензин бизга 3500 сўмдан келиб тушади. Биз 1645 сўмдан сотиб, ярим пули ҳам бўлмаяпти. Шунинг учун Россиядан олиб келмаяпти. Фақат ўзимизнинг заводники етмайди. Полностю потребностимизга етмайди,- деди суҳбатлашганимиз АЁҚШ ходими.

Яна бир АЁҚШ ходими Тошкентдаги бензин тақчиллигини лимит тугагани билан изоҳлади. Унга кўра, шу боис аксар “заправка”лар вақтинча ёпилган.

“Ҳар бир заправкага йиллик лимит берилади. Кўпчиликда шу лимит тугаган ёки тугаяпти. Шунинг учун кўп заправкалар ҳозир ишламаяпти. Янги йилгача тақчиллик давом этса керак”, деди суҳбатдош.

Бошқа бир АЁҚШ ходими эса бензин тақчиллигини пахта мавсуми билан боғлади.

- Пахта муносабати билан сал камайган. Машина керакку грузовой. Грузовой машиналар пахтани ташийди, одам ташийди. Грузовой машиналар бензинда юради. Шунга кетиб қолаяпти бензин,- деди пойтахт АЁҚШларидан бирининг ходими.

Кейинги суҳбатдошимиз эса ўзи ишлайдиган АЁҚШда тушдан кейин бензиннинг қолмаслигида одамларнинг ўзини айблайди.

- Одамларнинг ўзида ҳамма гап. Налог ошаркан, квартплата ошаркан, бензин ҳам ошиб қолади деб уйига тиқиб қўйяпти. Барибир нархи ошгандан кейин бир ҳафта, 10 кундан кейин заправка қилади. Одамларга тушунтириб бўлмайди уни,- дейди суҳбатдош.

“Бензин 15 октябрдан ошиши мумкин”

Тошкентдаги манбаларимизга кўра, кейинги кунларда бензиннинг нархи ошиши ҳақида аҳоли орасида гап-сўз кўпайган.

Суҳбатлашганимиз АЁҚШ ходимлари ҳам 15 октябрдан нарх ошиши ҳақида гап борлигини, бироқ бу ҳозирча фақат тахмин эканлигини айтишди.

“Одатда ана бизда транспорт ошди, йўлкира ошди, қопламаяпти бензин дейдида, нефтбаза бензин нархини кўтаришни таклиф қилади. Ошади деган гап бор, фақат ҳали аниқ маълумот йўқ. Биз фақат бир кун олдин билишимиз мумкин ошишини. Чунки Молия вазирлиги ҳал қилади буни”, деди суҳбатлашганимиз Тошкентдаги АЁҚШ ходимларидан бири.

Вилоятлардан олинган маълумотларга қараганда, кейинги кунларда ёнилғи тақчиллиги айрим вилоятларда ҳам кузатилмоқда.

Озодлик мухбири “Ўзнефтмаҳсулот” акциядорлик компаниясидан мавзу юзасидан бирор изоҳ ололмади.

Ўзбекистонда кейинги йилларда бензин тақчиллиги одатий кўринишга айланаяпти. Вақти-вақти билан мамлакат АЁҚШларида бензин тортилиши кузатилаяпти.

Ўтган ойнинг ўрталарида ҳам Тошкентдаги ёнилғи қуйиш шохобчаларида бензин тақчиллиги юзага келган эди.
XS
SM
MD
LG