Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 11:49

Бухорода 1300 йиллик хазина топилди


Uzbekistan -- Uzbek newspapers, 11May2013
Uzbekistan -- Uzbek newspapers, 11May2013

Андижонда киракашларни ўлдирган жиноий тўда қўлга олинди. Навоийда ўнга яқин ҳоким ва ҳоким ўринбосарлари жазоланди. Ўзбек киночилари жин ҳақидаги филм сюжетини чет элдан ўғирлади. Жорий ҳафта ўзбек матбуоти шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

“Тўрақўрғонда иш билан таъминлашдаги кўзбўямачиликлар фош бўлди”

Наманган вилояти Тўрақўрғон туманида бўш иш ўринлари яратиш ва коллеж битирувчиларини иш билан таъминлашга оид ҳужжатларда қўшиб ёзиш ва кўзбўямачилик ҳолатлари фош бўлди (“Диёнат”, 3 октябр).

Туман прокурори Абдулатиф Солиевга кўра, ҳисоботларда 2012-2013 ўқув йилида касб-ҳунар коллежларини битирган 3155 нафар ёш билан таъминлангани кўрсатилган. Аслида эса 868 нафар битирувчи иш билан таъминланмагани ҳолда, ёлғон ҳисобот берилган. Шунингдек, иш билан таъминланган деб кўрсатилган битирувчиларнинг аксарияти ишламаётгани, бу тўғридаги маълумотлар ҳам сохта экани аниқланган. Масалан, тумандаги Саноат ва транспорт коллежининг 345 нафар битирувчиси ишга жойлаштирилган деб кўрсатилгани ҳолда, 94 нафари ишсиз юргани маълум бўлган.

“Навоийда ўнга яқин ҳоким ва ҳоким ўринбосарлари жазоланди”

Навоий вилоятидаги ўнга яқин туман ва шаҳар ҳокимлари ҳамда ўринбосарлари фуқаролар мурожаатига эътиборсизлик қилгани учун интизомий ва маъмурий жавобгарликка тортилди (“Ҳуқуқ”, 3 октябр).

Зарафшон шаҳар, Хатирчи ва Кармана тумани ҳокимларига интизомий, Кармана тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари А.Рашидов, Нурота тумани ҳокими ўринбосари С.Мирзаев, Зарафшон шаҳар ҳокими ўринбосарлари Ш.Аҳроров, З.Жўраева, Хатирчи тумани ҳокими ўринбосарлари Б.Раҳимов, В.Авлоновларга маъмурий жазо тайинланган.

Вилоят бўйича жорий йилнинг саккиз ойида 150 га яқин мансабдор фуқаролар мурожаатига жавоб қайтариш тартибини бузгани учун жавобгарликка тортилган.

“Ўзбек археологлари сенсацион топилма ҳақида хабар беришди”

Бухоро яқинидаги қадимий Пойканд харобаларида қазилма ишларини олиб бораётган археологлар хазина топишди (“Новий век”, 3 октябр).

Ўрта асрларга мансуб 4500 дона тангадан иборат хазина қопга жойланган экан. 6 килолик қоп Сўғд бойларидан бирига тегишли бўлгани тахмин қилинмоқда.

Ўзбекистон Фанлар академияси Археология институти илмий ходими Жамолиддин Мирзааҳмедов нафақат Ўзбекистон, бутун Марказий Осиёда ҳозирга қадар бундай бой тарихий хазина топилмаганини урғулаган.

Тангалар орасида VII асрда зарб қилинган ҳамда Бухоро, Сўғд, Самарқанд, Тошкент, Ўтрор, Хоразм ҳамда Араб халифалигининг марказий ҳудудларида фойдаланилган турли пул бирликлари бор. Кўҳна хазинани топишда Санкт-Петербургдаги Эрмитаж музейи вакиллари ҳам иштирок этган.

“Фамилиядаги битта ҳарф фарқи сабаб ўғил пропискага ўтолмаяпти”

Фарғона вилояти Бешариқ туманида яшовчи Одилбек Зоидов фамилиядаги битта ҳарф фарқи сабабли отасининг уйига пропискага тура олмаяпти (“Инсон ва қонун”, 1 октябр).

Ота-онасининг фамилияси Заидов, Одилбекнинг туғилганлик гувоҳномасида эса уларнинг фамилияси Зоидов тарзида кўрсатилган. Бешариқ тумани ФҲДЁ бўлими мудири Х.Мамажоновага кўра, прописка муаммосини ҳал этиш учун Одилбек Зоидов ота-онасининг барча ҳужжатларидаги фамилиясини Зоидов тарзида ўзгартиришига тўғри келади.

“Ўзбек киночилари жин ҳақидаги филм сюжетини чет элдан ўғирлашди”

Ўзбек киночилари суратга олаётган комедия жанридаги филмлар танқидга учради (“Даракчи”, 3 октябр).

“Тўйидан қочганлар”, “Замонавий совчилар-2” каби филмлардаги бачканалик ва ортиқча бўрттиришлар томошабин ғашини келтиради. “Қудамни кўрмадингизми?”, “Тилим қурсин”, “Акажон, хизматингизга тайёрман” филмлари ҳам савиясиз ва оригиналликдан йироқ.

“Менинг дўстим жин” филми сюжети эса хориж филмидан ўғирланган. “Шу ўринда киночиларга эслатма: бугунги томошабин 10 йил олдинги томошабиндан анча фарқ қилади. Чунки биз техника ва интернет асрида яшаяпмиз. Филм ғоясини кўчирган ёки ўғирлаган кино ижодкори, ўша кинони томошабин кўрган бўлиши мумкинлигини ёдингиздан чиқарманг” деб ёзади газета.

“Андижонда киракашлар жонига қасд қилган жиноий тўда қўлга олинди”

Андижон вилоятида пана-пастқамда киракашларни ўлдириб юборган жиноий гуруҳ устидан маҳкама жараёни якунига етди. Бу ҳақда вилоят прокуратураси расмийси Муроджон Болтабоев “Ҳуқуқ” нашрига маълум қилади.

Мурозим Раимов, Муҳиддин Низомиддинов ва Мамир Ҳасановдан иборат жиноий гуруҳ такси ҳайдовчиларини алдаб-авраб овлоқ жойга олиб бориб, бўғиб ўлдирган ва машинасини ўғирлаб қочган. Ўғирланган машиналар Андижоннинг турли ҳудудларидаги бозорларда арзонгаровга пулланган.

Тафсилотларга қараганда, жиноий гуруҳ иккита “Тико” ва битта “Нексия” автомобили эгаси жонига қасд қилган. Жиноятчилар вазифаларни аниқ тақсимлаб иш кўрган. Орқа ўриндиқда ўтирган жиноятчи ҳайдовчини сим билан бўғади, олд ўриндиқда ўтирган шериги эса жабрдийданинг оёқларидан ушлаб туради.

Жиноят кодексининг бир неча моддасига асосан айбдор деб топилган М.Низомиддиновга 20, М.Раимовга 19 ва М.Ҳасановга 17 йил қамоқ жазоси тайинланган.

“Пахтани тортишда носоз тарозидан фойдаланилмоқда”

Терим мавсумида пахтани тортишда носоз тарозидан фойдаланиш ҳолатлари учрамоқда (“Адолат кўзгуси”, 3 октябр).

Газетага бу ҳақда мурожаат қилган ўқувчи ҳар бир этакдан камидан 3-4 килограмм ютқазаётганини айтган. Олий хўжалик суди катта маслаҳатчиси Исроил Қурбоновга кўра, барча ўлчов асбоблари каби тарозилар ҳам давлат стандартлаштириш ва метрология хизмати синов-кўригидан ўтказилиши керак.

Фермер томонидан пахтани ўлчашда ишлатилаётган тарозининг тўғрилигига шубҳа бўлса, вилоят давлат стандартлаштириш ва метрология хизматига мурожаат этиш тавсия қилинган.

“Бензин тақчиллиги ҳақида аҳолига аввалдан маълумот берилсин!”

Сўнгги ҳафтада Тошкент шаҳридаги ёқилғи қуйиш шахобчаларида узундан-узун навбатлар юзага келди. “Новий век” газетасининг ёзишича, ҳайдовчилар орасида 1 октябрдан бензин нархининг ошиши, шунингдек, нефт-газ соҳасида инқироз рўй бергани ҳақида овозалар пайдо бўлди.

“Автомобилларга ёқилғи қуйиш шахобчасига келганингиздан бир неча километрлик навбатга дуч келсангиз, қандай аҳволга тушасиз?! Наҳотки, фуқароларни оммавий ахборот воситалари орқали вақтинчалик бензин тақчиллиги юзага келиши, бунинг сабаблари ҳақида олдиндан огоҳлантириб қўйишнинг имкони бўлмаса?!” дея мутасаддиларни саволга тутади “Новий век” нашри.

“Мусиқа чалиб қўшнилар тинчини бузган созанданинг таноби тортилади”

Чирчиқдаги кўп қаватли хонадонда яшовчи фуқаро Абдумалик Эргашев кечалари кларнет чалиб, одамларга тинчлик бермаётган қўшниси устидан арз қилди (“Истеъмолчи”, 3 октябр).

Қўни-қўшнилар танбеҳ берса ҳам, кларнетчи “хўп” деб билганидан қолмайди.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 192-моддасига кўра, тунги вақтда (23.00 дан 06.00 гача) фуқаролар осойишталигини бузиш, яъни баланд овозда қўшиқ айтиш, мусиқа чалиш, сигнал бериш, телевизор, радиоприёмник товушини ҳаддан зиёд баландлатиш жаримага сабаб бўлади.

Газета яхши гапга кўнмаган қўшнининг танобини тортиб қўйиш учун милицияга мурожаат қилишни маслаҳат беради.
XS
SM
MD
LG