Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 08:58

Сергей Наумов ўз қамалишини провокация деб баҳолади


Сергей Наумов.
Сергей Наумов.
Ўзбекистондаги болалар ва мажбурий меҳнат вазиятини ëритишга уринган хоразмлик мустақил журналист Сергей Наумов 12 кунлик қамоқ муддатини ўтаб бўлгач¸ озодликка чиқарилди. Озодлик билан суҳбатда Наумов¸ ўзининг фитна қурбони бўлгани ва касбий фаолияти учун жазоланганини таъкидлади.

Наумов 21 сентябрь куни ўз уйи ёнида майда безорилик айби билан қўлга олинган эди.

Қамоқдан чиқарилганидан сўнг Озодлик мухбири билан суҳбатлашган Наумов¸ ўша кунги воқеа тафсилотларини ҳикоя қилди:

- 21 сентябрь куни, кечқурун соат 4 чамаси уйим ёнида кимдир орқамга келиб урилди. Орқамга қарасам¸ бир нотаниш аёл менга бақираяпти, "русский алкаш", деб сўкаяпти. Мен тезда у ердан кета бошлагандим, ярим дақиқа ўтар-ўтмас милиция етиб келди. Кейин ўша аёл милицияга томоша кўрсатишга ўтди, милицияга қараб "қаерга қараяпсизлар", дея истерика кўтарди. Сўнг мени олиб кетишди. Нимага ва кимга кераги бор эди бу правокацияни, мен ҳозир ҳам тушунмаяпман¸ дейди Наумов.

Журналист Сергей Наумов ўзига белгиланган жазо муддатини ўташ давомида қийноқларга солинмагани ва маъмурлар ўзига нисбатан рисоладагидай муомала қилганини айтади.

Ҳозирча Наумовга фуқаролик паспорти қайтариб берилмаган:

- Билишимча, паспортимни участкавой олиб кетган. Нимага паспортим берилмаётганини тушунмаяпман. Паспорт қўлимда бўлиши керакку, дейди Наумов.

Озодлик билан суҳбатда Наумов қамоқ азобини ҳеч кимга раво кўрмаслигини айтади:

- Изоляторда бошдан кечирганларим ҳақида нима ҳам дер эдим, абгор камера, нара, туалет бурчакда, кучли тартиб ва макарон шўрва. Лекин мен 12 кун ҳибсда бошдан кечирганларим йиллардан буён ўтирган Солижон Абдураҳмонов каби маҳкум ҳамкасбларим чекаётган азоб-уқубатлар олдида ҳеч нарса эмас, дейди Наумов.

Ҳуқуқ фаоллари бу иш Наумовнинг касбий фаолияти билан боғлиқлиги, Ўзбекистонда фуқаролар манфаатларини ёқлаб, пахта мавсумида мажбурий меҳнатдан фойдаланилаётганини ёритгани унинг жазоланишига сабаб бўлганини таъкидламоқдалар.

Ҳьюман райтс уотч, Халқаро Амнистия, Чегара билмас мухбирлар, Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси, ЕХҲТ каби халқаро ташкилотлар Сергей Наумов ҳимоясига чиқди.

50 ёшли Сергей Наумов Ўзбекистондаги илк мустақил Панорама (Манзара) газетасининг (1990 йил) таъсисчиси бўлган.

1994 йилдан 1999 йилгача Наумов Хоразмдаги илк мустақил ALC телевидениесида ишлаган. Шунингдек, хоразмлик журналист ўтмишда қатор хорижий нашрлар билан ҳам ҳамкорлик қилиб келган.
XS
SM
MD
LG