Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 07:33

Касби туманида ўқувчилар пахтага ҳайдалди


Суратда пахта тераётган Қашқадарёнинг Яккабоғ тумани 70-мактаб ўқувчилари акс этган. (Сурат 2012 йилги пахта мавсуми пайти олинган)
Суратда пахта тераётган Қашқадарёнинг Яккабоғ тумани 70-мактаб ўқувчилари акс этган. (Сурат 2012 йилги пахта мавсуми пайти олинган)
Октябрь ойидан бошлаб Қашқадарё вилояти Касби тумани мактабларининг юқори синф ўқувчилари пахта теримига жалб қилинди. Касби туман ҳокимлиги расмийларидан олинган маълумотга кўра, 7, 8, 9-синф ўқувчилари дарсдан кейин ҳашарчиларга "ёрдам" беришаяпти.

Касбилик ўқувчилар пахтага чиқарилгани ҳақидаги хабар Озодликка Касби туманида яшовчи манбадан 3 октябрь куни кечқурин етиб келди.

“Қашқадарё вилояти Касби тумани мактабларининг 7, 8, 9-синф ўқувчилари бугундан пахтага чиқарилди”, дейилади манбамиз хабарида.

4 октябрь куни Озодлик мухбири Касби туман ҳокимлигига қўнғироқ қилиб, ушбу хабар тафсилотларини ўрганди.

Ҳокимликнинг исмини очиқламаётганимиз ходими бу хабарни тасдиқлар экан, ўқувчилар пахта териш орқали озгина пул ишлаб олиш имконига эга бўлганини таъкидлади.

“Шу октябрнинг бошидан. Ҳамма мактаблар эмас. Фақат қишлоқ жойларидаги мактабларнинг юқори синфлари. Энди болалар ҳам пул ишлаб ота-онасига озгина ёрдам беради. Обунасининг пули бор. Китоб-дафтарига пул дегандай”, деди ҳокимлик ходими.

Озодлик мухбири суҳбатлашган Касби тумани мактаб (Озодлик болакайнинг хавфсизлиги юзасидан у ўқийдиган мактаб манзилини ошкор қилмаяпти) лардан бирининг 7-синф ўқувчисига кўра, ўқувчиларни 2-3 кунда бир марта пахтага олиб чиқишаяпти.

Озодлик: Нечинчи синфлар чиқаяпти пахтага?

- Тўққизлар.

Озодлик: Тўққизинчи синфлар қачондан буён чиқаяпти?

- Октябрдан, октябрнинг бошидан бошлаб.

Озодлик: Улар мактабга келиб ўқиб, кейин кетишадими пахтага?

- Уйидан юборади. Шундай кетади эрталаб.

Озодлик: Саккизинчи синфлар чиқмаяптими пахтага?

- Саккизлар ҳам чиқаяпти. Еттилар ҳам чиқаяпти. 2 кунда бир, 3 кунда бир бизлар ҳам чиқаяпмиз. Бир хил пайт.

Озодлик: Пахтага мактабдан олиб кетадими?

- Ҳа, мактабда ўқитади-да, кейин олиб кетади.

Озодлик: Мактабда неча соат ўқийсизлар?

- 2 соат, 3 соат ўқиймиз, деди исмини очиқламаётганимиз касбилик 7-синф ўқувчиси.

Озодлик мухбири Қашқадарё вилоят Халқ таълими бошқармаси билан боғланганида, ўзини бошқарма бошлиғи ёрдамчиси Шодиëр деб таништирган расмий мактаб ўқувчиларининг пахта теримига жалб қилинганини бутунлай инкор қилди:

- Пахтага ўқувчи чиққани йўқ. Бизлар ўқувчини чиқарганимиз йўқ. Дарсдан кейин ҳам чиқарганимиз йўқ. Қўлимизда кафолат хати бор. Умуман пахта мумкин эмас. Ёлғон хабар у. Касби туман Халқ таълими билан гаплашинг. Агар чиқарган бўлса, боши билан жавоб беради. Мумкин эмас. Таълим жараёни кетаяпти. 14 ёшгача бўлган болаларга мумкин эмас. Қишлоқ хўжалигига умуман жалб қилиш мумкин эмас. Лекин ўқитувчилар, техник ходимлар чиқаяпти. Бизларнинг қўлимизда хат турибди. Ҳар бир раҳбарнинг қўлида турибди бу хат. Кафаолат хатига ўз қўли билан имзо қўйиб берган. Халқ таълими вазирлигидан келган хат бу. Қишлоқ хўжалик ишларига жалб қилиш мумкин эмас, дейилади хатда. Ўқувчини кўча супириш, дарахтларни оқлаш ишлари ёки пахтага чиқариш¸ умуман¸ мумкин эмас, деди Қашқадарё вилоят Халқ таълими бошқармаси бошлиқ ёрдамчиси.

Кейинги икки йил давомида мажбурий болалар меҳнатини тўхтатиш борасида кучайган халқаро босимлар остида Ўзбекистон ҳукумати мактаб ўқувчиларини пахта йиғим-теримига оммавий жалб этмасликка ҳаракат қилмоқда.

Ўзбекистон ҳукумати 2011 йилда болалар мажбурий меҳнатини тугатишга қаратилган қонун қабул қилган.

Бундан ташқари, 2011-2012 йиллар давомида хусусий фермерларга болалар меҳнатидан фойдаланиш ҳам қаттиқ тақиқланди.

Айни пайтда¸ 2011-2012 йиллардаги пахта йиғим-терими мавсумида, ҳатто Тошкент шаҳридаги хусусий боғчалар, клиникалар, савдо муассасалари зиммасига ҳам пахтага теримчи йўллаш топшириғи юкланди.

БМТ қошидаги Халқаро Меҳнат ташкилоти экспертлари шу кунларда Ўзбекистон пахта далаларида терим жараëнини кузатиб¸ унда болалар меҳнатидан фойдаланиш ҳолатларини махсус ўрганишга уринмоқда.
XS
SM
MD
LG