Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 04:26

Гулнора Каримова холаваччасининг қамалганини тасдиқлади


Гулнора Каримованинг Instagramдаги хабарини синглиси Лола Каримова Тиллаеванинг ВВСга берган “ошкора” интервюсига "жавоб" сифатида қабул қилиш мумкин.
Гулнора Каримованинг Instagramдаги хабарини синглиси Лола Каримова Тиллаеванинг ВВСга берган “ошкора” интервюсига "жавоб" сифатида қабул қилиш мумкин.
Ўзбекистон президентининг қизи Гулнора Каримова холаваччаси Акбарали Абдуллаевнинг ҳибсга олинганини Instagramдаги хабари орқали тасдиқлади. Фарғона водийсидаги нефт олди-сотдисини бошқариб келган йирик тадбиркор Акбарали Абдуллаевнинг молиявий жиноятларда айбланаётгани айтилмоқда.

@realgoogoosha: Акбарали қамоқда!

Гулнора Каримова ўзининг Instagramдаги @realgoogoosha аккаунтида 16 октябрь куни эрта тонгда қолдирган қисқа хабарида холаси Тамара Собированинг 29 ёшли ўғли Акбаралининг ҳибсга олинганини тасдиқлади.

Гулнора Каримова холаваччасининг ҳибсга олинганига муносабатини билдирар экан битикларини “Оиланинг бир қисми (ота) “таъминлаш” билан¸ бошқа қисми эса уни йўқотиш ва афсунгарлар ила дўстлашиш билан овора”, деган илмоқли сўзлар билан бошлаган.

Битиклари давомида @realgoogoosha ўша - "бошқа қисм"нинг “Тошкентдаги Хлебушкина номидаги 26- болалар уйининг пештоғидаги "Бисмиллоҳу Раҳмону Раҳим" деган ёзувнинг зўрлик билан ўчириб ташлагани”га тўхталган.

Каримова хонимнинг ёзишича, бу болалар уйи ва шу каби жами 25 та объектни иниси Акбарали Абдуллаев қайта қуриб, таъмирдан чиқарган.

"Кейинчалик у ердан қимматбаҳо қандиллар “секингина олинган”, девордан фин бўёқлари ва кафеллари қиртишлаб ташланган. Бироқ у кўрсатмаларни “содиқлик” билан бажаргани учун ҳозирда қамоқда ўтирибди”, деб ёзади Каримова.

Гулнора сўзининг давомида синглиси Лола Каримова-Тиллаеванинг “томорқасига тош отади”.

“Бу объектлар барчасининг очилиш маросими “Сен ёлғиз эмассан” жамғармаси томонидан тантанали равишда ўтказилган”, дейди Каримова Instagramдаги хабарида.

Кейин эса Каримова хоним “Бу парадоксми?”, дея савол ташлаб,“Аслида шундай бўлиши керак эди”, дея ўзи жавоб беради.

Гулнора Каримованинг Instagramдаги ушбу қисқа хабарини холаваччаси Акбарали Абдуллаевнинг ҳибсга олингани тасдиғи сифатида ҳамда синглиси Лола Каримова Тиллаеванинг ВВСга берган “ошкора” интервюсига "жавоб" сифатида қабул қилиш мумкин.

"Президент қариндоши 10 октябрда ҳибсга олинди"

Бир пайтлари Фарғона водийсидаги бизнес тизимининг аксар қисмини ўз назоратига олган Акбарали Абдуллаевнинг Қувасойдаги қариндошлари ҳам унинг 10 октябрда ҳибсга олинганини Озодликнинг Фарғонадаги манбасига тасдиқлади.

Uznews.net сайтига кўра, Акбарали Абдуллаев порахўрлик, даромадни солиқдан яширганлик ва мулкни ўзлаштиришда айбланаяпти.

Акбаралининг ҳозирда Тошкентдаги ҳибсхоналардан бирида сақланаётгани айтилмоқда.

Акбарали бизнесига қарши ҳаракат бир йил аввал бошланган

Акбарали Абдуллаев назоратида экани айтиладиган Фарғона Нефтни қайта ишлаш заводида ўтган йилнинг ёзида "тозалаш ишлари" олиб борилиб, бир гуруҳ мулозимлар ҳибсга олинган эди.

Озодлик мухбири ўша пайтда бу мавзуни ўрганганида завод директори Баҳодир Тоштемировнинг ҳам ҳибсга олинганлар рўйхатида борлигини аниқлаган эди.

Мазкур заводда 30 йилдан зиёд ишлаб, ҳозирда нафақада бўлган Исмоил Маллабоев Озодликка заводнинг ўттизга яқин мулозими ҳибсга олингани ҳақида хабар берганди.

Бир йил олдинги "тозалаш" пайти мазкур завод мулозимларидан ташқари Акбарали Абдуллаев бошқарадиган гуруҳ аъзолари бўлган Содиқ ва Акбар деган ака-укалар ҳам ушланган, бироқ кейинчалик қўйиб юборилгани хабар қилинган.

"Фарғонанефть" - президент яқинлари назоратида"

Ўзбекистонда кейинги йилларда бензин таъминотида муаммолар юзага келгани маълум.

Озодлик почтасига фарғоналик бир мухлисдан келган мактубда айтилишича, мамлакатдаги бензин тақчиллиги ортида маълум "жиноий гуруҳлар" турибди.

Фарғона Нефтни қайта ишлаш заводи фаолиятини мустақил таҳлил қилган мухлисга кўра, "Фарғона нефть заводи Ўзбекистон президентига яқин бўлган шахслар назоратида бўлиб, заводда коррупция ва ўғирлик ҳолатлари кўпайган".

Хат муаллифи иддаосига кўра, Фарғона водийсидаги нефть олди-сотдиси президент Ислом Каримовнинг рафиқаси Татьяна Каримованинг жияни Акбарали Абдуллаев томонидан назорат қилиниб келган.

Президент қариндошларини ҳам “аямайди”

Акбарали Абдуллаев президент Каримовнинг ҳибсга олинган ягона қариндоши эмас.

Ислом Каримовнинг жияни 44 ёшли Жамшид Каримов 2005 йил сентябрида ҳибсга олиниб, суд қарорига кўра руҳий муолажага мажбурланган эди.

Етти йил давомида Самарқанддаги махсус руҳий шифохонада “даволанган” Жамшид Каримов ўтган йилнинг ноябр ойида озод қилинганидан буён жамоатчиликка кўриниш бергани йўқ.

Халқаро ташкилотлар Британиядаги Уруш ва тинчликни ёритиш институти билан ҳамкорлик қилиб келган журналист Жамшид Каримов танқидий мақолалари учун мана шу тарзда жазоланганини айтишган.

Ҳибсга олинишидан аввал Жамшид Каримов интернетда маҳаллий ва марказий ҳокимият идораларини танқид қилувчи қатор мақолалар эълон қилган эди.
XS
SM
MD
LG