Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 08:46

Лара Фабиан Гулнора Каримова учун қўшиқ айтмайди


Лара Фабиан Ўзбекистон режими раҳбарининг қизи учун куйламаслигини билдирди.
Лара Фабиан Ўзбекистон режими раҳбарининг қизи учун куйламаслигини билдирди.
Франциялик таниқли қўшиқчи Лара Фабиан Тошкентда ўтаётган Art Week Style.uz санъат ҳафталиги Гулнора Кармиовага алоқадор эканидан хабар топиши ортидан Ўзбекистонга бориш режаларидан воз кечди.

"Азизлар, мен ҳозиргина АСАТ ташкилоти эълон қилган пресс-релиздан 26 октябрь куни қўшиқ куйлашим керак бўлган Тошкентдаги санъат фестивали Ўзбекистон президентининг қизи томонидан ташкил қилинганидан хабар топдим. Мен дарҳол Шарқ мамлакатларидаги маъмурларимга мактуб йўллаб, бу вазиятда у ерга бора олмаслигим ва шу сабабдан сафаримни бекор қилишимни билдирдим”, дейилади Лара Фабиан ўзининг Facebook ва Twitter саҳифалари орқали эълон қилган баёнотида.

27 октябр куни Тошкентда Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова муаллифлик лойиҳаси бўлмиш Art Week Style.uz санъат ҳафталигининг ёпилиши маросими ўтказилиши, унда таниқли эстрада юлдузи Лара Фабиан чиқиш қилиши кутилаётган эди.

Чоршанба куни қароргоҳи Францияда жойлашган ACAT (Action des chrétiens pour l’abolition de la torture – “Қийноққа қарши насроний фаоллар”) ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти қўшиқчи Лара Фабианнинг Гулнора Каримова томонидан уюштирилган фестивалда иштирок этиш режаларини қоралаб чиқди.

АСАТ коммюнике тарқатиб, дунёга донғи кетган хонандани Ислом Каримовнинг “диктаторлик режимига витрина бўлиб хизмат қилмаслик”ка чақирди.

ACATнинг Осиё бўлими раҳбари Кристин Ларок Озодлик билан суҳбатда Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ҳар куни бузилаётгани ва Фабианнинг у ерга бориб диктаторнинг қизи ҳузурида қўшиқ куйлаши ана шу режим легитимлигини таъминлайди, деб айтди.

“Лара Фабиан Ўзбекистонга борар экан, режим сиёсатини ва инсон ҳуқуқларининг бузилишини де-факто қўллаган бўлади”, дея баёнот берди Кристин Ларок.

Инсон ҳуқуқлари ташкилотларининг қаттиқ танқидлари ортидан Лара Фабиан Тошкентда Гулнора Каримова тадбири доирасида концерт беришдан воз кечди.

ACAT Лара Фабианнинг қарорини олқишлади

ACATнинг Осиё бўлими раҳбари Кристин Ларок Озодлик билан суҳбатда белгиялик хонанданинг Гулнора Каримова тадбирида қатнашишдан воз кечиш қарорини олқишлади.

-ACAT қўшиқчининг бу қарорини олқишлайди. Кечаги пресс-релизимиз ортидан қўшиқчи Ўзбекистондаги қийноқлар режимидан ўзини масофалагани ва у ердаги режим учун қўшиқ куйламаслик ҳақидаги қарори тўғри қарордир ва ўзбек режимига бу тўғри муждани йўллайди, деб ишонамиз, - деди Кристин Ларок.

Айни пайтда дунёга машҳур қўшиқчи матбуотда “Лара Фабиан Ўзбекистон режимига қўшиқ куйламоқда” қабилидаги хабарлар пайдо бўлганидан ранжиганини ҳам қўшимча қилди.

“Мен бутун фаолиятим давомида ўз қарашларимдан воз кечмаганман. Мен ҳақимда инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилмайдиган режимни ёқлайди, деган фикрлар пайдо бўлганидан даҳшатга тушдим”, дея ёзди Лара Фабиан.
Қўшиқчи баёнотида шунингдек, “биринчидан, мен бундай сиёсатни ёқламайман ёки бундай ҳукуматга хизмат қилмайман, иккинчидан мен аксинча, инсон ҳуқуқлари бузилишидан азият чекаётган оддий инсонларга ўз қўшиқларим билан таскин бериш ва дилларини бироз бўлса-да хушнуд қилиш мақсадида куйлайман, шунинг учун бу тадбирда иштирок этмайман”, дейилади.

Лара Фабиан ЮНИСЕФ жамғармасининг болаларни ҳимоя қилиш бўйича фахрий раисасидир.

-Ўзбекистонда ҳар йили болалар пахта теримига жалб этилиши ҳаммага маълум. Болалар пахта теришга мажбурланаётган бир кезда ЮНИСЕФ жамғармасининг фахрий элчиси бўлган Лара Фабианнинг бу мамлакатда концерт бериши икки юзламачиликдир. Лара Фабианнинг болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида олган мажбуриятлари қаерда қолди, - дейди Кристин Ларок.

Асли белгиялик Лара Фабиан Je T'aime ("Сени севаман") қўшиғи билан ўзбекистонликларга таниш.

ACATнинг Осиё бўлими раҳбари Кристин Ларокнинг айтишича, Лара Фабиан Тошкентда Гулнора Каримова ҳузурида қўшиқ куйлаш режасидан қайтган эса-да, ноябр ойида Беларус пойтахтида президент Александр Лукашенко тарафидан уюштирилажак зиёфатда қатнашиш ниятидан воз кечгани йўқ.

Гулнора Каримова ўз базмларига жаҳон юлдузларини таклиф қилишни одат қилган.


Гулнора Каримова ўз базмларига жаҳон юлдузларини таклиф қилишни одат қилган.
Гулнора Каримова ўз базмларига жаҳон юлдузларини таклиф қилишни одат қилган.
Гулнора Каримованинг аввалги хос маъракаларини обод қилган хорижлик Стинг, Хулио Иглесиас, Монсерат Кабалье, Род Стюарт, Таркан, Хосе Каррерас каби санъат юлдузларининг Тошкентга келиши учун уларнинг ҳар бирига камида 1 миллион евродан тўлангани айтилади. Уларнинг айримлари кейинчалик халқаро майдонда қаттиқ танқидга учраганди.

Стингнинг Тошкентда, Гулнора Каримова ҳузурида қўшиқ айтгани ҳақидаги хабарлар Британия матбуотида пайдо бўлгач, у баёнот бериб, Ислом Каримов ва унинг диктатураси ҳақида, унинг биқиқ мустабидона тафаккури ҳақида гапирган эди.

Лара Фабианнинг Тошкентга келишдан воз кечгани шу кунларда шундоқ ҳам қийин аҳволда қолгани айтилаётган Гулнора Каримовага яна бир зарба бўлди, демоқда кузатувчилар.
XS
SM
MD
LG