Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 10:33

АҚШ Ғафур Раҳимовга яқин яна икки шахсга санкция қўллади


АҚШ Молия вазирлигининг уюшган халқаро гуруҳ етакчиларига қарши жорий қилган санкциялари рўйхатига Ўзбекистондаги криминал авторитет Ғафур Раҳимовнинг икки шериги қўшилди.

Раҳимов асосий ташкилотчи сифатида кўрилган жиноий “Биродарлик халқаси”га аъзоликда айбланган Ўзбекистон фуқароси Сергей Москаленко ва Исроил фуқароси Яков Рибальский АҚШ Молия вазирлигининг уюшган халқаро гуруҳ етакчиларига қарши рўйхатига киритилди.

Швейцариянинг Люцерн шаҳрида истиқомат қилувчи Ўзбекистон фуқароси Сергей Москаленко ва Исроилда истиқомат қилувчи Яков Рибальский Ғафур Раҳимов ташкил қилгани айтилган Марказий осиëдаги наркотраффикка алоқадор дея кўрилган.

АҚШ Молия вазирлигининг уюшган халқаро гуруҳ етакчиларига қарши рўйхатига кирган “Биродарлик халқаси” аъзолари шу тариқа 28 нафарга етди.

Ўтган йилнинг 23 феврал куни АҚШ Молия вазирлиги асосан постсовет ҳудуди ва Японияда фаол бўлган икки йирик халқаро жиноий тўдага қарши жиддий амалий ҳужумга ўтиб¸ бу тўдаларнинг АҚШ банкларидаги ҳисобларини музлатди ва АҚШ фуқароларининг улар билан ҳар қандай ҳамкорлигини тақиқлаган эди.

Ўтган йили тузилган бу рўйхатга Ўзбекистон фуқароси, Осиë Бокс федерациясининг ўшандаги президенти¸ Осиё Олимпия кенгаши вице-президенти, Ўзбекистондаги йирик бизнес тизимлари эгаси Ғафур Раҳимов киритилган эди.

"Постсовет фуқароларидан ташкил топган “Биродарлик халқаси” (Братва) даги белгиловчи шахс бўлган Ғафур Раҳимов ўзбек уюшган жиноят олами етакчиларидан бири ва у Марказий Осиëда наркотик моддалар ишлаб чиқариш бўйича ихтисослашган. Раҳимов дунëнинг йирик наркосиндикатларида героин контрабандаси билан боғлиқ операцияларда қатнашиб келмоқда"¸ дейилади АҚШ Молия вазирлиги ўз расмий сайтида эълон қилган ҳужжат матнида.


Ҳужжатда “Биродарлик халқаси” деб аталган мазкур гуруҳ аъзоларининг Европа, Яқин Шарқ, Африка ва Лотин Америкаси давлатларида фаолият юритиб келаëтгани айтилади.

Россиялик таниқли ашулачи Григорий Лепс (ҳақиқий исми Лепсверидзе) ҳам бу рўйхатга қўшилди.Россия матбуотига кўра¸ ашулачи Лепснинг Ғафур Раҳимов билан суҳбати Россия махсус ҳизматлари тарафидан ëзиб олинган.


Григорий Лепс.
Григорий Лепс.
Санкция жорий қилинган “Биродарлик халқаси” аъзоларининг аксари бир неча давлат фуқаролари бўлгани ҳолда¸ (Василий Христофоров (Россия), Қамчибек Колбаев (Қирғизистон), Владислав Леонтев (БАА, Греция, Гана, Венесуэла), Александр Мануйлов (Россия), Ғафур Раҳимов (Ўзбекистон), Лазар Шайбазян (Ўзбекистон), Алексей Зайцев (БАА, Гана, Россия) ҳужжатда Ғафур Раҳимовнинг икки ҳар хил ном билан олинган иккита Ўзбекистон паспортига эга экани қайд этилган.

Бу гуруҳнинг санкцияга тортилган аъзолари орасида Ғафур Раҳимовдан ташқари яна бир Ўзбекистон фуқароси - Лазар Шайбазян ҳам бор. АҚШ Молия вазирлигининг билдиришича¸ Шайбазян "Биродарлик халқаси" етакчиларидан бири Владислав Леонтевнинг яқин одами сифатида унинг номидан иш кўриб келмоқда.

АҚШ Молия вазирлиги баёнотида санкциялар жорий қилинган шахсларнинг исм-шарфлари, қайси давлат фуқароси экани, яшаш манзиллари, паспорт рақамлари ва бошқа маълумотлар ҳам келтирилган.

АҚШ Молия вазирлиги баёнотида мазкур шахсларга қарши санкция жорий қилишдан мақсад АҚШ молия тизимини ҳимоялаш, АҚШ молиявий ташкилотларини ўзи билмаган ҳолда мазкур гуруҳнинг ноқонуний фаолиятига аралашиб қолишдан ҳимоялаш экани билдирилган.

Айни пайтда, жазо чоралари тилга олинган шахсларнинг АҚШ иқтисодиётига кириб келишининг олдини олишни ҳам кўзда тутади

АҚШ санкциясига тортилган аксар жиноий тўда раҳбарлари¸ хусусан Ғафур Раҳимовнинг бу рўйхат эълон қилинган пайтда Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида яшагани айтилган эди.

Бир муддат Дубайда истиқомат қилган ўзбекистонлик тадбиркорнинг исмини айтмаслик шарти билан Озодликка маълум қилишича Ғафур Раҳимов Дубайдан Туркияга кўчиб ўтган.

- Ўзбекистон ҳукумати расмийларининг Дубай билан жиноятчиларни экстрадиция қилиш борасида келишув имзолагани бу тадбиркорларни чўчитиб қўйди¸ дейди суҳбатдош.

АҚШ вазирлиги қора рўйхатга қўшган “Биродарлар халқаси”даги криминал авторитетлардан Ғафур Раҳимовга қарши у фуқароси бўлган Ўзбекистондаги ҳуқуқ тартибот идоралари томонидан айблов қўйилгани ҳақида Озодликда маълумот бор.

Ўзбекистон жиноят оламидаги энг нуфузли авторитетлардан бири деб кўриладиган Ғафур Раҳимовга нисбатан Жиноят Кодексининг учта моддаси билан жорий йилнинг 13 феврал куни жиноят иши қўзғатилди.

Ўзбекистон давлат мукофоти лауреатини ҳибсга олиш тўғрисидаги Тошкент шаҳар ички ишлар бошқармаси буйруғи милиция ходимлари орасида тарқатилган.


Раҳимовнинг қидирувга берилгани бўйича ҳужжат
Раҳимовнинг қидирувга берилгани бўйича ҳужжат
Тошкент ИББ Жиноят қидирув ва терроризмга қарши кураш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Ойбек Турғунов имзо чеккан хабарномада айтилишича, 63 ёшли Раҳимов Ғафур-Арслонбек Аҳмедович Ўзбекистон жиноят кодексининг 165-моддаси (товламачилик), 243-моддаси (Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш), 228-моддаси (Давлат проба тамғаларини тайёрлаш ва улардан фойдаланиш қоидаларини бузиш) бўйича очилган жиноят иши доирасида қидирувга берилган.

Ғафур Раҳимов ўтган йили Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси раиси ўринбосари ва Бокс миллий уюшмаси раҳбари лавозимларидан четлатилган эди.
Озодлик манбаларига кўра, Ғафур Раҳимовнинг Ўзбекистондаги мулки, жумладан турли соҳаларни қамраб олувчи йирик бизнеси тортиб олинган.

80-йиллардан бошлаб Ўзбекистон ва Марказий Осиëдаги криминал тўдалар ичидаги нуфузини кучайтириб келгани айтиладиган Ғафур Раҳимов Тошкент ҳукумати томонидан мамлакат спорти, хусусан, боксини ривожлантиришга катта ҳисса қўшиб келаëтган йирик тадбиркор сифатида эътироф этилиб, шахсан президент Каримов томонидан олқиш ва мукофотларга соҳиб этилган.

Шу билан бирга бундан 13 йил муқаддам Сиднейдаги Олимпиада ўйинларида Осиë олимпия қўмитаси расмийси сифатида қатнашишга борган Ғафур Раҳимовни Австралия хавфсизлик идоралари “халқаро наркобарон” деган шубҳа билан мамлакат ҳудудига киритмаган ва бу воқеа халқаро майдонда шов-шувга сабаб бўлган эди.

Норасмий манбаларга кўра, президентнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова билан бизнесдаги мавқеини сақлаб қолиш учун рақобатга киришганидан сўнг Ғафур Раҳимов ҳукумат, хусусан, Ислом Каримов марҳаматидан мосуво бўлган ва 2010 йилда Ўзбекистондан чиқиб кетган.
XS
SM
MD
LG