Линклар

Шошилинч хабар
30 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:45

Чустда икки ошиқ ўзини осди


Наманган вилоятидаги Чуст туманида 18 октябр куни 21 ёшли Сардор Нуриддинов ва 17 ёшли Шамсия Расулжон қизи ўзини осди. Марҳумлар қолдирган мактубга кўра, уларга бирга бўлишга имкон беришмагани учун ҳам ўз жонларига қасд қилган.


Наманганнинг Чуст тумани “Кўприкварзик” маҳалласида истиқомат қилган 21 яшар Сардор Нуриддинов ва “Дўзанда” маҳалласида яшаган 17 яшар Шамсия Расулжон қизи 18 октябр куни Деҳқонобод қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудидаги ташландиқ гаражда ўз жонларига қасд қилди.

Бу ҳақда хабар берган Озодликнинг Чустдаги манбасига кўра, йигит билан қиз гараждаги тўсинлардан бирига ўзини осган, оёқларининг тагига эса ғишт қалаган.

Озодликнинг Наманган вилоятидаги ҳуқуқ-тартибот идораларида ишлайдиган манбаси шундай ҳодиса бўлганини тасдиқлади.

Унинг айтишича, икки марҳумнинг чўнтагидан бир хил ҳуснихатда ёзилган “биз бир-биримизни севардик. Бу дунёда бирга бўлолмадик, энди нариги дунёда бирга бўламиз, бизни кечиринг, она”, деб ёзилган мактуб топилган.

Манбага кўра, Сардор Нуриддиновнинг Россияга кетиш учун 19 октябр кунига поезд чиптаси бўлган. Сардор ишсиз бўлиб, ҳар йили Россияга мардикорликка бориб келган.

Шамсия Расулжон қизи Наманган шаҳридаги коллежлардан бирининг биринчи курс талабаси эди. Манбага кўра, Шамсия йигит яшаган қишлоқда пахта терган.

Озодликнинг Чустдаги манбасига кўра, ёшларнинг бирга бўлишларига ота-оналари қарши бўлганлиги уларнинг ўз жонларига қасд қилишларига сабаб бўлгани тахмин қилинмоқда.

Икки ошиқнинг жасади Деҳқонобод қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудидаги қабристонга ёнма-ён кўмилди.

Мазкур воқеа юзасидан Наманган вилояти прокуратураси тергов олиб бормоқда.
XS
SM
MD
LG