Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:51

Медиамагнат Фирдавс Абдуҳолиқов матбуотдан қочмоқда


Ўзбекистонда илк нодавлат телевидение ва газета очган медиамагнат Фирдавс Абдуҳолиқов матбуотчилар кўзидан ғойиб бўлди. Ўзбек тилидаги интернет нашрларида Усмон Ҳақназаровга нисбат берилиб, президент ва унинг қизлари ҳақида босилган навбатдаги мақоладан сўнг Абдуҳолиқовни қидираётганлар кўпайганини унинг яқинлари ҳам тасдиқлади.


Ўзбекистонда илк нодавлат телевидение саналган Самарқанд-ТВ телеканали ва илк нодавлат-нотижорат нашри ҳисобланган "Даракчи" газетасини очган медиамагнат Фирдавс Абдуҳолиқов бир ҳафтадирки матбуотчилар кўзидан ғойиб бўлди.

Тошкентдаги норасмий манбаларнинг ёзишича, Абдуҳолиқов ўзига қарашли Самарқанд-ТВ телеканали фаолияти тўхтатилиши ортидан Самарқанд вилоятига терговга чақирилган.

"31 куни СТВ (Самарқанд-ТВ) ўчиб қолди. Шунинг орқасидан у кишини терговга чақиришибди экан. У киши ҳозир Самарқандда очиқда туриб, терговга қатнаётган экан", деди Абдуҳолиқовни қидираётган, аммо бир неча кундирки у билан боғлана олмаётган Озодлик манбаси.

Шунингдек, медиамагнатга яқин тошкентлик журналистлардан бири ҳам уни сўнгги бор Art Week Style.uz санъат ҳафталиги очилиш маросимида кўрганини айтди.

"Шундан бери менинг ўзим ҳам у кишини тополмаяпман, тўғриси. НАЭСМИ (Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси)дагилар Самарқанда кетган, дейишяпти. Самарқанддагилар Тошкентда, дейишяпти. Хуллас, ҳозир уни сиз ҳам тополмайсиз, менимча. Просто, у киши ҳеч ким билан гаплашмоқчимас, менимча", деди Абдуҳолиқовнинг яқинларидан кўриладиган тошкентлик журналист.

Аслида Фирдавс Абдуҳолиқов ўзбекистонлик йирик медиамагнат сифатида ҳар доим матбуот диққатида турган фигуралардан биридир.

У 1992-1995 йилларда Ўзбекистонда илк нодавлат телеканал ва газета очиш билан бирга 2004 йилдан буён мамлакатдаги 60дан ортиқ ахборот воситасини бирлаштирган Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциациясига раҳбарлик қилиб келмоқда.

Бундан ташқари, кейинги йилларда у Ўзбекистон Президенти қизи Гулнора Каримова етакчилигидаги FondForum ташкилоти тадбирларида ҳам фаол иштирок этаётган амалдорлардан бири сифатида муттасил матбуот кўз ўнгида қолаётган эди.

Аммо 21 октябр куни эрталаб соат 10 да Forum TV, TV-Markaz, NTT ва SOFTS телеканаллари тўсатдан эфирдан олинди. 31 октябрь куни эса СТВ канали эфири ҳам узилди.

Бу каналлари раҳбариятига "лицензион шартларга риоя қилмагани ва қайд қилинмаган пул оқимини ташкил этгани" юзасидан айбловлар илгари сурилгани хабар қилинди.

Аввалига эфирдан олинган 4 канал Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси тармоғида бўлгани боис билвосита, ушбу ассоциация таркибида бўлган СТВ эса бевосита Фирдавс Абдуҳолиқовга қарашлидир.

Шу боис, икки ҳафта муқаддам Усмон Ҳақназаровга нисбат берилиб Ўзбекистонга оид интернет нашрларида босилган навбатдаги мақола ортидан Абдуҳолиқов фаолиятига нисбатан туғилган қизиқиш телеканаллар эфирдан олиниши билан янада ортди.

Ушбу мақолада Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов ва унинг тўнғич қизи Гулнора Каримова ўртасида низо мавжудлиги, бунинг ортидан эса ҳукумат раҳбари ғазабига гирифтор бўладиган биринчи шахс, гўёки Фирдавс Абдуҳолиқов, деган иддао илгари сурилган эди.

Озодлик мухбири Фирдавс Абдуҳолиқовдан бу воқеаларга расмий муносабат олиш истагида унинг Тошкент ва Самарқанддаги идораларига бот-бот мурожаат қилди.

Тошкентдаги идора бошлиғининг Самарқандда экани, Самарқанддагиси эса раҳбарининг Тошкентда эканини маълум қилиш билан чекланди.

Озодлик бу медиамагнатга тегишли Бўлган "Даракчи" таҳририяти билан ҳам боғланди. Аммо, Фирдавс Абдуҳолиқовнинг қаерда эканини унга қарашли газета таҳририяти ҳам ойдинлаштириб бермади.

"Даракчи" ижод уйининг исмини ошкор қилмаётганимиз раҳбарларидан бири эса Абдуҳолиқовнинг ишлари яхши экани, у ҳақида матбуотда болалаётган гапларни эса "қуруқ туҳмат" деб билишини таъкидлади.

Фирдавс Абдуҳолиқов ва унга қарашли ахборот воситалари фаолиятини кузатаётган тошкентлик мустақил журналист Абдураҳмон Ташановнинг аниқлашича, айни дамда нафақат медиамагнатнинг ўзи, балки унга тегишли телеканллар тақдири ҳам мавҳум қолмоқда.

- СТВ ва НТТ телеканлларининг ходимларига ўз ҳисобидан таътил берилган, ҳаммаси номаълум муддатга ишни тўхтатган, - деди журналист.

Қуйида журналист билан суҳбатни тўлиқ тинглашингиз мумкин.
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:44 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG