Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 04:40

Тамагирликдан безган мардикорлар Қўйлиқда милиционерларни урди


Тошкентдаги аёллар мардикор бозори
Тошкентдаги аёллар мардикор бозори
Тошкент шаҳар Қўйлиқ мавзеидаги мардикор бозорида 2 ноябрь куни милиция ходимлари ва мардикорлар ўртасида жанжал чиқди. Озодликнинг Тошкентдаги манбасига кўра, бу жанжалга прописка текширган миршабларнинг мардикорлардан мажбуран бармоқ излари олмоқчи бўлгани сабаб бўлган.

Тошкент шаҳар Қўйлиқ мавзесидаги мардикор бозорида 2 ноябрь куни эрталаб мардикорлар билан милиция ходимлари ўртасида тўқнашув содир бўлди.

Бу ҳақда Озодликка хабар берган “Ўзбекистон мардикорлар касаба уюшмаси” вакили Фахриддин Тиллаевнинг айтишича, тўқнашувга милиция ходимларининг прописка текшируви баҳонасида бозорда уюштирган рейди сабаб бўлган:

- Мен сурхондарёлик Сирожиддин деган мардикор йигит билан гаплашдим. Унинг айтишича, милиция ходимлари бозорга бостириб келиб¸ кўп кишиларнинг бармоғидан ноқонуний равишда отпечатка олишга ҳаракат қилган. Рози бўлмаганларнинг кўпини уриб, сўкиб панелнийдаги изоляторга олиб кетишган, дейди ҳуқуқ фаоли.

Фахриддин Тиллаевга кўра, айрим мардикорлар милиция қўлидан қутулиб қолиш учун, уларни уриб қочиб кетган:

- Мелисаларнинг погонларини узгани, формаларини йиртиб ташлаганини, урганини мардикор йигитлар айтиб беришди. Чунки милициянинг устма-уст текширувлари, такрор-такрор жаримага тортишлари уларнинг жонидан ўтиб кетган. Милиционерларни уриб қочиб кетишибди, деди Фахриддин Тиллаев.

Ҳуқуқ фаолига кўра, милиция ходимлари энг аввало прописка баҳонасида мардикорларни жаримага тортмоқда:

- Ўзбекистон Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги қонуннинг 194 моддаси 1,2 қисмини милиция ходимлари бизнесга айлантириб юборди. Менинг эшитишимча, шу модда бўйича мардикорни қамаган милиция ходимларига 100 минг сўм мукофот пули бериларкан, 15 суткага қаматса¸ ундан ҳам кўп пул бераркан. Судялар билан милиция келишиб, ҳеч нарсани суриштирмай мардикорларни қамоққа тиқаяпти, дейди Фахриддин Тиллаев.

“Ўзбекистон мардикорлар касаба уюшмаси” раиси Нуриддин Жуманиёзов¸ мардикорлар бугунги ўзбек жамиятининг энг ҳимоясиз қатлами бўлиб қолгани ва милиция шу ожиз қатламдан ҳам пул ундиришни одат қилганини таъкидлайди:

- Милиция Тошкентдаги мардикорларни ҳеч тинч қўймаяпти. Бунинг сабаби¸ улардан ҳам бирор нарса ундириш. Буларни гуруҳ-гуруҳ ушлаб, автобусга устма-уст тиқиб панелнийга олиб боришади. Бир-икки сўм ундирганини жавоб беради, пули йўғини эса 15 суткагача қамоққа тиқади, дейди Нуриддин Жуманиёзов.

Халқ тилида “панелний”, расмий номи эса Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармасига қарашли вақтинча сақлаш изоляторининг ўзини таништирмаган мулозими, 2 ноябрь куни бир гуруҳ мардикор пропискага туриш қоидасини бузганлиги учун бу ерга келтирилганини тасдиқлади.

Мулозимга кўра, уларга жарима солиниб, чиқариб юборилган.

Тошкентнинг Қўйлиқ мавзесидаги меҳнат биржаси яқинида жойлашган мардикор бозорига ҳар куни 1000-2000 одамнинг мардикорликка чиқиши айтилади. Бундан ташқари Тошкентнинг Феруза, Ибн Сино мавзелари, Чорсу, Ўрикзор бозорларида каттагина мардикор бозорлари амал қилади.
XS
SM
MD
LG