Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 04:34

"Нурик"нинг оиласига уйи ва ҳужжатлари қайтарилди"


Гулнора Каримовага қарашли структураларнинг ҳуфя бизнеси ҳисоб-китобини юритгани иддао қилинган "Нурик" - Нурмуҳаммад Содиқовнинг оиласига шахсини тасдиқловчи ҳужжат ва квартира қайтарилгани хабар қилинди. Ўзини "Нурик"нинг куёви, деб иддао қилган Анвар Махатовга кўра, номаълум шахслар Содиқовнинг ўзи прокуратурада ҳибсда ушлаб турилганини ҳам айтишган.


2003 йилдан то 2013 йилга қадар Гулнора Каримовага қарашли экани айтилган бизнес структуралар таркибида менежерлик қилган 40 яшар Нурмуҳаммад Содиқовнинг рафиқаси ва болаларига шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари қайтарилгани хабар қилинмоқда.

Ўзини Нурмуҳаммад Содиқовнинг куёви, деб иддао қилган Анвар Махатовнинг Озодликка айтишича, бир неча кун муқаддам "Нурик"нинг оиласига ҳужжатлар билан бирга уйи ҳам қайтариб берилган.

- Болаларнинг ҳужжатлари, синглимга ҳужжатларни ташлаб кетишган, уйини ҳам қайтариб беришган. Ҳозир учта боласи билан синглим уйига қайтди, ҳар ҳолда сарсончилик тугади. Хавфсизлигига таҳдид ҳам озайди, менимча, - деди Анвар.

Анварнинг иддао қилишича, Гулнора Каримовага оид ташкилотларда 10 йилдан ортиқ менежер бўлиб ишлаган куёви "Нурик"нинг ўзи эса айни дамда республика прокуратурасига оид ҳибсхоналардан бирида сақланмоқда.

- Менга Нурикнинг ўзи прокуратурада сақланаётганини айтишди. Нурик ҳаёт ва соғ-саломат, бунга менинг ишончим комил. Лекин манбаларимни очиқлашни истамайман, чунки уларнинг ҳаётига хавф туғилиши мумкин, - деб иддао қилди Махатов.

Россиянинг Пенза шаҳрида истиқомат қилишини айтиб, 6 ноябрь куни Озодликка боғланган Анвар Махатов куёви Нурмуҳаммад Содиқов 2013 йилнинг январь ойида президентнинг қизига хизмат қиладиган Олег ва Рафиз исмли йигитлар томонидан ўғирлаб кетилганини иддао қилган эди.

Унинг иддаосича, ўтган 11 ой давомида куёвини ўғирлаган шахслар зўравонлик ва куч қўллаш йўли билан Нурмуҳаммаднинг уйини, автомобилини ва қўлга илингулик мол-мулкини тортиб олган, аммо унинг ўзини қайтаришмаган.

Шунингдек, Анвар Махатов 11 ой давомида куёви ўзининг қийноққа солинаётгани ҳақидаги бир хатни хотинига етказганини ҳам айтган эди.

Унинг мурожаати Озодлик ва яна бир қатор Ўзбекистонга оид оммавий ахборот воситаларида эълон қилинганидан бир кун ўтиб - 7 ноябрь куни Ўзбекистон Бош прокуратураси расмий сайтида Нурмуҳаммад Содиқов иши юзасидан жиноий иш қўзғатилгани ҳақида хабар берилди.

Бош прокуратура хабарномасида “2013 йилнинг 7 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралари томонидан, 1974 йилда Тошкент шаҳрида туғилган фуқаро Содиқов Нурмуҳаммад Абдуманнопович ўғирлаб кетилгани ҳолати юзасидан ЖКнинг 137 ва 301 моддалари билан жиноят иши қўзғатилди”, дейилди.

Айни пайтда, бу ҳодиса ҳақидаги хабарга шу кунларда Twitter ижтимоий тармоғида фаол бўлган Гулнора Каримова ҳам муносабат билдириб, Нурмуҳаммад Содиқовнинг унга қарашли одамлар ўғирлагани ҳақидаги хабарни инкор қилиб, буни “орган томонидан ўзига қарши қилинган ҳаракат” дея иддао қилди.

Аслида, бу Гулнора Каримова бизнесидаги ҳисоб-китобларга масъул шахслар орасида “Нурик” лақаби билан танилган Нурмуҳаммад Содиқов исмли шахснинг бўлгани ва унинг январда ўғирлаб кетилганига оид биринчи мурожаат эмас.

2013 йилнинг 7 февралида Zamondosh сайтида Ғайрат Ўринов номи остида чиққан мақолада ҳам Содиқов билан бир вақтда ғойиб бўлгани айтилган яна бир шахс – Шуҳрат Акбаровнинг номи тилга олинган ва уларнинг Гулнорага қарашли шахслар томонидан ўғирланиб, қийноққа солингани иддао қилинган эди.

Бундан ташқари, Гулнора Каримованинг “яширин ҳисобчиси” деб таъриф берилган Нурмуҳаммад Содиқов номи Ўзбекистон ҳукумати режими ҳақида МХХдаги манбаларига таяниб, мақолалар бериб келадиган, Усмон Ҳақназаров деган исмли номаълум муаллиф чиқишларидан бирида ҳам тилга олинган.

2013 йилнинг 28 мартида эълон қилинган: “Хайр Америка ёҳуд Каримов Кремль шартларини қабул қилмоқда” деган сарлавҳали мақолада ёзилишича, Нурмуҳаммад гўёки Ўзбекистон Молия вазири Рустам Азимовнинг одами бўлгани ва ўз вақтида Ўзбекистондаги кланлар тўқнашувида ишга солинган фигуралардан бири экани айтилган.

"Ҳақназаров"нинг иддаосича, Гулнора Каримова ва Рустам Азимов ўртасида шу йилнинг апрелда низо пайдо бўлиши билан президентнинг қизи Нурмуҳаммадни ишдан бўшатган ва қисқа муддат ичида бу йигит Ўзбекистон МХХ хизмати тергов изоляторига ташланиб, Молия вазирига қарши компроматлар беришга мажбурланган.

Шунингдек, бу мақолада МХХ босими остида қийноқларга солинган Содиқовнинг МХХ Хавфсизлик хизмати бошқармаси бошлиғи Ҳаёт Шарифхўжаевга қарши компромат бергани, шундан сўнг уни шахсан президент Каримов қабул қилгани ҳам даъво қилинган.

Анвар Махатов унинг 11 ойдан бери бедарак қолаётган куёви айнан юқоридаги мақолаларда тилга олинган “Нурик” – Нурмуҳаммад Содиқов эканини тасдиқлаш учун Озодликка бир неча суратни тақдим қилган.

Бундан ташқари: "Нурмуҳаммадни Тошкентда Гулнора Каримовага қарашли исталган идорага боғланиб, аниқлашингиз мумкин. Шундай одам бор ва у менинг куёвим", деб даъво қилган Анвар Махатов.

Аммо Озодлик Махатовнинг бу даъвосини бошқа манбалар орқали тасдиқлашга ҳозирча муваффақ бўлгани йўқ.

Лекин, Махатов иддаосининг айнан шу кунларда — Гулнора Каримовага қарашли бизнес империя қулаб, президент қизининг ўзи эса Twitter орқали Ўзбекистон МХХсига қарши компроматлар сиздириш билан овора бўлиб турган вақтда янграгани диққатга сазовордир.

“Балки сиз Гулнорага қарши сиздирилаётган навбатдаги компромат воситаси бўлаётгандирсиз?” дейилган саволга жавобан Анвар Махатов аниқ-тиниқ қилиб шундай жавоб берди:

- Нимага айнан ҳозир? Чунки, кейинги кунларда Гулнора Каримованинг телевидениелари ёпилиб, ўзи қисувга олинаётгани ҳақидаги хабарларни сайтларда ўқиб ўтириб, мурожаат қилишга қарор қилдим. Зора, бу мурожаатимиз кимнидир қизиқтириб қолар ва шу баҳонада бу жиноий гуруҳни жавобгарликка тортиб, адолатга эришармиз, - деди Анвар Махатов.
XS
SM
MD
LG