Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 08:40

UzTVда ота-онага ҳурмат тарғиботи бошланди


Тошкент шаҳар бош имоми Анвар қори Турсуновнинг муаллифлик кўрсатуви бўлмиш "Ҳидоят сари"дан лавҳа (тв-скриншот).
Тошкент шаҳар бош имоми Анвар қори Турсуновнинг муаллифлик кўрсатуви бўлмиш "Ҳидоят сари"дан лавҳа (тв-скриншот).
"Ўзбекистон" давлат телеканалида душанба куни намойиш этилган “Ҳидоят сари” диний-маърифий кўрсатувида диний уламолар аҳолини Интернет тармоғида тарқалган “бўҳтон ва туҳматга асосланган ахборот”га берилмасликка чақиришди.

20 дақиқали кўрсатувда дин пешволари ота-оналарга қарши чиқиш Исломда катта гуноҳ эканини қайта-қайта таъкидлашди.

Кўрсатувдаги асосий воиз - Тошкент шаҳри бош имоми Анвар қори Турсунов ҳар қандай жойдан туриб текширилмаган, ёлғон маълумотни тарқатиш гуноҳи азим экани ва бундай нотўғри ахборот жамиятда нобарқарорликларни келтириб чиқариши мумкинлигидан огоҳлантирди.

"Фарзандларимизга ҳам, келинларимизга ҳам, куёвларимизга ҳам ширин сўз айтайлик. Озгина айби бўлса дарров ёмон сўзлар билан, ҳақоратлар билан уларга озор бермайлик. Ширин насиҳат қилиб, айбларини гўзал ислоҳ қилиб, чиройли қилиб айтиб қўйсак, улар айбларини тўғирлайдилар. Энг катта гуноҳ ёмон сўзларни, бўхтон сўзларни тарқатиш. Тил офати туфайли текширилмаган, беҳуда сўзларни тарқатиб, жамиятда нотинчликни, барқарорликни кеткизадиган ёмон сўзларни айтишлик, энг катта гуноҳ", - деб таъкидлайди кўрсатув муаллифи Анвар қори Турсунов.

Айни пайтда бу ерда қандай ахборот назарда тутилаётгани тўғрисида кўрсатувда конкрет гап айтилмади.

Мазкур кўрсатув Ўзбекистон президенти тўнғич қизи Гулнора Каримованинг ижтимоий тармоқларда онасига қарши турли айбловларга тўла чиқишлари ортидан эфирга берилмоқда.

Аммо "Ҳидоят сари" кўрсатувида бунга очиқ ишора қилинмагани учун қатъий қилиб: "Бу насиҳатлар Гулнора Каримовага йўналтирилган", дейиш ўринли эмас.

"Ўзбекистон" телевидениесининг исми сир қолишини истаган журналистларидан бири Озодлик билан суҳбатда кўрсатувда айтилган гаплар Гулнора Каримовага боғлиқ эмаслигини айтди.

Ўтган ҳафтада Гулнора Каримова Твиттер микроблогидаги ўз саҳифасида онаси Татьяна Каримовани "пулга сиғиниш"да айблаган эди.

"Оиламизда пулга сиғиниш ҳеч кимда бўлмаган. Кейинчалик у онамда пайдо бўлди”, деб ёзган эди @GulnaraKarimova.

Мол-дунёга ружуъ қўйиш тўғрисидаги гаплар айнан онасига қаратилганини иккита твити орқали таъкидлаган Гулнора “отаси онасини ҳеч қачон севмагани”ни ҳам урғулайди.

“Бошқаларга муҳаббат бера олмаслиги жаҳлни чиқарадими? Йўқ! Унга ачинаман! У севиш нима эканини билмайди-ку! Афтидан, уни ҳеч қачон ҳеч кимни севмаган!”, дея ёзганди Каримова.

У, шунингдек, онасини жодугарликда ҳам айблаган. Ҳозирда Гулнора Каримованинг Твиттер тармоғидаги микроблоги ўчириб қўйилган.

Швецияда яшаётган ўзбекистонлик имом Муҳаммадсолиҳ Абутов Каримованинг Твиттердаги чиқишларига шундай муносабат билдиради.

-Биз Гулнорага нисбатан оддий бир онасига қарши чиқаётган қиз сифатида қарамаймиз. Гулнора Ўзбекистон сиёсий элитасида ўрни бор, амбицияси бор шахс. Унинг онасига қарши сиёсий қаршилиги бўлиши диний нуқтаи назардан болани отасига қарши чиқмаслиги керак қабилидаги маърузалар сирасига кирмайди. Тарихдан маълум Мирзо Улуғбекни ўғли ҳам отасига қарши чиққан. Бунга бошқа мисоллар ҳам кўп, - дейди Абутов.

Муҳаммадсолиҳ Абутов Ўзбекистонда ким бўхтон ахборот тарқатаётгани борасида Анвар қори Турсунов билан бахс қилиш истаги борлигини айтади.

-Мен Озодлик воситасида Анвар Турсунни бахс майдонига таклиф қилар эдим. Шу одам Ўзбекистон ҳукуматини ишлари шариатга тўғри келишини исбот қилиб берсалар яҳши бўлар эди, - дейди Швецияда бошпана топган имом Муҳаммадсолиҳ Абутов.
XS
SM
MD
LG